Ўзбекистон – сайёҳлар нигоҳида

Бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлган туризмни ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлар туфайли тарихий шаҳарларимиз янада чирой очиб, кўҳна обидалар обод бўлмоқда, янги томошабоп объектлар бўнёд этилмоқда.

Айниқса, юртимизга туристик ва ишбилармонлик мақсадида келувчилар учун қатор имконият ва имтиёзлар берилди. Бу эса туристлар сонининг кескин ортишига сабаб бўлди.

Ана шундай ташрифлардан бири журналистика йўналишида таҳсил оладиган бир гуруҳ хорижлик талабаларнинг саёҳатлари бўлди. Уларнинг Бухоро – Самарқанд – Тошкент йўналишида амалга оширган сафари, Ўзбекистонда кўрган-кечирганлари, миллий маданиятимиз, қадриятларимиз, умуман, юртимизнинг бугунги куни тўғрисидаги таассуротларини билишга қизиқдик:

 

Дмитрий Неагу (Молдова),

Анталиядаги Акдениз университети докторанти:

Мен бакалаврлик ихтисослигим бўйича геологман. Ўзбекистон ҳақида ўқиганларим асосида бу ерда қадимий тарих сақлаб қолингани ҳақида тасаввурим бор эди, аммо энди ўз кўзларим билан Бухорода IX-X асрлардан, Самарқандда XIV-XV аср акс-садо бериб турган иншоотларни кўриб, ҳайратим ошди. Юртингиз маданиятига хос баъзи жиҳатлар Молдовадаги Гагаузия Автоном Республикасида яшовчи туркий миллатлар қаторига кирувчи гагаузлар турмуш тарзига ўхшар экан.

Бухорода бўлганимизда, бекатда турган француз сайёҳига кўзим тушди. У Лаби Ҳовуздан Самарқандгача қандай етиб олишни 2 нафар бухоролик йигитлардан сўраётганди. Француз сайёҳи рус ё ўзбек тилини билмайди, бояги йигитлар меҳмон сўзлашадиган лисондан хабари йўқ. Мен ҳам француз тилини билмасамда, инглиз тилида унга Бухоро шаҳридан темирйўл, автобус ёки самолёт билан Самарқандга бориш мумкинлигини тушунтирдим.

Бу кичик ҳикоядан келиб чиқиб шуни айтмоқчиманки, Анталияда ва шунга ўхшаш курорт шаҳарларда туристларга бир тур давомида комплекс дастур таклиф этилади ва унга умумий харажат ставкаси белгиланади: транспорт, овқатланиш, сув ҳавзалари, тарихий объектларга ташриф, гид хизмати ва ҳ. к. Ўзбекистонда шу жиҳатдан бироз оқсаш бор экан: ҳар бир обидага борганда биз алоҳида пул тўладик, у ердаги қўшимча хизматларга ҳам бошқа тўловлар амалга оширилди. Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарлардаги тарихий обидалар вакиллари ўзаро келишиб, маҳаллий ва хорижий шахслар учун битта тўлов тизимини жорий этса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Масалан, бизда бу бир марталик махсус карточкалар кўринишида татбиқ этилган.

Яна ўқинг:  Тиббиёт ва ижод муштараклиги

Сайёҳ бирор мамлакатдан кетаётганида кўнглида “пулимни шилиб олишди” деган шубҳа бўлмаслиги керак. Чунки ҳар қандай давлатда ҳам сайёҳни кўрди дегунча, уни бу мамлакатнинг шарт-шароитидан бехабарлиги, ёнида маълум маблағи бўлиши ва шунга ўхшаш важлардан келиб чиқиб, товарларнинг нархини асоссиз оширишга ҳаракат қилишади. Бу каби ҳолат бизнинг саёҳатимиз давомида ҳам учради. Бунинг олдини олиш учун кичик буклет кўринишида сайёҳлар сотиб олиши мумкин бўлган товар ва маҳсулотларнинг ўртача нархини ишлаб чиқиш ва тарқатиш керак. Шунингдек, йўналиш хариталари сайёҳлар учун бепул тарқатилиши ўринли, деб ўйлайман.

 

Шакир Али Муҳаммад Муафа (Яман),

Конья шаҳридаги Селчук университети 4-босқич талабаси:

Биз мактабда ўқиган пайтларимиздаёқ, Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, ал-Мотурудий ва бошқа диний уламолар ва уларнинг яратган буюк мероси ҳақида ўқиганмиз. Бу алломаларнинг барчаси Ўзбекистонда яшаб ўтгани туфайли бу мамлакатга келиш орзуим эди. Сафаримиздан олдин интернет тармоғидаги турли саҳифалардан юртингиздаги тарихий обидаларнинг суратлари, видеоларини томоша қилиб, уларнинг бетакрор архитектурасидан ҳайратлангандим. Келиб кўрдимки, бу ердаги барча тархий бинолар ҳақиқатда ақлни шоширадиган даражада ҳайбатли экан. Мен Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги саҳобаларнинг мақбаралари ҳам бу даражада маҳобатли ва обод эмаслигини ўрни келганда таъкидламоқчиман.

 

 

 

Лабиб Файсал

Хан (Бангладеш),

Конья шаҳридаги Селчук университети 2-босқич талабаси:

– Мамлакатингизда тарихий обидалар кенг майдонларда қурилганига гувоҳ бўлдим. Менимча, Ўзбекистондаги обидаларда ишлатилган, умуман ўзбекча орнаментлардан фойдаланган ҳолда заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва уларни жаҳонга танитиш орқали туризмни янада ривожлантириш мумкин. Бунинг учун сизларда барча имконият ва шароит мавжуд.

Яна бир гап. Юртингиздаги айрим автотураргоҳларда ноқулайликларга дуч келдим. Турзимни ривожлантириш учун бу хизматларни замонавий талаблар асосида ташкил қилиш керак, деб ўйлайман.

 

Анна-Мария Панку (Молдова),

Кайсери шаҳридаги Эржиес университети магистранти:

Ўзбекистон ҳақида Ғарбий Европада яхшигина тарғибот бор шекилли, саёҳат давомида Германия, Франция каби мамлакатлардан келган инсонларни кўп учратдим. Аммо ўзим ҳам Шарқий Европа давлати вакили сифатида айтишим мумкинки, биз томонларда полякларга, венгрларга (ваҳоланки уларнинг ўзбек заминига тарихан боғлиқлик томони бор), словакларга, болгарларга Ўзбекистон ҳақида маълумот берилмайди ёки унинг туризмга лойиқ манзиллари тарғиб қилинмайди. Менимча, айнан шу ҳудудларда ҳам Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тарғиб қилинса, нур устига аъло нур бўларди. Масалан, менинг отам ҳам Собиқ Иттифоқ пайтида геолог сифатида Ватанингизга келган. Биринчи марта мазкур лойиҳа ҳақида эшитганимда отам борган юртга саёҳат қилиш иштиёқи уйғонди.

Яна ўқинг:  “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди

 

Эльмаза Сабанович (Сербия),

Мармара университети 3-босқич талабаси:

Европадан келган сайёҳ Ўзбекистонда ҳеч бўлмаса рус тилини билмаса қийналар экан. Тарихий объектларни томоша қилиш мароқли, аммо сайёҳ учун бу етарли эмас. Чет элликларни қизиқтириш учун турли қизиқарли ва кўнгилочар тадбирларни ташкил қилиш керак. Масалан, Истанбулдаги Дўлма Бахче саройида мактублар ёзилади. Бу Отатурк яшаган ва вафот этган сарой бўлиб, туристлар томонидан “Агар Отатурк тирик бўлганида қандай тилак ва истакларингиз бўлган бўларди?” қабилидаги мактублар битилади. Сўнг уларнинг ичидан энг яхшилари танланиб, сайтга қўйилади. Бу орқали зиёратчиларнинг вақти янада қизиқарли ва мазмунли ўтади.

 

Жорий йилда Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Исроил ва Япония фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз ташриф тартиби жорий этилди. 39 та мамлакат фуқароси учун визалар расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ва унинг муддати 2 иш кунигача қисқартирилди.

 

Дилноза УМАРОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: