Болага пойабзал сотиб олишда…

Инсон оёқлари мураккаб анатомик тузилишга эга. Унинг бир панжаси 26 та суяк ва кўплаб бўғимлардан таркиб топган. Нотўғри танланган пойабзал ана шу суяк ва бўғимларнинг деформацияланишига олиб келади. Хўш, янги ўқув йили арафасида оёқ кийим сотиб олаётган ўқувчи ва талабалар, уларнинг ота-оналари қандай тавсияларга амал қилишлари керак?

Аслида пойабзал танлаш – нозик ва ўта масъулиятли жараён. Масалан, пошнасиз, яъни текис тагликли оёқ кийимлардан узоқ вақт фойдаланиш яссиоёқлик, плантар фасциитни келтириб чиқариши мумкин.
Баланд пошнали пойабзал ҳам мақбул танлов эмас. Уни кийгач, тана вазни оёқ юзасига нотекис тақсимланади. Оқибатда оғирлик маркази олдинга силжиб, бундай юк учун мўлжалланмаган метатарсал суяклар ва ўша қисмдаги бўғимлар зарарланади.


Бу ҳолат майда ёриқлар пайдо бўлиши, бўғимлар яллиғланиши ҳамда нерв томирларининг сиқилишига олиб келади. Бундан ташқари, яссиоёқлик ва бармоқлар деформацияси шаклланади.
«Вақт ўтгач кенгаяди», деган фикрда тор пойабзал кийиш ҳам саломатлик учун зиён. Оёқларда қон айланиши бузилади. Тирноқлар ингичка ва мўрт бўлиб тери ичига ўсади. Бу эса замбуруғли касаллик­лар учун қулай «нишон». Ўз нав­батида, оёқ ичида «ўйнаб қоладиган» кенг пойабзаллар ҳам зарарли.
Сунъий чарм ва матодан ишланган оёқ кийимлар эса намлик ва иссиқлик алмашинувини издан чиқариб, аллергик реакцияларни пайдо қилиши эҳтимоли катта.

Қаттиқ тагликка эга пойабзаллар амортизация хусусиятига эга эмас. Оқибатда умуртқа поғонаси зўриқиб, интервертебрал диск­ларнинг патологияси, радикулит касаллиги ривожланиши хавфи ошади.
Юпқа тагликли пойабзаллардан узоқ муддат фойдаланиш ҳам оёқлар яссилиги, товонлар ёрилиши, бел чурраси ва артрозга олиб келиши мумкин.
Оёқ кийим тагликлари бирмунча юмшоқ ва эгилувчан бўлгани дуруст. Бу маҳсулот сифатли эканлигини ҳам англатади. Муҳими, оёқни толиқтирмайди ва зўриқтирмайди.

Эрталаб – янги пойабзал сотиб олиш учун мақбул пайт эмас. Чунки кун давомида ҳаракатлангач, кечга бориб оёқлар бироз шишади. Натижада танланган туфли, ботинка, этик ёки кроссовка оёғингизни сиқиши мумкин.
Агар боланинг оёқ тузилишида муаммолар (яссиоёқлик, маймоқлик) бўлса, шифокор маслаҳатига кўра махсус ортопедик пойабзаллар ёки тагликлар танланиши мақсадга мувофиқ.

Шавкат РАВШАНОВ,
Республика ихтисослаштирилган травматология ва

ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази

Яна ўқинг:  Бахтиёрлик – соғлиқ гарови

Қўл-оёқ хирургияси бўлими илмий раҳбари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: