Соғлом ва баркамол улғаяётган болалар

Фарзанд – ҳаёт гултожи. У ҳар бир ота-онанинг умид юлдузи. Хоҳ қиз, хоҳ ўғил бўлсин, дилбандларимиз билан бағримиз бутун. Болалар кулгуси янграган ҳар бир гўша эзгулик ва беғуборлик қўрғонидир. Тинч ва обод юртимиз бағрида яйраб улғаяётган фарзандларимиз билан ҳар бир хонадон янада файзли, янада кўркам.

Юртбошимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.

Соғлом ва баркамол авлодни камолга етказишда таълим ва тарбиянинг бошланғич тизими мактабгача таълим муассасаларининг ўрни беқиёс.

Маълумки, мактабгача таълим муассасаларини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 25 октябрдаги 225-сонли “Мактабгача таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, “Ўзбекистон Республикаси давлат мактабгача таълим муассасалари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида” ва “Қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисида”ги низомлар қабул қилингани мавжуд мактабгача таълим муассасалари (МТМ) фаолиятини тартибга солишда асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мактабгача таълим муассасаси ёшидаги бола организми тез ўзгаради. Бу вақт мобайнида у кўпроқ организм учун зарур бўлган витамин ва минераллар билан тўйинтирилган, сифатли ва юқори калорияли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши зарур. Боланинг жисман улғайиш жараёнини инобатга олган ҳолда унинг бир кеча-кундузлик овқат меъёрлари тартиби қатъий белгиланган. Бу тартибга асосан кунига ўртача ўн соат давомида МТМда бўлиши кўзда тутилган болалар уч маҳал овқатланади. Боланинг ўн соат давомидаги кундалик истеъмол маҳсулотлар калорияси нонуштага 25 фоиз, тушликда 35 фоиз, иккинчи нонуштада 15 фоиз қилиб белгиланган.

МТМ таомномасига киритилган 24 хил маҳсулотларга буғдой унидан тайёрланган нон, буғдой уни, ёрмалар, макарон, мой, дон маҳсулотлари, шакар, сарёғ, ўсимлик ёғи, сут, қатиқ(йогурт), творог, пишлоқ, гўшт(парранда гўшти), колбаса маҳсулотлари, балиқ, тухум, картошка, сабзавотлар, мевалар(шарбатлар) чой, какао, йодланган туз, хамиртуруш кабиларни киритиш мумкин. Улар бола таомномасида мавжуд.

Шунга кўра 9-10,5 соатлик МТМда ясли гуруҳ тарбияланувчилари бир кунда ўртача 1,317 ккал, катта гуруҳ тарбияланувчилари бир кунда ўртача 1.652,4 ккал таом истеъмол қилишлари керак. Юқоридаги МТМ таомномасига киритилган маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан ишлаб чиқилган меъёрдир.

“Юз марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал”, – деганларидек кичкинтойлар учун яратилган мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларига йўл олдик. Дастлаб Олмазор туманидаги 423-”Орзу” номли мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишдек. Маскандаги мавжуд 12 та гуруҳда 330 нафарга яқин болажонлар тарбияланмоқда.

Яна ўқинг:  Yangi darsliklar taqdimoti o‘tkazildi

…Соат миллари 11 яримни кўрсатиб турибди. Демак, яна ярим соатдан сўнг болажонларга тушлик тортилади.

Услубчи Гулжаҳон Қорахонова ва МТМ психологи Дурдона Саидова ҳамроҳлигида маскан ошхонаси томон йўл олдик. Ошхонадаги мавжуд гигиеник шароитлар билан танишдик. Овқат пишириш учун ажратилган махсус идишлар, нон тўғраш столи, маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган музлатгичларни бирма-бир кўздан кечирар эканмиз, уларнинг талаб даражасида эканига амин бўлдик. Бош ошпаз Маъмура Шораҳимова кичкинтойларнинг кунлик таомномаси билан таништирди. Ушбу таомнома бўйича эрталаб болажонларга ширгуруч, сариёғли нон, ширин чой улашилган экан. Тушлик учун биринчи таом сули ёрмасидан тайёрланган шўрва, иккинчи таом хоним, сабзавотли салат ва олмали компотдан иборат бўлиб, улар кичкинтойларнинг танаввули учун тайёрлаб қўйилган экан. Ушбу таомлар таомномадаги меъёрий ўлчамларга мос келади.

Ошхонадан чиқиб 10-тайёрлов гуруҳига кирдик. Тарбиячи Лобар Аҳмедова, ёрдамчи тарбиячи Муқаддас Туропованинг болажонларни ўз фарзандлари сингари тарбиялашга интилаётгани бизни қувонтирди. Столга тортилган тушликни мазза қилиб тановул қилаётган тарбияланувчиларни кузатиб, уларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.

– Биз ҳар куни ширин овқатлар еймиз. Менга палов, сабзавотли димлама жуда ёқади, – дейди 5 ёшли Аъзамжон.

– Боғчамизни яхши кўраман, гул қоғоздан уйча, пластилиндан қуёнча, мушукча ясадик, – дея суҳбатимизга қўшилади жажжигина Лазиза.

– Хадича, Аъзам, Робия билан биргаликда телевидениега борамиз. Биз “Болажон” кўрсатуви дастурларида қатнашамиз, – дея ўз фикрлари билан ўртоқлашган Аъзамхўжанинг сўзамоллигидан шодланасиз…

Мактабгача таълим муассасаси бош ҳамшираси Ольга Онацкая билан гуруҳларни айланиб, бу ердаги гигиеник шароитлар билан танишдик. Кичкинтойларнинг кийим жавонлари, ювиниш хонаси озода. Ҳар бир бола учун алоҳида сочиқ ва совун солинган идишлар қўйилган. Хоналар турли кўргазмали воситалар билан безатилган.

Фарзандлари тарбияланаётган маскан жамоасининг олиб бораётган фаолиятидан мамнун бўлаётган ота-оналарнинг ҳам сўзларини тинглаб қувондик.

Олмазор тумани ортда қолиб, Чилонзор туманида жойлашган 285-”Табассум” номли мактабгача таълим муассасига бордик. 250 ўринга мўлжалланган мазкур МТМга Ленура Елина раҳбарлик қилади. Маскан ошхонасини кўздан кечириб, бош ошпаз Наила Закирова қўлимизга тутқазган таомнома билан танишамиз. Берган саволларимизга ҳамшира Санобар Раҳмонова билан биргаликда жавоб бераётган бош ошпаздан қуйидагиларни билиб олдик. Омбордаги мавжуд маҳсулотлар ҳисобига кунлик таомномага асосан хилма-хил таомлар тайёрланади. Кичик гуруҳ ва катта гуруҳ учун бериладиган овқатлар миқдори таомномада кўрсатилган. Унга кўра 3 ёшгача кичик гуруҳдаги ҳар бир бола учун бир кунлик шакар миқдори 35 грамм, катта гуруҳдагилар учун 45 граммни ташкил этиб, ширин чой ва мева шарбатига солинади. Бир кунлик гўшт истеъмол қилиш миқдори кичик гуруҳларга 60 грамм, катта гуруҳларга 100 граммдан иборат.

Яна ўқинг:  Ифтихор ҳисси

Бугунги тушлик пайтида болажонларга берилган биринчи таом шўрва, иккинчи таом эса сабзавотли ва гўштли дўлма таоми бўлиб улардаги маҳсулотлар таомнома ўлчамларига мос келади. Мактабгача таълим муассасаси омборхонасидаги маҳсулотлар сақланадиган идишлар санитария-гигиена талабларига мос ҳолда тозаланган. Ушбу масканда яратилган шароитлар билан танишиб бўлгач, тумандаги 267-”Капалак” номли мактабгача таълим муассасасини кўздан кечирдик. Ҳамма ёқ саранжом-саришта, иситиш тизими тўлиқ таъмирдан чиқарилган.

2006 йилдан буён масканга раҳбарлик қилаётган Малика Исроилованинг талабчанлиги, изланувчан ва фидойилиги боис яратилган шароитлардан унумли фойдаланаётган тарбиячилар кўмагида кичкинтойлар кўплаб ютуқларни қўлга киритмоқда. “Соғломжон-полвонжон” спорт мусобақасининг туман босқичида иккинчи ўринни эгаллаган спортсевар болажонлар яна янги мусобақаларга тайёрланаётир.

Шахмат-шашка, расм, мусиқа тўгараклари болажонлар ихтиёрида. Малика опа билан гуруҳларни айланиб, ҳар бир гуруҳдаги кичкинтойларнинг ётоқхонасини, гигиена хоналари (ювиниш ва ҳожатхона)ни кўздан кечирдик. Юмшоқ ўринли кроватлар бир текисда қўйилган. Гигиена хоналарида болажонларнинг ҳар бири учун алоҳида сочиқ ва совун ажратилган. Гуруҳларда болаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, нутқини ривожлантириш учун ранг-баранг кўргазмали воситалар мавжуд. Турли-туман ўйинчоқлар билан вақтини мазмунли ўтказаётган кичкинтойларнинг юзу кўзидаги табассумни кўриб, ушбу муассасада меҳнат қилаётган ширинсўз тарбиячиларнинг ўз касбига сидқидилдан ёндашаётганининг гувоҳи бўлдик.

Мактабгача таълим муассасасидаги ошхона, маҳсулотлар сақланадиган омборхонани кўздан кечирдик. Ҳар бир маҳсулот учун алоҳида-алоҳида қопқоқли идишлар мавжуд бўлиб, сақланиш тартиби ва маҳсулотлар сифати рисоладагидек. Бош ошпаз Дилноза Адиловадан кунлик таомномани олиб тайёрланган тушлик билан солиштирамиз: нўхатли шўрва ҳамда димлама таркибидаги маҳсулотлар ўлчами таомнома ўлчамига тўғри келади. Мева шарбати кичкинтойларга хуш ёқади.

– Ўрта гуруҳларда болажонлар тарбиячилар ёрдамида, катта гуруҳларда эса ҳар куни икки нафар бола нонушта дастурхонини тайёрлашда навбатчи бўлади. Бунда тарбияланувчиларнинг меҳнатга бўлган иштиёқи шаклланади, – дейди тарбиячи Хафиза Собирова.

Маълумки, МТМда боланинг нафақат ақли, салоҳияти ривожланади, балки илк ҳаётий кўникмалари ҳам шу масканда шаклланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, беш ёшгача бўлган бола дунё ҳақидаги асосий маълумотларнинг 80-85 фоизини ўзлаштириб бўлар экан. Шуни инобатга олган ҳолда МТМ ходимлари зиммасига катта масъулият юкланади.

Бу борада Шайхонтоҳур туманида жойлашган 448-сонли МТМ мудираси Шоҳиста Қудратуллаева шундай дейди.

Яна ўқинг:  Tafakkur sandig`i (2013-31)

– МТМда олиб борилаётган ишлар ва яратилган шароитлар барчаси болажонларнинг соғлом улғайиши учундир. Жумладан, бизнинг муассасамизда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ошхонамиз озодалиги, ошпазларимизнинг малакаси биринчи масала бўлса, болажонларимизни дастурхон атрофида ўзини одобли тутишга ҳамда уларда эстетик дидни шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тарбиячиларимиз эса ишлатиладиган идиш-товоқлар, дастурхон ва сочиқларнинг озодалигидан тортиб, бола қошиқ ва санчқилардан қандай фойдаланишини ўз назоратига олади.

Болаларнинг тўғри овқатланиши уларнинг соғлом ва баркамол вояга етишига замин яратади. Бу борада Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 46-сонли МТМда таомномани ташкил этишда кўп йиллик тажрибага эга бўлган мудира Дурдона Собирова билан суҳбатлашдик:

– Муассасага келтирилаётган маҳсулотнинг сифатига алоҳида эътибор қаратамиз, бу борада омбор мудираси Мастура Кенжаева ўта талабчан.

Кундалик таомнома рўйхати болаларнинг организмини инобатга олган ҳолда тузилади. Бу борада муассаса ҳамшираси доимий назорат олиб боради. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қиш кунларида болаларнинг организмида витаминга бўлган эҳтиёжнинг ортишини инобатга олган ҳолда бизнинг муассасамизда ҳафтада икки маротаба қовоқли таомлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Айрим болалар қовоқдан тайёрланган таомларни унча хуш кўрмайди. Аммо, қўли ширин бош ошпаз Лола Ҳакимованинг қовоқдан тайёрлаган турли хил таомлари мазали бўлиб, кичкинтойларга манзур бўлади.

МТМларда ташкил этилаётган таомномалар рўйхати ота-оналарни қизиқтириши табиий. Ҳар бир ота-она фарзандининг МТМдаги тарбия жараёни ҳамда таомномасининг таркиби билан қизиқиб, уни бевосита назорат қилишга ҳақлидир. Шу боис Зангиота туманидаги 46-МТМда узоқ йиллардан бери тарбиячи бўлиб фаолият олиб бораётган Замира Холдорова бу борада муассасада ҳар куни “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилиши, ота-оналар истаган вақтда ўз фарзандидан хабар олиш имконига эга эканлигини, бу эса ота-она ва муассаса ўртасидаги ҳамкорлик ва ишонч янада мустаҳкамаланиб боришига замин яратиши ҳақида фикр билдирди.

Мактабгача таълим муассасаларига ташрифимиз давомида кичкинтойлар билан мулоқотга киришиб, уларнинг қанчалик фикри тиниқлигини кўриб қалбимиз қувончга тўлди. Шу ўринда ота-оналарга мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган фарзандларингизнинг кунлик таомномасидан бохабар бўлиб, мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб боришингиз фойдадан ҳоли эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Юртимизда 2014 йилнинг Соғлом бола йили деб номланиши ҳам ўсиб келаётган ёш авлодга нисбатан давлат миқёсидаги доимий эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Жамила ҲАЙДАРОВА,

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбирлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: