Гижжадан йироқ бўлай десангиз…

Гижжа инсоннинг энг ашаддий душмани ҳисобланади. Уларнинг 200 дан ортиқ турлари бўлиб, аксарияти одамнинг ошқозон-ичак йўлида паразитлик қилади.

Ошқозон-ичак йўлида паразитлик қилувчи гижжаларнинг узунлиги турига қараб 6 мм. дан 4-6 метр, ҳатто ундан ҳам узун бўлиши мумкин. Гижжаларнинг баъзи турлари эса жигар, ўт қопи, ўпка, мия ёки мушак тўқималарида паразитлик қилиб яшайди, улар йиллар давомида катталашиб, аъзо ва тўқималарнинг фаолияти бузилишига олиб келади. Гижжалар организм учун зарур бўлган витамин, оқсил, кальций, углевод ҳамда йод каби бошқа керакли элементларни ўзлаштиради. Шунинг учун бу касалликка чалинган одам қувватсиз, рангсиз бўлиб қолади. Организм ўсиши ва ривожланиши учун зарур озиқ моддалар, элементларнинг етишмаслиги оқибатида болалар жисмоний ўсишдан орқада қолади. Ақлий ривожланиши сусаяди. Интеллектуал ўзлаштириш, эслаб қолиш қийинлашади. Организм­нинг касалликларга қарши курашувчанлиги (иммунитети) пасайиб, ҳар хил турдаги юқумли касалликларга чалиниш мойиллиги ортади. Суяклар мўртлашиб, умуртқа поғонаси қийшайиши, шунинг­дек, терида оқ доғлар пайдо бўлиши каби ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Гижжалар тирик организмлардир. Ҳаё­ти давомида ажратадиган чиқиндилари ва уларнинг ўлими натижасида ҳосил бўладиган қолдиқ маҳсулотлар қонга сўрилиб, бир томондан одам организмини заҳарласа, иккинчи томондан аллергик таъсир кўрсатади.
Гижжалар турига қараб организмда бир неча ҳафтадан 40 йилгача, баъзида эса ундан ҳам узоқ яшаши мумкин.

Агар бола:
– овқатланишидан қатьий назар, озиб кетса;
– ранглари оқариб, нимжон бўлиб қолса;
– асабийлашадиган бўлиб қолса, инжиқлашса;
– ухлаганда тишларини ғижирлатса ва оғзидан кўп сўлак оқса;
– қорни оғриса, кўнгли айниса, зудлик билан врачга мурожаат этиш зарур.

Касалликдан соғайиш учун, албатта кайси гижжа касаллигини юқтирганлигини аниқлаш ҳамда даволанишни тўғри ташкил этиш жуда муҳимдир. Бир кишида бир вақтнинг ўзида бир неча гижжа касаллиги бўлиши мумкин.
Касаллик соғлом одамга, шу касалликка чалинган беморлардан юқади. Беморлар нажаси билан гижжаларни ташқи муҳитга ажратади. Гижжаларнинг аксарият қисми ошқозон-ичак йўли орқали, «ифлос қўл» билан овқатланганда, қайнатилмаган сувни ичганда, мева ва сабзавотларни ювмай истеъмол қилиш оқибатида пайдо бўлади. Касалликни юқтиришда пашшалар ҳам катта роль ўйнайди. Баъзи гижжа касалликлари эса касалликка чалинган чорва молларининг гўшт ёки жигарини истеъмол қилиш оқибатида ўтиши мумкин. Ит ёки мушук каби уй ҳайвонлари касалликни тарқатувчи манба бўлиб ҳисобланади.
Одамларда, айниқса, мактаб ёшигача бўлган болалар ўртасида энг кўп учрайдиган гижжа касалликларидан бири – энтеробиоздир. Хасталикни узунлиги 1см. бўлган майда оқ гижжалар – острицалар қўзғатади. Бу гижжа ингичка ичакнинг йўғон ичак билан бириккан жойида яшайди. Кечаси, бола ухлаганда гижжалар орқа чиқарув тешигидан чиқиб, оралиқ соҳа, қиз боланинг жинсий аъзосига тухум қўяди. Ҳар бир урғочи острица 12000 дан – 17000 гача тухум қўйиши мумкин. Тухум қўйилган соҳалар қаттиқ қичиб, болани жуда безовта қилади. Бола орқа чиқарув йўли ва унинг атрофини қўллари билан қашиши натижасида тирноқлари тагига кўп миқдорда острица тухумлари йиғилади. Бола қўлини оғзига солганда, бармоқларини сўрганда, тирноқларини тишлаганда касалликни ўзларига такрорий равишда юқтиради.
Кўпчилик ҳолларда юқиш жараёни узлуксиз бўлгани учун касаллик сурункали кечади. Шу билан бирга бола касалликни ўз оила аъзоларига, ўртоқларига юқтиради. Қўйилган тухумлардан 4-6 соатдан кейин личинкалар чиқади. Улар ичакда етук острицаларга айланади. Агар бола энтеробиоз касалига чалинган бўлса, уларнинг ички кийимлари, чойшабларини қайнатинг, сўнгра ювиб, дазмолланг. Эрталаб ва ётишдан олдин орқа чиқарув соҳасини илиқ сувда совунлаб ювинг, шундан кейин ички кийим ва чойшабларни алмаштиринг.

Касалликка чалинмаслик учун:
– Ҳожатдан сўнг, юмушлардан кейин ва овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювинг.
– Мева ва сабзавотларни яхшилаб ювиб истеъмол қилинг.
– Фақат қайнатилган сув ичишга одатланинг.
– Болаларни бир-бириларнинг ички кийимларидан фойдаланмасликка ўргатинг.

Уларда қўлни, ўйинчоқларни ва бошқа предметларни оғизга солиш, тирноқларни тишлаш каби ярамас одатларни шаклланишига йўл қўйманг.
– Тирноқларни доимо олиб юринг.
– Болалар туваги, эшик ушлагичлари, қўл ювиш жўмракларини ва умуман қўллар билан тез-тез ушланадиган жойларни кунига 5-6 марта ювиб туринг.
– Гўшт, жигар ва чорва-молларининг бошқа ички аъзоларни харид қилаётганингизда уларнинг сифатига аҳамият беринг.
– Таомлар етарли даражадаги иссиқлик ишловидан ўтишига аҳамият беринг.
– Хом қиймани ва бошқа гўштли маҳсулотларни хомлигида татиб кўрманг.
– Пашшаларнинг кўпайишига йўл қўйманг.
– Истеъмолга тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари устини очиқ қолдирманг. Пашшалар қўнишининг олдини олиш учун устини дока билан ёпиб қўйинг. Биргина пашша танаси ва қанотида минглаб гижжа ва унинг тухумлари ҳамда бошқа касаллик қўзғатувчи микробларни ташийди.
Мамлакатимизда болалар саломатлигини асраш ва уларнинг соғлом тарзда ривожланиши учун доимий равишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойи­да 7-10 ёшдаги болаларнинг соғлиғини яхшилаш ҳамда ўрта таълим муассасаларидаги болалар ўртасида ичак гельминтози билан касалланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида пойтахтимизда ҳам оммавий дегельминтизация тадбирларининг биринчи тури бўлиб ўтди.
Тадбирда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимларининг Пара­зитология бўлими ходимлари, тиббиёт ходимлари ҳамда таълим муассасалари ходимлари жалб қилиниб, 7-10 ёшдаги мактаб ўқувчиларига бепул гижжага қарши дори воситаси тарқатилди.
Дегельминтизация тадбирида касалликнинг олдини олиш юзасидан тавсия­лар берилди.

Яна ўқинг:  Юз териси учун фойдали 12 маҳсулот таомномада бўлиши шарт!

Шамура ХАЛИЛОВА,

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси

паразитология бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: