Гепатит С касаллигидан тўлиқ соғайишнинг имкони бор

Гепатит С – бу жигарнинг яллиғланиш билан кечувчи гепатит С вируси чақирадиган юқумли касалликдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига асосан дунёда 58 млн. нафар инсон сурункали вирусли гепатит С билан касалланган бўлиб, шундан 3.2 млн. нафарини болалар ва ўсмирлар ташкил этади. Жаҳонда ҳар йили 1.5 млн. янги касалланиш ҳолатлари қайд қилинади.
Ўткир вирусли гепатит С билан касалланган беморларнинг 30 фоизи 6 ой ичида тўлиқ соғаяди. Аммо қолган 70 фоиз беморларда касаллик сурункали шаклга ўтади. Сурункали вирусли гепатит С билан касалланган беморларнинг 15-30 фоизида 20 йил ичида жигар циррози ривожланади.

Бугунги кунда бу касалликдан тўлиқ соғайишнинг имкони бор. Ҳатто, инъекция ҳам олмасдан вирусга қарши таб­леткани шифокор кўрсатмасига асосан 12 ҳафта давомида тўғри қабул қилиш билан касалликдан тузалиш мумкин. ЖССТнинг маълумотига асосан гепатит С вирусига қарши дори ичган инсонларнинг 95 фоиздан ортиғи касалликдан тўлиқ соғаяди.

Дори воситаларини қабул қилиш тартиби ва қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда юқори самарага эришиш мумкин. Беморда қўшимча ҳамроҳ касалликлар яъни қандли диабет ёки онкологик касаллик бўлганда ҳам гепатит С вирусига қарши дориларни қабул қилиши мумкин. Фақат даволаниш инфекционист тавсияси ва назорати остида амалга оширилиши керак.

Бепул дориларни қаердан олса бўлади?


2022 йил 16 майдаги «Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори асосида ҳар йили гепатит В ва С вирусига қарши 1 млн. аҳоли скрининг текширувидан ўтказилади. Текширувлар натижасида гепатит С вируси аниқланган беморларга давлатимиз томонидан бепул вирусга қарши дорилар берилади.
Ўтган йилда 10 мингдан ортиқ беморларга гепатит С вирусига қарши дорилар бепул берилди. 2023 йил учун ҳам марказлашган ҳолда харид қилинган гепатит С вирусига қарши дорилар рес­публикамизнинг барча ҳудудларидаги юқумли касалликлар шифохоналарига юборилади. Гепатит С вируси билан назоратга олинган беморлар яшаш ҳудудидаги юқумли касалликлар шифохонасидан дориларни бепул олишлари мумкин бўлади.

ЖССТ томонидан вирусли гепатитларнинг В ва С турларини элиминация қилиш бўйича мақсадли кўрсаткичларга биноан 2030 йилга қадар скрининг даражасини 90 фоизга, даволаш билан қамраб олиш ишларини 90 фоизга, янги касалланиш ҳолатлари қайд қилинишини 90 фоиз ҳамда ўлим ҳолати кўрсаткичларини 65 фоизга камайтириш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Умид ИСМОИЛОВ,

Яна ўқинг:  Саратоннинг янгича давоси топилди

тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: