“ДОРИ-ДАРМОН” – САЛОМАТЛИК САРИ ИНТИЛИШДА
Дунёда энг қимматбаҳо неъмат — бу саломатликдир. Шу боис инсон зоти доим саломат бўлишга интилади. Бошига беморлик тушганида дарҳол табобат усули ёки тиббий дори-дармонлардан фойдаланиб, саломатлигини тиклашга ҳаракат қилади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда фармацевтика соҳасида юз бераётган ислоҳотлар, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларига қўшимчалар киритилаётгани инсон саломатлигини асраш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардандир. Бу ўз навбатида, соҳанинг такомиллашган усулларининг амалиётга кириб келишига йўл очади.
Жумладан, аҳоли саломатлиги йўлида мамлакатимизда кўп йиллардирки, самарали хизмат кўрсатиб келаётган “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизими бўйича жорий йилнинг 9 ойи мобайнида умумий товар айланмаси 543, 9 млрд. сўмни, товар улгужи айланмаси 357,6 млрд.сўмни, чакана савдо айланмаси 186,3 млрд.сўмни ташкил этгани бунинг яққол мисолидир.
Айтиш жоизки, ”Дори-дармон” акциядорлик компанияси давлат буюртмаси асосида 2020 йилда 1 300 000 доза, 2021 йилда 3 668 000 доза, 2022 йилда 2 347 000 доза гриппга қарши вакциналар келтирилиб, уларни болалар, ўқитувчилар ва шифокорларнинг бепул эмланиши учун Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига етказиб берилди. Шунингдек, дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 13 тоифасига кирувчи беморларга тизим дорихоналари орқали жорий йилнинг 9 ойи давомида 20,3 млрд. сўмлик дори-дармонлар етказиб берилди.
Айни пайтда, тегишли қарорлар ва меъёрий ҳужжатлар асосида фаолият кўрсатиб келаётган компания дори-дармон таъминотини яхши йўлга қўйиш, аҳолига сифатли дори-дармонларни етказиб бериш ва соҳада энг замонавий хизматларни такомиллаштириш устида изланиб келмоқда.
Марям АҲМЕДОВА