Глаукома ёхуд кўк сув қандай хасталик?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кўзи ожизлик ва кўрликка олиб келувчи касалликларнинг энг кўп қисмини глаукома ташкил қилади.

Глаукома (кўк сув ёки назла) кўз ички босими доимий ёки вақти-вақти билан ошиб туриши, кўрув нервининг атрофияси, кўришнинг пасайиши билан кечадиган ва кўрликка олиб келиши мумкин бўлган сурункали, жиддий кўз касаллигидир. Глаукоманинг мураккаблиги, хавфлилиги унинг баъзида оғриқсиз, секин, ҳеч қандай белгиларсиз кечиши ва шунинг учун кеч аниқланишидадир.
Кўз ички босими меъёрда 16 дан 26 мм симоб устунини ташкил қилади. Лекин беморда глаукома касаллиги гумон қилинганда бу меъёр ўзгариши мумкин. Агар босим меъёридан ошиб кетса кўрув нерви атрофиясига олиб келади ва кўрликка сабаб бўлади. Атрофияга учраган кўрув нервини даволаш усули ҳозиргача топилмаган.
Глаукома туғма ва орттирилган бўлиши мумкин. Орттирилган глаукоманинг очиқ бурчакли ва ёпиқ бурчакли турлари фарқланади.

Очиқ бурчакли глаукома. Бошланишида ҳеч қандай белгиларсиз, беморни ҳеч нарса безовта қилмасдан бошланади ва кўрув хиралашиши касалликнинг кечки даврларида бўлади:
• бош оғриши (бир томонлама ёки икки томонлама);
• кўз олдида, ёнида элак тутгандек ёки туман тушгандек ҳолат бўлиши;
• ёниб турган лампочка олдида камалаксимон халқа кўриниши;
• кўз кўриши хиралашиши;
• кўзнинг ним қизариши, ёшланиши.

Ёпиқ бурчакли глаукома. Бирдан ҳуруж билан бошланиши мумкин. Бунда кўзда ва бошда кучли оғриқ, қон босими ошиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, тиш, қулоқ оғриши мумкин. Беморлар адашиб бошқа мутахассисларга мурожаат қилишади ва вақтни ўтказиб қўйишади.
Туғма глаукома. Янги туғилган чақалоқ кўзи одатдагидан катта бўлиши, шох парда ранги кўкимтир ва хира бўлиши кузатилади. Шунинг­дек, бемор ёшига қараб инфантил, ювенил глаукома фарқланади.

Асосан кимларда учраши мумкин?


• Оилада глаукома билан касалланган бемор бўлса (наслий мойиллик).
• Чақалоқда, болаларда, ўсмирларда, катталарда, айниқса 35-40 ёшдан кейин.
• Артериал босим ошиб туриши, гипертония касаллиги, мигрен, қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларда.
• Аввал кўзда жароҳат ўтказган, бошқа кўз касалликлари билан узоқ оғриган, даволанмаган беморларда.
• Кўп чекиш ва кўп суюқлик ичиш, семизлик.
• Доимий кўз зўриқиши.
Глаукома кўз ички босими ошиши, кўрув майдони торайиши, кўрув нерви атрофияси билан характерланиб глаукомани аниқлашда қуйидаги дастлабки текширишлар бажарилади:
• кўриш ўткирлигини аниқлаш;
• кўз ички босимини ўлчаш;
• кўрув майдонини аниқлаш;
• кўрув нерви ҳолатини кўриш.
Бундан ташқари, ҳозирги вақтда бир қанча махсус компьютерли юқори технологияли текширишлар ўтказиш тавсия этилади.

Нима қилиш керак? 35-40 ёшдан кейин ҳар йили 1 марта кўз шифокори – офталмолог кўригидан ўтинг. Агар Сизда ёки оила аъзоларингиздан бирида глаукома аниқланса, бошқа оила аъзолари ҳам текширишдан ўтишлари лозим. Шифокор тавсия килган дориларни ўз вақтида томизинг ва назоратда бўлинг.
Глаукома консерватив ва оператив тарзда (кўз томчилари, лазер ва жарроҳлик усули билан) самарали даволанади. Кўриш қобилиятининг сақланиб қолиши глаукомани қанчалик эрта аниқланиб беморнинг тўғри даволанишига бевосита боғлик.

Глаукома касаллигини даволаш.
Консерватив дори воситалари ёрдамида: глаукомани даволаш одатда медикаментоз усулдан бошланади. Дориларни врач тавсиясига кўра, вақтида ишлатилса кўзланган натижага эришилади, лекин дори воситалари ҳар доим ҳам самара бермайди. Баъзида беморларда дориларни ўз вақтида томизиш имконияти бўлмаслиги мумкин. Дори воситалари узоқ вақт ишлатилиши баъзи ножўя таъсирларга олиб келиши мумкин.

Яна ўқинг:  Ўсимликлардан тайёрланган овқатлар кўкрак саратонидан сақлайди

Лазер ёрдамида: лазер нури кўз суюқлиги оқиб кетиш – дренаж тизимига таъсир қилиб, унинг оқиб кетишини яхшилайди. Лазер жарроҳликлари амбулатор шароитда ўтказилади ва нисбатан енгил амалиёт ҳисобланади. Лекин лазер ҳам глаукоманинг ҳамма турлари ва босқичларида ҳам ёрдам беравермайди.
Жарроҳлик усулида: консерватив (дори-дармон усули) фойда бермаган ҳолда жарроҳликни эрта даврда бажариш мақсадга мувофиқ. Жарроҳлик амалиёти қанча эрта бажарилса, кўриш қобилиятини сақлаб қолиш эҳтимоли шунча юқори. Ҳозирги кунда хавфсиз замонавий жарроҳлик даволаш усуллари ишлаб чиқилган. Баъзан, лозим бўлса, беморга 2-3 марта қайта жарроҳлик тавсия қилиниши мумкин.

Бошланғич даврларда глаукома Сизнинг ҳаёт тарзингизни ўзгартирмайди, лекин қу­йидаги тартибни таклиф қиламиз.

Соғлиғингиз тўғри келгунча меҳнат қилишингиз мумкин, фақат асабий ва жисмоний зўриқиш тавсия қилинмайди. Ишлаётганда ёки ўқиётганда ёруғлик чап томондан тушиши ва етарли ёруғлик бўлиши лозим. Кўз учун машқлар қилиб туриш фойдали. Умумий ҳолатингизга эътибор беринг. Юрак қон-томир тизими, ўпка, буйрак ва жигар касалликлари, қанд­ли диабет кўзингиз ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Телевизор кўриш тақиқланмайди, фақат бошингизни тўғри тутиб, яхши ёритилган хонада кўринг. Чироқни ўчириб, узоқ вақт телевизор кўриш тавсия қилинмайди.
Бўйинни қисиб турувчи, тор елкали свитерлар, кийимлар ва галстуклар тақманг. Чекиш мутлақо мумкин эмас, алкогол истеъмол қилиш ҳам қон томир тизимига ва кўзлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Иссиқ, буғли ҳаммом тавсия қилинмайди.
Узоқ вақт қуёшда қолманг, офтоб нуридан ҳимоя қилувчи кузойнаклардан фойдаланинг. Қоронғи хонада ҳам узоқ вақт қолманг. Тунги уйқу ва кечки сайрлар фойдали. Уйқусизлик, толиқиш, бетиним китоб ўқиш, қоронғи хонада телевизор кўриш ёки ҳаддан ортиқ ёруғ чироқлар бемор ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Ётишдан олдин оёғингизга иссиқ ванна қилинг, бир қошиқ асал истеъмол қилиш фойдали.
Муолажа учун аслида махсус парҳез талаб қилинмайди. Лекин қўй гўшти, ёғли, аччиқ овқатларни чекланган миқдорда истеъмол қилинг. Кундалик таомномангиз витаминларга бой, сабзавотлар, мевалар, балиқдан иборат бўлгани маъқул.
Организмда овқат ҳазм қилиш аъзолари яхши ишласа ва қон айланиши меъёрда кечса, кўзлар барча керакли витаминлар билан таъминланади. Агар ичакларда носозлик бўлса, овқат билан тушаётган витаминлар яхши сўрилмайди, буни унутманг.
Кўзларни асраш учун кунига ярим стакан сабзи шарбати ичиб туриш тавсия этилади. Кўз учун фойдали витамин А (ретинол) яхши ўзлаштирилиши учун сабзидан тайёрланган салатларга сметана ёки ўсимлик мойи қўшиб истеъмол қилинг. Кўриш қувватини ошириш учун калийга бой қуруқ мевалар, банан, олма, тарвуз, қўрда пиширилган картошка еб туриш керак.

Шифокор тавсия қилган дориларни ўз вақтида қабул қилинг. Бирор жойга узоқ сафарга кетмоқчи бўлсангиз ўзингиз билан кўз томчиларини олиш ёддан чиқмасин.

Зафар СИДИҚОВ,

Яна ўқинг:  РАҚАМЛИ СТЕТОСКОП

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: