Антибиотикларни сут, чой, қаҳва ва шарбатлар билан ичса бўладими?

Дардга чалинганимизда, тезроқ соғайиб, оёққа туришни хоҳлаймиз. Оғриқлардан ҳам қанча эрта халос бўлсак, шунча яхши. Аммо бунинг энг тўғри ечими – антибиотиклар эмас! Айниқса, ўзбошимчалик билан бундай препаратларни қўллаб соғаймоқчи бўлганлар қаттиқ янглишади!

Хўш, антибактериал препаратларнинг қандай ножўя таъсирлари бор? Улардан фойдаланишда нималарга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим?


Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази бўлим бошлиғи Эльвира Свечникова бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди.
– Антибиотикларни нотўғри қўллаш оқибатида дунёда йилига 700 минг киши ҳаётдан кўз юмиши қайд этилган, – дейди мутахассис. – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, агар антибактериал воситалардан фойдаланиш тартибга солинмаса, 2050 йилга бориб йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин.
Шу боис, бундай препаратларни фақат шифокор кўрсатмасига биноан қўллаш шарт. Қолаверса, врач қабулига келиб, «Тезроқ тузалсам бўлгани, менга антибиотик ёзиб беринг» деб илтимос қилган беморларни кўрганмиз.
Бу ҳам нотўғри қарор. Чунки сиз талаб қилганингиз учун айрим шифокорлар махсус кўрсатмаларсиз микробларга қарши воситаларни ҳам буюриши эҳтимоли йўқ эмас.

Қолаверса, куз-қиш мавсумида ўткир респиратор вирусли касалликлар кўпайиши кузатилади. Бундай вазиятда айрим ота-оналар ўзи, яқинлари, айниқса, фарзандлари бетоб бўлиб қолса, иситмаси чиқса, дарров антибиотиклар билан даволашга уринади.

Биринчидан, бундай дорилар вирус эмас, бактерияларга қарши қўлланилишини унутмаслик лозим. Шу билан бирга, бу жуда оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Масалан, ичак дисбактериозини келтириб чиқаради. Баъзилари эса жигарга жиддий зиён етказади.
Бундан ташқари, ушбу воситаларни ноўрин қўллаш оқибатида анафилактик шок, яъни инсон ҳаётига хавф солувчи аллергик реакция юзага келиши хавфи бор. Шу сабабли ота-оналарга шифокор тавсиясисиз фарзандларига антибиотик бермасликни доимо уқтириб келамиз.

Шунингдек, дорихонага кириб, бирор препаратни харид қилаётганингизда, фармацевт томонидан унинг муқобили сифатида бошқа дори тавсия қилинса, албатта, шифокор билан маслаҳатлашишингиз зарур. Ёки белгиланган дозага қатъий амал қилиш учун мутахассисдан таркиби ва фаол моддаси бўйича маълумотларни аниқлаштиришингиз талаб этилади.
Агар, хасталигингиз антибиотикларни талаб этса, даволаш самарали бўлиши учун, аввало, бундай дориларга сезувчанликни аниқлаш мақсадида бактериал синама топшириш керак. Ушбу таҳлил натижалари шифокорга зарур препаратни танлашга ёрдам беради.

Белгиланган дозанинг тўғри қабул қилинишига ҳам ҳар доим этиборли бўлиш шарт! Чунки унинг меъёрдан кўпи саломатликка зиён етказса, кам дозаси патоген бактерияларга таъсир қилмаслиги мумкин.
Сўнгги йилларда микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошиши кузатилмоқда. Бундай вазиятда уларнинг даволовчи таъсири бир неча баробар пасайиб кетади ёки бактерияга қарши ҳеч қандай самара бермай қўяди. Оқибатда муолажага «чап берадиган» инфекциялар туфайли бемор нобуд бўлиши мумкин.
Замонавий тиббиёт, аввало, имкон қадар антибиотиклардан фойдаланмаслик тарафдори. Энг зарур ҳолларда эса препаратни қўллашда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш шарт.

Яна ўқинг:  Моддалар алмашинувини яхшиловчи 10 маҳсулот

Хўш, улар нималардан иборат?
Препаратнинг қондаги концентрациясини бир меъёрда ушлаб, антибиотикни аниқ вақтда қабул қилиш керак. Мисол учун, агар дорини кунига бир марта ичиш буюрилган бўлса, кейинги дозани 24 соат ўтгач, қабул қилиш зарур. Агар кунига 2 маҳал бўлса, у ҳар 12 соатдан кейин ичилади.
Антибиотикдан фойдалангач, бемор аҳволи яхшиланса, муолажани тўхтатиб қўймаслик керак. Чунки бу ҳолат соғайганликни билдирмайди. Эҳтимол инфекция заифлашган, аммо бутунлай йўқолмаган бўлиши мумкин.
Таблетка шаклидаги препаратлар сув билан ичилади. Бу жараёнда сут ва сут маҳсулотлари, чой, қаҳва, шарбатлардан фойдаланиш тақиқланади. Инфекциянинг танадан тезда чиқиб кетиши учун эса кўп миқдорда сув ичиш лозим.

Агар антибиотик қабул қилингач, тўрт кун ичида бемор аҳволи яхшиланмаса, шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Бу ҳолатда мутахассис дозани ўзгартириши ёки бошқа дори препаратини буюриши мумкин.
Беморлар авваллари қандай дори воситаларидан қанча дозада ва қандай касалликларни даволашда фойдаланганини, агар ножўя таъсирлар кузатилган бўлса, бу бўйича қайд­ларни ёзиб боришлари мақсадга мувофиқ. Яроқлилик муддати ўтган дориларни асло қўллаб бўлмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: