Сочингиз оқараяптими?

Инсон организмида миллионлаб соч фолликулалари бор. Фолликулалар сочларни ҳосил қиладиган ҳужайралар ва пигмент тутадиган ҳужайралардан иборат. Пигмент меланин деб аталади. Вақт ўтиши билан соч фолликулалари пигмент ҳужайралари йўқолиши ҳисобига соч оқариши рўй беради.
Ушбу мақолада соч оқаришининг эрта бошланиши сабаблари, уни секинлаштириш йўллари ва олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берамиз.

Эрта соч оқаришининг сабаблари

Витамин етишмовчилиги. Ҳар қандай В гуруҳ витаминлари В-6, В-12, В-9, D витамин ва E витамин етишмовчилиги сочларнинг эрта оқаришига олиб келади.
Development журнали қайд этишича D-3 витамини, B-12 витамини ва Cu (мис) мик­роелементи етишмаслиги соч оқаришига сабаб бўлади. Уларнинг ёзишича овқат таркибида ушбу моддалар етишмаса пигментация жараёни бузилади, агар ўрни қоп­ланса, сочларга ранг яна қайтади.
International Journal of Trichology (Халқаро Трихологлар журнали) 25 ёшгача бўлган шахслар орасида текширув ўтказди. Fе моддаси, B-12 витамини ва зичлиги юқори бўлган холестерин (яхши холестерин) етишмовчилиги ҳам эрта соч оқаришига олиб келар экан.
Генетик омил. 2013 йилда Indian Journal of Dermatology, Venereology and Leprology журналларининг изланишлари шуни кўрсатдики, эрта соч оқариш сабабининг энг асосий омили бу генетик томондан экан. Ирқ ва этник келиб чиқиш ҳам соч оқаришида муҳим роль ўйнайди. Тери ранги оч бўлган халқларда сочлар эрта оқаради, яъни 20 ёшлардан бошланади, Осиёликларда 25 ёшлардан, Афро-Америкларда 30 ёшлардан бошланади.

Стресс. Эрта соч оқаришига генетик мойиллик бўлса-да, кучли стресс ҳам сочларнинг «кумушланишига» сабаб бўлади.
Стресс организмдаги антиоксидантларни (витаминсимон моддалар) етишмовчилигига олиб келади. Бунинг натижасида эркин радикаллар кўпаяди. Эркин радикаллар нотурғун (беқарор) моддалар бўлиб, ҳужайраларни ўлдириш хусусиятига эга.


Стресс олиш давом этаверса, касаллик ривожланишига олиб келади. Масалан, тери пигментларининг маҳаллий йўқолиши-витилиго (пес) стресс натижасида келиб чиқади. Витилиго меланин пигменти ҳужайраларининг ўлими ёки улар функциясининг йўқолишидир. Бунинг натижасида сочлар ҳам оқариши мумкин.
Соч эрта оқаришининг тиббий сабаблари. Кўпчилик тиббий касаллик­лар, масалан аутоиммун касалликлар сочнинг эрта оқаришига омил бўла олади. Қалқонсимон без билан боғлиқ ўзгариш­лар ҳам соч оқаришининг бир сабаби.
Оқ сочлар аллопецияда ҳам кузатилади, яъни соч тўкилишидан сўнг даво чоралари кўрилганда қайта ўсиб чиққан сочлар ҳам пигментация етишмаслиги натижасида оқ бўлиб чиқиши мумкин. Бу фақатгина бошда эмас, балки тананинг бошқа қисмларидаги сочларда ҳам кузатилади.

Яна ўқинг:  Янги йил – мўьжизалар байрами


Чекиш. 2013 йилда Italian Dermatology Online Journal кўрсатишича, чекувчиларнинг ҳар 2 тасидан биттасида 30 ёшгача бўлган инсонларда сочлари эрта оқариб кетганлиги ўрганилган.


Кимёвий соч ювувчи воситалар. Кимёвий сочларни ювувчи воситалар, шампунлар сочнинг эрта оқаришига олиб келиши мумкин. Бу воситалар кўпчилиги соч оқаришига сабаб бўлувчи зарарли ингредиентлар сақлайди.
Айрим шампунлар ўзида водород пероксиди (Н2О2) тутади, бу модда зарарли хусусиятларга ҳам эга. Улардан кўп фойдаланиш соч «кумушлашишига» олиб келади.
Агар соч оқаришига генетик омил ва ёш ўтиши сабаб бўлса, ҳеч қандай даво чоралари ёрдам бермайди. Соч рангларини тиклаш асосида уларнинг пигментациясини тиклаш ётади.

Агар овқат таркиби ва витамин дефицити сабаб бўлса, қуйидаги чора-тадбирлар эрта оқаришнинг олдини олиши мумкин:
Антиоксидант (витаминсимон моддалар) сақлайдиган озуқа моддалар:
• мева ва сабзавотлар;
• тоза кўк чой;
• зайтун мойи;
• балиқ гўшти.


Витаминлар – витамин етишмовчилиги сабабли соч оқаришида витаминлар кўп сақлайдиган овқатланиш тартибига ўтиш керак, масалан денгиз маҳсулотлари, тухум ва гўшт B-12 витаминига, сут, пишлоқ ва сут маҳсулотлари D витаминига бой.
Чекишни ташлаш сочларнинг пигментацияси бузилиши ва организмнинг заҳарланишидан сақлайди.
Соч оқаришига қарши табиий воситалар. Сотувда «оқ сочлар билан қопланган» соч ювувчи воситалар жуда кўп, уларнинг кўпчилиги терида аллергия ҳам чақириши мумкин. Табиий усуллар билан соч оқаришини секинлаштириш мумкин.


Қора чой. Қора чой сочларни қорайтириш, ялтиратиш хусусиятига эга. Уни тайёрлаш учун 3 ёки 5 қошиқ тоза қора чойни 2 стакан қайнатилган сувга солиш ва совигандан сўнг у билан сочларни ювиш кифоя.
Мойчечак барги. Мойчечак барги сочларни қора ва уларни соғлом қилади. Унинг баргини эзиб кокос мойида ёки кунжут мойида қайнатиш ва совиган аралашма билан бошларни массаж қилиш тавсия қилинади.


Мис микроэлементи. Бу микроелементга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш, жигар, бодом, қора шоколад ва сарсабил ўсимлиги.
Қовоқ мойи. Қовоқ мойи соч пигментациясига ва уларнинг илдизини мус­таҳкам қилиш хусусиятига эга. Мой билан бошларни регуляр массаж қилиб туриш соч оқаришининг олдини олишга ёрдам беради.


Тўғри қўйилган диагноз ва тўғри танланган даво сочларнинг эрта оқаришини тўхтатиш ва олдини олишга ёрдам беради. Сочларнинг оқариш вақти инсоннинг индивидуал хусусияти бўлиб, ҳар ким ўзи қарор чиқаради, оқ сочлар билан юриш ёқади ёки уларга ранг қайтаришга ҳаракат қилиб кўради.


Соч оқаришини тўхтатиш мумкинми? Организмда сочларнинг ранги учун махсус меланоцит ҳужайраларида ишлаб чиқариладиган меланин пигментлари жавоб беради. Пигментлар ишлаб чиқарилиши тўхтатилгандан сўнг оқ сочлар пайдо бўлади. Бу жараёнга қариш, генетик омиллар, касалликлар, чекиш ва В12 витаминларининг етишмаслиги каби омиллар таъсир қилиши мумкин.
Ёшга ва ирсиятга боғлиқ равишда пигментларнинг йўқолишига қарши чоралар йўқ. Шунинг учун, маслаҳатимиз: оқ сочлардан қутулмоқчи бўлсангиз уларни бўяшингиз мумкин.
Оқ сочларни сочлар учун махсус туш билан бўянг. У алоҳида оқ соч тутамларини яшириш учун жуда мос келади ва сув билан ювиб ташлаш мумкин.
Оқарган соч илдизларини бўяш учун махсус воситалардан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Улар спрей ёки упа кўринишида чиқарилади ва уни то шампун билан ювиб ташламагунингизча сақланиб туради.
Рангли шампунлардан фойдаланинг. У тез ювилиб кетмайди ва сочларингизда бир неча кунгача туради. Агар сочларингиз оқариши ёшга ҳам, ирсиятга ҳам боғлиқ бўлмаса, у ҳолда бу жараённи орқага суриш мумкин.

Бунинг учун:
• чекишни ташланг (ёки умуман бош­ламанг);
• ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқатларни истеъмол қилинг, айниқса, жигар: унинг таркибида В12 витамини бор.
• махсус витаминли қўшимчаларни яхшиси шифокор билан маслаҳатлашгандан сўнг қабул қилганингиз маъқул;
• стресс билан курашишга ўрганинг.

Дурдона МУРОТАЛИЕВА,

Яна ўқинг:  ФАРЗАНДЛАР САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Тошкент тиббиёт академияси талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: