ФУТБОЛЧИ ҚИЗЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Президентимиз раҳнамолигида болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қишлоқ қизларининг спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бундай кенг кўламли ишлар самарасини миллионлар ўйини – футбол, хусусан, аёллар футболи жадал оммалашиб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 19 январда қабул қилинган «2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда футболни ривожлантириш, футбол клублари, ихтисослаштирилган футбол мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлди. Бунинг самарасида аёллар футболи ҳам ривожланиб, қизларнинг футбол билан шуғулланиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши, аёллар футбол жамоаларининг тўлақонли фаолият юритиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.

– Мактабимизда футбол билан шуғулланаётган 558 ўқувчининг 120 нафари қизлардир, – дейди Андижон вилояти Хўжаобод тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаби директори Сойибжон Назиров. – Қизлар саккиз гуруҳда футбол техникаси, қонун-қоидаларини малакали мураббиялар раҳбарлигида пухта ўзлаштирмоқда. Замонавий футбол майдонлари, машғулотлар ўтказиш учун махсус майдончалар, тренажёр зали улар ихтиёрида.

Бундай шароитлардан самарали фойдаланаётган мактабнинг қизлар жамоаси турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. 2013 йили вилоят биринчилиги ҳамда «Қизлар лигаси – 2013» мусобақаларида иккинчи, «Баҳор маликаси – 2014» турнирида учинчи ўринни қўлга киритди.

– Футбол билан шуғулланиш истагида бўлган қизлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда, – дейди мураббия Сарвиноз Рустамхўжаева. – Улар орасида иқтидорли қизлар жуда кўп. Албатта, уларнинг барчаси ҳам келажакда профессионал футболчи бўлмас, энг муҳими ва бизнинг асосий мақсадимиз қизлар ўртасида футболнинг оммавийлигини ошириш орқали хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдир.

Мактаб тарбияланувчиларидан Сурайё Қамчиева, Кумушой Ғуломова вилоятнинг «Андижанка» жамоаси сафида тўп сурмоқда.

Мухтасар айтганда, Хўжаобод тумани болалар ва ўсмирлар футбол мактабида ўқувчилар учун барча қулайлик ва имкониятлар яратилган. Компьютер хоналари, ошхона, ётоқхона машғулотдан бўш вақтни унумли ва самарали ўтказиш учун хизмат қилмоқда. Мактаб зарур мебель ва жиҳозлар, спорт анжом ва инвентарлари, ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Бу ерда ўқувчиларнинг нафақат моҳир футболчи, балки соғлом тафаккур ва юксак маънавият соҳиблари бўлиб камолга етишига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  УСТОЗЛАР МЕҲНАТИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: