Қандли диабeт: даволаш қай тахлит амалга оширилади?
Асоратлари хавфли
Эпидемиологик тадқиқотлар натижаларига кўра, охирги ўн йил ичида қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиш, айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ортиб бормоқда. У аутоиммун хасталик бўлиб, атроф-муҳитдаги патогенетик омиллар (токсин, вирус) панкреатин бета-ҳужайраларни шикастлайди. Зарарланиш 70-80 фоизга етгач, хасталикнинг клиник манзараси намоён бўлади.
Агар ўз вақтида ташхис ва даво чоралари кўрилмаса, оғир асоратлар юзага келиши мумкин. 1 ёшгача бўлган болалар ва чақалоқларда турли асосий касалликлар сабабли қанд миқдорининг кўтарилиши ёки гиппергликемик синдром кузатилади. Қандли диабетнинг 1-турини даволаш парҳез сақлаш, жисмоний ҳаракатлар ва инсулинотерапиядан иборат.
Болаларда мазкур касаллик тури ўткир кечади. Ота-онадан ҳам, шифокордан ҳам бу даврда катта маъсулият талаб қилинади. Тезкор ташхислаш ва шу йўсинда даволаш жажжи бемор аҳволини яхшилайди.
Қандли диабетнинг 1-тури аутоиммун касаллик бўлганлиги учун наслдан наслга ўтади.
Шунга қарамай, бола қатъий парҳезга амал қилса, жисмоний фаол бўлса ва доимий ҳолати назорат қилиб борилса, касалликнинг кечки асорати олди олинган бўлади.
Агар акси кузатилса, кўз, буйрак фаолиятида бузилиш қайд этилади. Майда ва катта қон томирларидаги асоратлар билан бирга, бўй ўсмаслиги ва жинсий ривожланишнинг орқада қолиши ҳолатлари кузатилади. Ушбу белгилар қандли диабетнинг кечки асоратларидан ҳисобланади.
Кун тартиби
Фарзандига қандли диабет 1-тур ташхиси қўйилган ота-оналар дастлаб ўғил-қизларини ҳар бир вилоятдаги эндокрин диспансерлари қошида фаолият олиб бораётган махсус диабет мактабларига жалб қилишлари шарт.
Қолаверса, бундай хасталикка чалинган кичик ёшли беморларнинг тўғри овқатланиши жуда муҳим. Чунки истеъмол қилинадиган маҳсулотнинг таркиби ва қандай тайёрланганлиги қондаги қанд миқдори ўзгаришига сабаб бўлади.
Бола яхши ўсиб-улғайиши учун лозим бўлган оқсил, ёғ, углевод, витамин ва микроэлементлар кундалик рационга киритилади.
Углеводларни истеъмол қилишда уларнинг гликемик индексига эътибор қаратилади. Гликемик индекси паст бўлган маҳсулотлар (дуккаклилар, сули, сабзавотлар) қондаги қанд миқдорини секин кўтаради.
Диабет билан оғриган болаларга кун давомида 5-6 маҳал, жумладан, 3 марта асосий ва оралиқ вақтда қўшимча овқатланиш тавсия этилади.
Парҳезга риоя қилинганда қондаги қанд миқдори кескин ортиши ва қанднинг турли аъзо ҳамда тўқималарга ножўя таъсири олди олинади, қабул қилинаётган инсулин дозасини коррекциялаш осон бўлади. Шунинг учун болалар ва уларнинг ота-оналари истеъмол қилинаётган углеводларни ҳисоблашни билишлари лозим.
Жисмоний фаоллик ҳам организмда қанд ўзлаштирилишини яхшилаш билан бирга, турли асоратлар ривожланишига тўсиқ бўлади.
Бундай болаларга кўпинча енгил атлетика, гимнастика, сузиш машқлари тавсия этилади.
Муолажа
Ҳозир замонавий тиббиётда қандли диабетнинг 1-тури маолажасида инсулин помпа терапияси яхши самара бермоқда.
Бу даво тури юқори технологик жараён асосида организмга инсулин гармонининг бир меъёрда бериб турилиши ва қанд кўрсаткичлари назоратда бўлинишини таъминлайди.
Диабетнинг 1-туридан бутунлай тузалиш имконсиз бўлса-да, лекин баъзи ҳолларда без фаолиятини меъёрда ушлаб туриб, парҳезга амал қилинса, касаллик беморни ортиқча безовта қилмайди.
Доимий равишда сунъий инсулин қабул қилиш талаб этилади. Бу модда ошқозон-ичак трактида парчаланиб кетиши боис, у фақат инекция орқали овқатланиш вақтида киритилади.
Қатъий парҳезга амал қилиб, овқат рационидан енгил ҳазм бўлувчи углеводлар (шакар, ширинликлар ва мевали шарбатлар)ни бутунлай чиқариб ташлаш керак.
Диабетнинг бир ҳамда иккинчи тури чидамли шаклларини бутунлай даволашнинг имкони йўқ.
Лекин доимий назорат остида бўлган ва шифокор тавсияларига амал қилган ҳолда касаллик асоратларининг олдини олиш ёки бутунлай чеклаш мумкин.
Касаллик узоқ давом этганда, барча аъзоларда ўзига хос ўзгаришлар юзага келади: юрак ва қон томирлари, кўз, буйрак, нерв тизимидаги ўзгаришлар, инфекцион асоратлар, жароҳатларнинг қийин битиши шулар сирасидандир.
Бу асоратларга қарши ўзбошимчалик билан даво чоралари изламасдан, албатта, шифокор тавсияларига амал қилиш шарт.
Шаҳноза АЗИМОВА,
болалар эндокринологи,
тиббиёт фанлари номзоди