Мард ўғлонлар туғилган кун бу!
Ватан ҳимоясига шай бўлиш – ҳар бир йигитдан талаб этиладиган юксак масъулият. Ҳарбий хизматни шараф билан ўташ, жонажон юртимиз сарҳадларини қўриқлаш муқаддас бурчдир. Ҳарбий бўлиш орзуси кўксида жўш ураётган ёшлар эса миллат таянчи.
Истиқлол йилларида Юртбошимизнинг одилона сиёсати туфайли мазкур соҳа тубдан ўзгарди. Замонавий ва ихчам, шу билан бирга кучли армия ташкил этиш, сержант ва офицерларнинг жанговар қобилияти, маънавий дунёқараши, интеллектуал салоҳиятини янада ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Маълумки, ҳар бир давлат мустақиллиги, унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, аввало, ўша мамлакат Қуролли Кучлари зиммасидаги масъулиятли вазифадир. Шу боис, 1991 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январь куни эса, мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим тадбирга қўл урилди – республикамиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Юртбошимиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан эълон қилинган мазкур тарихий ҳужжат мамлакатимиз хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ва келиб чиқаётган хавф-хатарларни ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш асосида армиямизни ислоҳ қилишнинг узоқ муддатли дастури ишлаб чиқилишига йўл очди. 1993 йилдан эса 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни сифатида юртимизда кенг нишонланмоқда. Бу ҳақда Президентимизнинг “Миллий армиямиз – мустақиллигимизнинг, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолатидир”, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли асарлари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Ватанга қасамёд” монументи очилиши маросимидаги нутқларида батафсил сўз юритилгани масаланинг туб моҳияти ва аҳамиятини янада ойдинлаштиради.
Ўтган йиллар Миллий армиямиз учун шаклланиш, улкан тарихий ўзгаришлар даври бўлди. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, ҳозирги кунда Қуролли Кучларимиз тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати, истиқлолимиз ва истиқболимизнинг метин қўрғонига айланди. Армиямизга янгича анъаналар кириб келди, маънавий-руҳий муҳит тубдан яхшиланди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, истиқлол ҳар бир ҳарбий хизматчига ўз Ватанида, ўзининг миллий армиясида хизмат қилиш имконини берди. Бугун қайси ота-она билан сўзлашманг, фарзандининг армияга боришини истайди. Чунки улар Қуролли Кучларимизда хизмат қилаётган аскарнинг қандай қулай шароитда яшаётгани, юксак жисмоний, ақлий ва интеллектуал салоҳияти ошаётгани, ҳарбий хизматни намунали ўтаб қайтган ўғлининг ўқиш ёки ишга киришида кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилаётганидан яхши хабардор.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан ҳарбийлар турмуш-тарзи яхшиланиб бораётир. Хусусан, улар учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, юртимизнинг турли ҳудудларида қурилган замонавий уй-жойлар Ватанимиз тинчлигини таъминлаётган мард ўғлонларнинг оила аъзоларига топширилаётир.
Бир сўз билан айтганда, ҳарбий хизмат ёшларимиз учун чинакам ҳаёт мактаби, фахри ва ифтихор рамзига айланди. Зеро, ҳарбий хизмат эр йигитнинг олий саодати ва улкан масъулиятидир. Ватанпарвар, элсевар асл ўғлонларимиз зиммаларига юклатилган она юрт тинчлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини мардона қўриқлашдек ўта масъулиятли, айни пайтда, ўта шарафли вазифани сидқидилдан адо этишга интилишади, қасамёд қилишади. “Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ…” дея бошланадиган машҳур қўшиқда айтилганидек, шижоатли, ўктам, жасур ҳарбийларимиз, мард ва баҳодир посбонларимиз бор экан, кўнгиллар хотиржам, ҳаётимиз тинч, осуда кечади. Бунга халқимиз ишонади ва ўз посбонларини ардоқлайди, эъзозлайди.
Йил бошида қутлуғ бир кун бор,
Зиёларга тўлуғ бир кун бор,
Фазилати улуғ бир кун бор,
Мард ўғлонлар туғилган кун бу!
Аждодлари наслидан рози,
Бургутдай тик, баланд парвози,
Қўлида эрк, саодат сози,
Мард ўғлонлар туғилган кун бу!
Ўзбекистон туғини тутган,
Унга жонин бахшида этган,
Олам узра довруғи кетган,
Мард ўғлонлар туғилган кун бу!
Кеча-кундуз самода кўзи,
Дилда элга берган чин сўзи,
Осмонимиз ёруғ юлдузи,
Мард ўғлонлар туғилган кун бу!
Искандар РАҲМОН,
Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий Кенгаши ҳузуридаги “Ёшлар билан ишлаш гуруҳи” раҳбари,
Қуролли Кучлар фахрийси