Офтобагул кашталар

Пиру бадавлат момоларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган амалий безак турларининг энг қадимий ва кенг тарқалган тури каштачиликдир. Эътибор берган бўлсангиз ҳар бир қатим ипакка жон бахшида этиб, дил туйғуларини гўё бежирим гуллар жилосига улаб, кўз-кўз этаётган қиз-жувонларнинг нозик бармоқлари чиндан-да мўъжиза яратмоқда. Ҳа, халқнинг ҳаёти ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган санъат тури қўли гул чеварлар томонидан асрлар оша янада сайқалланиб келинмоқда.

XIX асрда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Нурота, Шаҳрисабз, Жиззах, Фарғона каби катта-катта каштачилик марказлари бўлган. Мазкур каштачилик мактабида либосларга тикилган кашталар алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, ушбу мактабларда ўзига хос услуб ва ранглар мутаносиблиги мавжуд. Либосларнинг енг ва олд қисми ҳамда этак қисмига тикилган нақшинкор сержило нақшлар, занжирсимон чизиқли кашталар ёки гул четига зеб берилган зарли ипак безаклар унга ўзгача кўрк бағишлайди.

Бухоро сўзаналари, Шаҳрисабз кашталари майда гул барглари билан, Бойсун каштачилиги қийиқ композициялари билан, Нурота каштачилиги эса ўйноқи нақшлари билан киши диққатини ўзига тортади. Самарқанд каштачилигида алоҳида аҳамият касб этувчи сўзаналар эса ҳар бир келинчакнинг сепини нурга тўлдириб турган. Ундаги табиий тасвир бўлган анор гули меҳр рамзи ҳисобланган бўлса, гезагидаги нақшинкор йўл чизиқлари ҳаёт давомийлигини акс эттирган. Келинлар учун тикилган кашталарда гуллаётган табиат рамзини ифодалайдиган Самарқанд каштачилигида уни тикиш учун йигирилган пахта, жун иплар ҳамда шоҳи ипаклардан фойдаланилган. Гул тасвири кўриниши асосан қизил рангда бўлган. Бу ерда қўлланилган нақшлардан яна бири «Офтоба» бўлиб у ҳалқа ичига жойлаштирилган. Офтоба ҳалоллик ва поклик рамзи сифатида улуғланган. Кейинчалик яшил ранг ўрнида ишлатилган қора ранг ҳам бежирим гулларни янада хушчирой бўлишига хизмат қилган. Рангларнинг бундай алмашинуви XIX аср охирига келиб юз беради. Қизил, қора ва оқ рангларнинг ўзаро мувофиқлашуви Самарқанд сўзаналарининг хилма-хил кашталардан ажралиб турувчи ўзига хос хусусияти бўлиб қолган. Кейинчалик ушбу безакдор сўзаналар билан бирга, гулдор болипўшлар ҳам урфга кирган.

Халқимиз орасида «Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр», – деган мақол бор. Бўйи чўзилиб қолган сарв­қомат қизларнинг бувилари, оналари ёнида туриб турфа хил сўзанаю ёстиқлар тикиши шу уйга эзгулик келтиришидан дарак берган. Келинчакнинг сепини тўлдириб турувчи бундай болипўшларнинг гуллари қалампирнусха кўринишида ниҳоятда бежирим бўлган. Яна келинчакнинг уйидаги тахмонлар устида тахланиб турган турфа гулли ёстиқлар ва унга меҳр билан зарли ипакда тикилган ялтироқ нақшлар уй бекасининг қанчалик дидили эканлигини билдирган. Самарқанд кашталари қадимий меросдан муайян жиҳатларини қабул қилиш билан бирга ўзининг хусусий бадиий йўналишини ҳам ҳосил қилган. Каштадўзлар асрлар давомида миллий безакдорликка интилиб яшаган. Шу боис ҳам каштачилик санъати авлоддан-авлодга ўтиб янада сайқал топиб борган. Энг қувонарлиси, гулларни ифодалаб турган қатим ипакларнинг ранги йиллар ўтсада ўз кўринишини йўқотмай сақланиб турган. Чеварларнинг турфа кўринишдаги гулларга мос ранг танлаб, унинг четини айлана, учбурчак ёки тўртбурчак шаклда ингичка чизиқли жило бериб тиккан кашталари уни янада бойитган.

Яна ўқинг:  Оромгоҳларда болалар чет тилини ўрганади

Қаранг, мана бу қуёшли айвон саҳнида ўтирган онанинг ёнидаги навниҳол қизи қўлига ип ва игна олиб момоларидан мерос каштачилик илмини ўрганишга жазм этди. Унинг тиззалари устига ёйилган шоҳи мато ҳадемай сўзана кўринишини олади. Ранго-ранг гуллари эса қуёш нурларида ял-ял товланиб яна бир чеварни кашф этиши шубҳасиз.

Гулноза УСМОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: