Янги йилни Ўзбекистонда кутиб олаётганимдан хурсандман

Мамлакатимизда Янги йил айёмини кўтаринки руҳда ўтказиш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Байрам арафасида пойтахтимиз кўчалари, сайлгоҳ ва боғларида кўплаб хорижлик сайёҳларни учратиш мумкин. ЎзА мухбири улардан айримларининг таассуротлари билан қизиқди.

Жозеф АЛЛЕН (Австралия):

– Янги йил байрами ҳар бир мамлакатда ўзига хос тарзда кутиб олинади. Биз, австралияликлар ҳам Янги йил байрамини одатдагидек 1 январь куни нишонлаймиз. Қизиғи шундаки, Австралияда бу пайтда ҳаво жуда иссиқ бўлганидан Қорбобо ва Қорқиз совғаларни чўмилиш кийимида тарқатади.

Шу каби расм-русумларга жуда қизиққаним боис Янги йил байрамини ҳар йили турли давлатларда кутиб олишга ҳаракат қиламан. Бу йил оилам билан Ўзбекистонга келдик. Тошкент шаҳридаги маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларни томоша қилиб юрибмиз. Ёрқин чироқлар нурларида товланаётган гўзал Тошкент оқшомлари янада жозибали, фусункор манзара касб этган. Фарзандларимнинг бу ерга келганидан қувончи чексиз.

Ўзбекистондаги тинчлик, барқарорлик, одамларнинг ҳаётдан мамнун яшаётгани ҳар қадамда сезилади. Бундай мамлакатга байрамлар жуда ярашади!

Жонг КВАН (Хитой):

– Мен Тошкентда ишлайдиган акамнинг таклифи билан Ўзбекистонга келдим. Меҳмонхоналар, супермаркетлар, кўчалар ва майдонларда байрам нафаси уфуриб турибди. Безатилган арчалар, бозор ва савдо кўргазмаларидаги турфа ўйинчоқлар, совғалар киши кўзини қувонтиради.

Орзуим – Самарқандни кўриш! Хитой халқ эртакларида ушбу қадимий шаҳарнинг номи жуда кўп тилга олинади. Шу боис кўпчилик Чин аҳли бу шаҳарни бир кўриш орзусида яшайди. Менда шундай имконият туғилганидан фойдаланиб, қадимий ва навқирон Самарқандни зиёрат қилмоқчиман. Янги йилни ҳам Самарқандда кутиб оламан. Бу бир умр ёдимда қоладиган, юртдошларимга фахрланиб гапириб юрадиган воқеа бўлишига ишонаман.

Данило МАСИН (Италия):

– Тошкентнинг кенг, файзли ва осойишта кўчаларини сайр қилиб юрар эканман, ёғаётган оппоқ қор, танга ҳузур бағишловчи мусаффо ҳаво кайфиятимни ғоят кўтараётганини ҳис қиляпман. Кўчаларнинг қай бирига кирмай, миллий ва замонавий архитектура ютуқларини ўзида мужассам этган, бири-биридан гўзал бинолар диққатимни тортади.

Тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган мамлакатга байрам ва тантаналар ярашади. Ўзбекистонда бу улуғ неъмат доим барқарор бўлиб, халқингиз фаровонлиги янада юксалишини тилайман.

Индрани СЕН хоним (Ҳиндистон):

– Янги йилни хорижда кутиб олишни кўпдан орзу қилар эдим. Шу мақсадда Ўзбекистонни танлаганимдан хурсандман. Бу ерга турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан келдик. Мустақиллик майдонидаги турли аттракционлар, байрам томошалари болаларимга жуда ёқди.

Яна ўқинг:  Болалар ва ўсмирлар саломатлиги йўлида

Бу ерда мазза қилиб ўйнаётган болажонларни кўриб ҳавасимиз келди. Уларга мамнун боқиб турган ота-оналарнинг юз-кўзларида хотиржамлик, бахтиёрлик намоён. Ўзбекистонда оилаларга, болаларга кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборни ушбу майдондаги тантаналарда ҳам яққол ҳис этиш мумкин. Бундай улкан эътибор ва шарт-шароит, тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт, жамиятингиздаги аҳиллик ва тотувлик муҳити халқингизнинг энг катта бойлигидир. Унинг қадрига етиш, авайлаб-асраш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистондаги баракани янада оширади.

Кевин РЕНАРД (Бельгия):

– Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлганман, лекин ўзбеклардек меҳмондўст халқни кам кўрганман. Бу юртингиздаги тинчлик-осойишталик, тўқчиликдан бўлса керак. Миллий таомларингизни татиб кўрдим. Бундай тотли ва тўйимли овқатни умримда емаганман. Қадимий обидалар, халқ амалий санъати дурдоналарини катта қизиқиш билан томоша қиляпман.

Ўзбекистонда чет эллик сайёҳларнинг яшаши, ҳордиқ чиқариши, байрам кунларини мароқли ўтказиши учун барча шароит яратилган. 2014 йилни Тошкентда кутиб олмоқчиман. Ўзбекистондек гуркираб ривожланаётган замонавий мамлакатда ҳар бир байрам мароқли ўтишига ишонаман.

ЎзА мухбири Нодира МАНЗУРОВА ёзиб олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: