Кичкинтойлар қувончи – чексиз илҳом бахш этади

дейди Ўзбекистон Халқ артисти Дилбар Абдулазизова.

Бола руҳиятини ҳис этиш, умрбод бола бўлиб қолиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Жажжи қалб эгаларига қувонч улашиш эса ана шундай болакўнгил кишиларга завқ беради.

“Театр – ибратхона”, деган улуғ мутафаккирлардан бири. Зеро, у кишиларда умуминсоний тушунчаларнинг шаклланишига хизмат қилмоғи лозим. Фарзандларимизни маънан етук ва баркамол қилиб вояга етказиш йўлида Республика Ёш томошабинлар театрининг ҳам ўзига хос ўрни бор.

Мазкур театр ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилаётган бир-биридан қизиқарли спектакллар болажонларда эзгу фазилатларнинг шаклланишига ёрдам бермоқда.

Бу эса ўз навбатида ижодий жамоа зиммасига улкан масъулият юклайди. Буни чуқур англаб етганлар эса эл орасида ҳурмат қозониб, истеъдоди, Ватан олдидаги хизматлари муносиб баҳоланаётир. Кўплаб спектаклларда маҳорат билан рол ижро этган саҳна кишилари орасида ёш томошабинлар театри актёри Дилбар Абдулазизова ҳам бор.

– Саҳнага чиқиш олди ўзимни руҳан тайёрлайман, – дейди Дилбар Абдулазизова. – Ишониб топширилган қаҳрамоним руҳияти, характерини чуқур ўрганаман. Аниқроғи, у билан яшайман. Албатта, бу босқичга етиш учун ижодкорга юксак малака керак. Устозларимиз – Ўзбекистон халқ артистлари Манзура Ҳамидова, Муҳаббат Йўлдошева, Воҳид Қодиров, Обид Толиповнинг ўгитлари ҳар доим менга қувват бахш этиб туради. Қолаверса, шундай Ватанда туғилиш, униб-ўсиш ҳам кишини ижодга ундайди.

Мамлакатимизга кўпчилик ҳавас билан қарайди. Боиси, Президентимиз юрт фаровонлигига, барча соҳаларда янгиланишларга жумладан, санъат аҳлининг камтарона меҳнатига катта эътибор қаратаётир. Ўтган 2013 йил мен учун омадли келди. Ҳурматли Юртбошимиз томонидан камтарона меҳнатим юксак қадрланиб, Мустақиллигимизнинг 22 йиллиги арафасида “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирландим. Бу менинг кейинги ижодимга янада масъулият ва куч бағишлайди.

Дилбар опанинг ижодига бағишланган кечада унинг яқинлари ва шогирдлари ҳамда йиғилганлар истеъдодли актрисани юксак мукофот билан муборакбод этдилар. Опа ижро этган спектакллардан намуналар намойиш этилди.

“Умид дарахти” спектаклидаги она образи барчани сергак торттирди. Ёшлигида тақдир сабабли эридан ажрашган аёл ўз фарзандини волидасига қолдириб турмушга чиқади. Аммо вақти келиб, ёши улғайган пайтда ўғлидан меҳр-шафқат кутиб, уни йўқлаб касалхонага келган она ноумид орқасига қайтади. Фарзандидан ҳақиқатни киноя сўзлари орқали эшитиш қанчалик оғир эканини ҳаққоний ижро этиб берган қаҳрамонимизни томошабинлар олқишлади. Бу асарни саҳнага қўйишдан мақсад ҳаётда ана шундай хатоликларга йўл қўймаслик учун, аввало, ота-она фарзандларидан меҳрини аямаслиги лозимлигини уқиш мумкин.

Яна ўқинг:  Узоқ яшашни истасангиз, китоб ўқинг!

– Ўзбек оиласи, ўзбек онаси болам, деб яшайди, – дейди актриса. – Шундай экан, 2014 йил – Соғлом бола йилида юртмиздаги барча оилалар мустаҳкам бўлишини тилайман. Унда соғлом фарзандлар дунёга келсин. Оналаримиз ҳамиша фарзандлар камолидан баҳраманд бўлиб юришсин. Юртимиз тинчлиги, фаровонлигига кўз тегмасин. Ёшларимиз мустаҳкам билимли, Ватанга муносиб фарзандлар бўлиб вояга етсин. Биз театр аҳли халқимиз қалбидан жой эгаллайдиган образларни яратишдан сира чарчамайлик.

Театрни ҳаёти мазмуни деб билган болажон актриса мана қирқ йилдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Баҳор қайтмайди”, “Тойчоқ”, “Туташ тақдирлар”, “Онаизор” каби кинофильм ва телесериаллардаги образлари билан катта ёшдаги томошабинлар кўнглидан ҳам муносиб ўрин олган.

Шунингдек, театр саҳнасидаги “Қовоқвой билан Чаноқвой”даги Ғужумой, “Қизил қалпоқча”даги айёр тулки, “От кишнаган оқшом”даги Қиммат, “Карра-карра”даги аълочи қиз Лола ҳамда янги йил арафасида Қорбобонинг совғасини ўғирлаш учун турли найранглар ўйлаб топадиган ялмоғиз кампир образлари ёш томошабинларнинг санъатга бўлган қизиқишларини ошираётир.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: