Mустақиллик майдонида янги йил тантаналари давом этмоқда

Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдонида давом этаётган Янги йил байрами тантаналари қордек оппоқ тилакларимиз, покиза орзу-ниятларимиз, болаларнинг беғубор, шодон кайфиятига ҳамоҳангдир.

Мамлакатимизда инсон омилига устувор аҳамият қаратиш, миллати, эътиқоди, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир. Жонажон Ватанимизнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиёт, таълим-тарбия, маънавият ва маърифат, соғлиқни сақлаш, илм-фан каби соҳаларда эришилган улкан ютуқ ва марралар, энг асосийси, жамиятимиздаги ўзаро аҳиллик, тотувлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилиб, юксак баҳоланмоқда.

2013 йил мустақил Ўзбекистонимиз тарихи зарварақларида муҳташам иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари, мактаблар, шифо масканлари, маърифат ва санъат масканлари қад ростлаган баракали йил сифатида муҳрланиб қолиши шубҳасиз. Эшик қоқаётган 2014 йил эса халқимизнинг азалий мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг тарзда Соғлом бола йили, деб номланиши эзгу интилишларимизнинг ўзига хос мантиқий давомидир.

Янги йил байрами арафасида мамлакатимизнинг энг мўътабар майдонида барпо этилган мўъжаз шаҳарчада ушбу жиҳатлар ўзининг ёрқин ифодасини топди. Майдонга кириб келган киши ўзини гўё эртакмонанд гўшага тушиб қолгандек ҳис этади. Бу ерда қад ростлаган улкан арча, айниқса, кичкинтойларга катта завқ-шавқ улашмоқда.

Байрамни юксак савияда, баланд руҳда ўтказиш, юртдошларимиз, хорижий сайёҳлар, энг асосийси, болаларга хуш кайфият улашиш мақсадида турли маданий-маърифий, кўнгилочар томошаларни ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Ўзбекнаво” эстрада, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмалари ва бошқа қатор ташкилотларнинг ҳиссаси катта бўлди.

Улкан саҳнада Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси актёрлари иштирокидаги “Қорбобога мактуб ёки кутилмаган меҳмонлар” театрлаштирилган томоша намойиш этилмоқда. Майдонга ўрнатилган икки улкан экраннинг бирида 2013 йил – Обод турмуш йилида жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилган беқиёс ўзгаришлар, бунёдкорлик одимлари, гўзал шаҳар ва қишлоқларимиз, ёш авлод келажаги йўлида кўрсатилаётган юксак меҳр-эътибор намойиш этилса, бошқасида юртимиз аниматорлари томонидан ишланган мультфильмлар, майдонда ўтаётган байрам тадбирларини томоша қилиш мумкин.

Махсус ўрнатилган бошқа саҳнада Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси эстрада бўлимининг иқтидорли талабалари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, мумтоз ва эстрада йўналишида ижод қилаётган хонандалар, “Ниҳол” мукофоти совриндонлари, мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги танловларда ғолиб бўлган ижодкор ёшлар иштирокидаги концертлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

Яна ўқинг:  Оила қўрғонининг чамани фарзанд

Майдонда ташкил этилган савдо расталаридан кичкинтойлар учун ширинликлар, турли ўйинчоқлардан иборат совғалар харид этиш мумкин. Ўттизга яқин аттракцион, олтмишга яқин махсус ўйинлар қурилмалари ўғил-қизлар билан гавжум.

Оқшом тушгач майдон янада фусункор қиёфа касб этади. Бадиий безаклар, лазерли технологиялар, иллюминацион чироқлар, махсус ёритиш эффектларидан киши қалбига янада кўтаринкилик, завқ инади. Майдонга туташ кўчаларнинг икки тарафи ўндан ортиқ бадиий эффект берувчи махсус чироқли қурилмалар билан жиҳозланган.

– Янги йил байрами арафасида Мустақиллик майдонини зиёрат қилишни одатга айлантирганмиз, – дейди самарқандлик пенсионер Ойсара Исмоилова. – Майдондаги безаклар, бири-биридан қизиқарли томошалар, болаларнинг ўйинга тўймай шодланаётганини кўриб, мустақил юртимиз фарзандларига ҳавасим келди. Истиқлол фарзандларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган, қалби ғурур ва ифтихорга тўла, билимли, юксак маънавиятли, соғлом ва теран тафаккурли авлод этиб тарбиялаш имконини берди. 2013 йил биз учун ҳам қултуғ келди. Неварам олий ўқув юрти талабаси бўлди. Ўғлим ёш оилаларга яратилган имтиёзлар самарасида янги уй-жой харид қилди. Буларнинг барчаси Юртбошимиз томонидан ёшларга, оилаларга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.

– Мен ўртоқларим билан майдондаги аттракционларда мириқиб ўйнадим, – дейди Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб интернатининг 6-синф ўқувчиси Севинч Содиқова. – Театрлаштирилган томошалар, концертлар, цирк усталарининг чиқишлари барча сингари менга ҳам жуда манзур бўлди. Бу ерда биз – болаларнинг Янги йил байрами тантаналарини байрамона руҳда, таътилни мазмунли ўтказиши учун ҳамма шароит яратилган.

Муаззам майдонда куй қўшиққа уланади. Айни пайтда пойтахтимизнинг бошқа майдонларида ҳам Янги йил байрами томошалари давом этмоқда.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: