Тоза сув – соғлом ҳаёт манбаи

Сувни халқимиз оби ҳаёт дея улуғлайди. Сув бор жойда ҳаёт бор. У туфайли қора тупроқ гулчечакка, мевали боғларга айланади. Момоларимиз фарзандларига «Тушингни сувга айт» дея уқтирадилар. Сув дилдан ғуборларни кетказади. Руҳиятни ва баданни поклайди. Шарқ фалсафасида, жумладан, аллома ал-Форобий асарларида ҳам борлиқдаги тўртта унсур – тупроқ, ҳаво, сув ва олов муқаддаслиги таъкидланади. Зеро, сувни эъзозламоқ, келажакни асрамоқ демакдир.

Ана шу улуғвор ишларни амалга ошириш, аввало қонун ижодкорлиги яъни унинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва уларнинг ижроси билан боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ражабовага бу борада бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

– Сув – инсон ҳаёти, саломатлиги, билан узвий боғлиқ. Шунинг учун ҳам халқимиз сувни азал-азалдан муқаддас ҳисоблаб, булоғу қудуқларни асраб-авайлашган…

– Фикрингизга қўшиламан. Киши умри давомида ўртача 75 тонна сув истеъмол қилади. Катта ёшдаги киши жисмининг 82 фоизини, олти ҳафталик эмбрионнинг 97,5 фойизини, янги туғилган чақалоқнинг ҳам организмининг асосий қисмини сув ташкил этади. Катта ёшдаги киши бир кеча-кундузда 2,5 литр сув истеъмол қилади, ундан 1,2 литри ичимлик сувига тўғри келади, 1 литри турли озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотлар таркибидаги сув орқали исътемол қилинади, 0,3 литри организмда модда алмашинуви жараёнида пайдо бўлади.

– Жаҳонда жумладан, мамлакатимизда ҳам сув заҳиралари инсон истеъмоли учун етарлими?

– Сайёрамизнинг 4 дан 3 қисми, аниқроғи, 79 фоизи сув билан қопланган бўлса ҳам, унинг 6 фоизигина чучук сув, унинг ҳам 2 фоиздан ортиғи истеъмол учун яроқли, холос. Яроқли сувнинг ҳам 70 фоизи табиатда муз ҳолатида учрайди.

Ҳозирги кунда дунё бўйича ҳар 6 кишидан бири – тоза ичимлик суви тақчил ҳудудларда истиқомат қилмоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотларига кўра, жамики касалликларнинг 85 фоизи бевосита сув билан боғлиқ. Ҳар йили дунё бўйича 25 миллион киши айнан тоза ичимлик суви етишмаслиги оқибатида вафот этади. Ҳар сонияда бир бола асосан ноқулай санитария шароити ва ифлосланган сув туфайли пайдо бўлган касалликдан вафот этаяпти. Таҳминларга кўра, 2015 йилга бориб, дунё аҳолисининг 40 фоизи ичимлик суви муаммосидан азият чекади.

Яна ўқинг:  Раҳмат булоғи

Сув заҳираси йил давомида бир кишига 1700 куб метрдан кам бўлса, сув танқислиги ўрта даражада деб ҳисобланади. 1000 куб метрдан кам бўлса, сув танқислиги юқори даражага етган бўлади.

Республикамизда бу кўрсатгич 1960 йилда 3670 куб метрни ташкил этган. 2000 йилга келиб бу кўрсатгич 1960 куб метрга тушиб қолди. Ҳозирги кунда бу ўртача сув танқислиги даражасидан сал юқори. Лекин ичимлик суви заҳираси 40 йилда қарийб икки ҳисса камайган. 2025 йилга бориб, бизда аҳоли 35 миллионга етиши кутилаяпти. Сув эса кўпаймаслиги аниқ. Фақат шу нарсанинг ўзигина сувни эъзозлаш, уни тежаш, унга муносабатимизни тубдан ўзгартишни талаб этади.

– Мустақилликнинг дастлабки йиллари, аниқроғи, 1993 йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганлиги миллий қонунчиликнинг бу соҳага бўлган эътиборини билдиради.

– Қонунда сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки — умуммиллий бойлиги эканлиги, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан муҳофаза этилиши алоҳида таъкидланган. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувларни ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сув заҳираларига етказиладиган зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларининг ҳолатини яхшилаш, шунингдек, сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Қонуннинг 99-моддасида: корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларнинг ишлаб чиқариш чиқиндилари, маиший ва бошқа хил чиқиндиларни сув объектларига ташлаш, сувларни ўғитлар, заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа зарарли моддалар билан ифлослаш таъқиқланганлиги белгилаб қўйилган.

Қонунда қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Аммо, энг асосийси, ҳар бир инсон ўз бурчини унутмаслиги керак. Зеро, биз кундалик фаолиятимизда ишлатиладиган исътемолга яроқли ва тоза сув ҳам, экин майдонларини суғориш учун сарфланадиган сув ҳам бир манбадан, яъни чучук сув заҳирасидан олишини доимо ҳар бир киши эътиборда тутиши ва уни авайлаши лозим.

– Ўзбекистон жаҳонда Оролни ҳимоя қилиш бўйича энг ташаббускор мамлакат сифатида фаолият олиб бормоқда.

– Дарҳақиқат, Оролнинг қуриши — Марказий Осиёдаги жуда катта экологик фожиа. Чунки, Амударё ва Сирдарёнинг суви Оролга етиб бормаяпти, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ва аҳолини ичимлик суви била таъминлаш ўта долзарб ва мураккаб муаммо бўлиб турибди. Шунингдек, Оролнинг қуриши оқибатида ҳавога туз кўтарилиб, Оролбўйи, ҳаттоки, унга яқин ҳудудлардаги экин майдонлари устини ҳам туз қоплаяпти. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон жаҳонда Оролни ҳимоя қилиш бўйича энг ташаббускор мамлакат сифатида тилга олинади.

Яна ўқинг:  Тустовуқ маккажўхорини ҳашаротлардан ҳимоялайди

Зеро, Ўзбекистон табиатини, бой табиий ресурсларини асраб-авайлаш улардан ҳозирги ва келгуси авлодлар манфаатлари йўлида оқилона фойдаланилишини таъминлаш, экологик хавфсизликни, айниқса миллат соғлиғини асраш ва генофондини соғломлаштириш, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш каби мақсад ва вазифалар билан уйғундир

Суҳбатдош: Жавлон САЪДУЛЛАЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: