Соч тўкилишини тўхтатиш сирлари

Кучли ва қалин сочлар ёшлик ва гўзаллик тимсоли. Унинг ортиқча тўкилиши эса инсонда психологик ноқулайликни келтириб чиқаради.

Маълумотларга кўра, бугун дунёда 50 фоиз эркак айнан соч тўкилишидан азият чекмоқда. Бу, албатта, бир неча омиллар билан боғлиқ.
ССВ Матбуот хизмати ушбу мавзуга доир саволлар билан Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом РАҲИМОВга мурожаат қилди.

– Соч тўкилиши ҳар куни ва ҳар ким билан рўй берадиган жараён бўлиб, инсон кунига ўртача 60-100 тола соч йўқотади, – дейди Илҳом Раҳимов. – Бошда ўрта ҳисобда 50 мингдан 150 мингтагача соч толаси бўлиши меъёр ҳисобланади. У фолликуладан ўсиб чиқади. Фолликула остида эса соч қопчаси жойлашган бўлиб, у ерда соч илдизи ривожланади.


Соч қопчасида янги тола пайдо бўла бош­лаганда, эскиси тўкилиб кетади. Бу эса табиий жараён ҳисобланади. Ўртача 2 йилдан 4 йилгача яшайдиган соч толаси асосан кундузи ва кўпроқ баҳор ҳамда ёз ойларида нисбатан тезроқ ўсади.
Соч – инсон танасидаги энг нозик ва энг «жонкуяр» аъзолардан бири. Чунки унинг тўкилишига организмнинг бошқа аъзолари касалланиши ёки асаб толаларининг таранг­лашиши сабаб бўлади.
Унинг меъёридан ортиқ тўкилиши, аввало, нерв тизимининг зўриқиши туфайли бош­ланади. Қолаверса, ички секреция безлари, жигар, меъда-ичак йўли аъзолари фаолиятининг бузилиши, витамин етишмаслиги ёки соч фоликулаларидаги туғма нуқсонлар ҳам бунга туртки бўлиши мумкин.
Шунингдек, себорея (ёғ ажралишининг бузилиши) натижасида сочнинг эрта тўкилиши эҳтимоли мавжуд. Тана ҳароратининг баъзи инфекцион касалликлар оқибатида узоқ вақт юқори бўлиши, захм ва оғир операциялардан сўнг ҳам соч тез тўкилиши мумкин. Шу билан бирга, бош терисига замбуруғ юққанида, сочларимиздан айрилишимиз ҳеч гап эмас.
Асабийлик, жисмоний чарчоқ ва бошқалар оқибатида кўпинча соч уя-уя ёки думалоқ-думалоқ бўлиб тўкилади. Бундан ташқари, толиқиш ва уйқусизлик оқибатида ҳам соч камайиши кузатилади.

– Сочнинг табиий ёки меъёридан ортиқ тўкилаётганини билиш мумкинми?


– Албатта. Бунинг учун бошни ювиб, орадан бир кун ўтгач, соч толаларини ушлаб тортинг. Агар қўлингизга 7 донадан кам тола узилиб чиқса, бунинг зарари йўқ. Бироқ акси бўлса, имкон қадар тезроқ шифокорга мурожаат қилиш лозим.

– Соч тўкилишининг олдини олиш учун нима қилиш керак?


– Бунинг учун, аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва тўғри овқатланиш зарур. Унутманг, сочларнинг тўкилиш муаммосини махсус шампунь, витамин-минералли комплекслар ва шу каби қўшимча воситалар ёрдамида ҳал қилиш ижобий самара беради.
Соч парваришига тааллуқли баъзи воситалар таркибида фойдали ва парвариш­ловчи компонентлар мавжуд ва улар сочларга ижобий таъсир кўрсатади. Зарур бўлган моддалар етишмовчилигини тўлдириб, фолликулаларнинг озиқланишини яхшилайди.

Соч парваришида қуйидагиларга амал қилиш лозим:


– Cочни юваётганда сув ҳарорати 35-45 даража илиқ бўлиши керак. Соч қанчалик ёғли бўлса, сув ҳарорати нисбатан пастроқ бўлиши зарур:
– шампунни соч турига қараб танлаш мақсадга мувофиқ. Мутахассислар шампундан сўнг махсус текисловчи воситалардан фойдаланишни тавсия қилади. Улар соч қуришини ва тарашни осонлаштиради, толага эластиклик бахш этади:
– соч тараш бир қарашда оддийдек туюлиши мумкин. Аммо унинг ҳам эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳатлари бор: жумладан, калта сочлар илдизидан, узун сочлар пастки қисмидан бошлаб таралади:
– соч қуриткични тез-тез қўллаш тавсия этилмайди. Уни бошдан 40 сантиметр узоқликда ушлаб – «совуқ қуритиш» лозим.

Унутманг! Сочни совун билан ювиш мумкин эмас. Чунки совун толадаги сув-липид қаватини йўқотади ва зарарлайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Яна ўқинг:  СОКИН ҲАЁТ ЗАВҚИ

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: