Лейшманиоз қандай касаллик?

Лейшманиозлар – одам ва ҳайвонлар орасида учрайдиган бир гуруҳ протозой трансмиссив касаллиги бўлиб, асосан ички аъзоларни (висцерал лейшманиозда) ёки тери ва шиллиқ пардани (тери лейшманиозида) зарарлайди. Касаллик одамга Phelebotomus турига мансуб лейшманиоз билан зарарланган москитнинг чақиши оқибатида юқади. Ўз навбатида москит инфекцияни касалланган одамни, ит, ёввойи ҳайвонлар (чиябўри, тулки)ни, ҳар хил кемирувчилар (катта қум сичқони, қизил думли қум сичқони, япалоқ тишли каламуш ва ингичка панжали юмронқозиқ ва бошқалар)ни чақиши натижасида зарарланади. Зарарланиш мавсуми – ёз, касалланиш мавсуми эса – шу йилнинг кузи ёки келаси йилнинг баҳорига тўғри келади.

Касаллик ташувчилари – очиқ сариқ ва очиқ кулрангли ёки жигар рангдаги, икки қанотли ҳашарот, қон сўрувчи майда москитлардир. Қанотлари тинч турган ҳолда 45 градус бурчак остида юқорига кўтарилган бўлади. Учиши овозсиз ва кескин москитлар қисқа масофага учиш хусусиятига эга.


Висцерал лейшманиоз – «ўзига хос тусда» турадиган лейшманиоз шакли ҳисобланади. Хавфли тарафи шундаки, даволанмаса бу инфекциядан ўлиш 100 фоизга етади. Ўзбекистонда висцерал лейшманиознинг Ўрта Ер денгиз-Ўрта Осиё тури учрайди. Касаллик асосан кичкина ёшдаги болаларни зарарлайди, лекин катта ёшдагилар ҳам касалланадилар. Висцерал лейшманиоз инкубацион (яширин) даври 3 ҳафтадан 3 йилгача кўпинча бир неча ойлар давом этиши мумкин. Касаллик аста-секин бошланади, унинг биринчи белгиларини сезмай ҳам қолиш мумкин. Умумий ҳолсизлик кучаяди, тўлқинсимон (кўпинча бир кун давомида икки каррали тана ҳароратининг кўтарилиши) иситма аралаш безгак пайдо бўлади. Камқонлик ҳисобига терининг ранги оқаради, баъзида геморрагик тошма пайдо бўлиши кузатилади. Оғиз бўшлиғида ярали нек­ротик ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин. Беморнинг умумий ҳолати кескин ёмонлашади, улар ориқлашади, камқонлик ва лейкопения кучаяди, жигар (киндик чизиғигача) ва талоқнинг (кичкина тоз бўшлиғигача) катталашиши кузатилади. Беморларнинг деярли 10 фоизида жигар циррози ва порталли гипертензия кузатилади. Касалликнинг сўнгги босқичларида буйрак безининг зарарлангани ҳисобига шишлар пайдо бўлади, кескин ориқлаб кетиш – кахексия ривожланади.

Тери лейшманиози – терининг полиморф касаллигининг яширин даври бир ҳафтадан бир неча ойгача бўлиши мумкин. Касаллик ҳар хил кўринишда бўлади. Яъни: тери қопламида яллиғланган ёки ярасиз якка-якка ёки кўп тугунчали зарарланган жойлари бўлиши мумкин. Тери лейшманиоз касаллигига энг хос бўлган белгиси – бу узоқ битмайдиган яраларнинг мавжудлиги. Тери лейшманиози антропоноз ва зооноз тури кўринишида кечади. Ўзбекистонда зооноз тери лейшманиози учраб туради (синонимлар: қишлоқ тури, пендин яраси, ўткир некрозли тери лейшманиози, Боровский касаллиги) ва у калта яширин даврига эга (3 ҳафтагача), чақилган жойдаги дўнг тезлик билан катталашади, яллиғланади ва шу жойда атрофи шишган кенг инфильтратли яра пайдо бўлади. Яра диаметри 5 см.гача етиши мумкин. Кейинчалик яранинг ўрни битади. Касаллик бошланганидан 4-5 ойдан сўнг «муҳрланган» тиртиқ пайдо бўлади. Кўпинча лейшманиомалар юз, кўл ва оёқнинг очиқ жойларида жойлашади, кам учрайдиган ҳолатларда баданда ҳам бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Фойдали маҳсулотларнинг баъзи салбий жиҳатлари

Қуйидаги чора-тадбирларни ўтказиш лозим

– лейшманиоз билан зарарланган беморларни эрта аниқлаш ва даволаш;


– дезинсекция ўтказиш – хонадонларга москитларга қарши ишлов бериш;

– дератизация ўтказиш – қишлоқ аҳоли пунктлари ва дала ишлари ўтказиладиган участкаларига яқин жойлардаги ёввойи кемирувчиларни йўқ қилиш;


– москитларнинг кўпайиш жойларидан учиб чиқаётган сонини камайтириш мақсадида аҳоли пунктларида доимий равишда санитария тозаликни ушлаб туриш, уй ва молхонадан чиқадиган чиқиндиларни зич ёпиладиган қопқоқли яшикларда ушлаш ҳамда йиғилишига қараб мунтазам равишда алоҳида ажратилган махсус майдонга чиқариб, уларни у ерда ёқиш ёки зарарсизлантириш зарур;

– доимий равишда уйларнинг ертўлалари, сабзавот сақланадиган бинолар, молхона ва уй паррандалари турадиган биноларнинг озодалигини назоратда ушлаш керак;


– шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида дайди итларни йўқ қилиш муҳим. Хизмат ва хонадон итлари доимо ветеринария назорати остида бўлиши шарт;


– москитлардан ҳимояланиш учун албатта шахсий ҳимоя воситаларини қўллаш – пашшахоналар, ойна ва эшикларга сетка тутиш мақсадга мувофиқдир;


– кечки вақтда ҳашаротларнинг чақишидан ҳимояланиш учун узун енгли кўйлак ва шим кийиш зарур;

– очиқ ҳавода ишлаганда тананинг очиқ қолган жойларини москитлар чақишидан ҳимоялаш учун репелентлардан фойдаланиш керак;


– қишлоқ хўжалик мавсумий ишларга жалб қилинган ишчиларнинг ётоғи эпидемик мавсумда зооноз тери лейшманиозининг табиий ўчоғидан 2 км. масофа узоқлигида жойлаштирилиши тавсия этилади;


– қисқа вақтга тропик жойларга борадиганларга кимёвий профилактика сифатида хлоридин ёки тиндурин препаратларидан ҳафтада бир маротаба ёшига қараб фойдаланиш тавсия этилади.

Манба: sanepidxizmat

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: