ОИВ ва ОИТС: соғлом ҳаёт учун огоҳлик!

Ҳар бир инсон учун унинг ва оила аъзолари ҳамда яқинларининг соғлиғи улкан бойликдир. Ана шу бойликни асраб-авайлаш учун одам тиббий саводхонлигини мудом ошириб бориши керак.

Арзимас лоқайдлик ва эътиборсизлик инсон умрига завол етказиши мумкин.

Азиз юртдошлар! Ўзимизнинг ва атрофимиздаги инсонлар саломатлигига бепарво бўлмайлик. Чунки, зарарли иллатлар ва турли юқумли хасталикларнинг олдини олиш ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ва инсоний бурчидир. Дунёда тириклигимизни таъминловчи, ҳаёт аталмиш азиз неъматни асрашда муҳим омил саломатлигимизга заҳмат етказувчи турли юқумли касалликлар ва уларнинг юқиш йўллари ҳақида маълумотга эга бўлиш шарт ва зарур. Тиббий маълумотга эга бўлиш огоҳликка чорлайди. Огоҳ одам эса ўзи ва атрофдагиларни муҳофаза этиш чора-тадбирларини қўллай олади.

Унутманг! Барча иллатлар бехабарлик ва тиббий саводхонликнинг етишмаслиги сабабли авж олади. Қуйида биз ОИВ ва ОИТС ҳақида қисқача маълумот бермоқчимиз.

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) – одамнинг сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллигини қўзғатувчиси ҳисобланади.

ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллиги.

ОИВни юқтириб олганлар – одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар.

Орттиррилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) – ОИВни одамнинг иммун тизимини шикастланиши натижасида келиб чиқадиган касаллик, ОИВ инфекциясини сўнгги босқичи.

ОИВ инфекцияси – фақат одамларда учрайдиган сурункали юқумли касалликдир.Касалликнинг манбаи уни юқтириб олган одамдир. Вирус одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. ОИВ инфекциясининг кечиши бир неча даврдан иборат. Бу инфекциянинг яширин даври бир неча ойдан 5-10 йил ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Бу даврда вирусни юқтириб олган шахслар кўринишидан соғлом бўлиб, уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари кузатилмайди. Айнан шу давр анча хавфли ҳисобланиб, ОИВни юқтириб олган шахслар ўзлари билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириши мумкин. ОИВ инфекциясида ўз меъёрида ишлаб турган иммун тизими (касалликларга қарши курашиш хусусияти) йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Вирус организмда тинимсиз кўпайиб, аста-секин иммунитет тизимини мутлақо издан чиқаради. Агар тегишли даволаш чоралари кўрилмаса орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) ривожланади. Бу даврда организм турли хил юқумли касалликларга жуда берилувчан бўлиб қолади.

Яна ўқинг:  Силнинг давоси бор

ОИВ ИНФЕКЦИЯСИ УЧ ХИЛ ЙЎЛ БИЛАН ЮҚАДИ:

Парентерал – тери ва шиллиқ қаватлар бутунлигини бузилиши билан амалга ошириладиган муолажалар: ОИВ инфекцияси билан зарарланган, текширилмаган қон ва қон маҳсулотлари беморларга қуйилганда, аъзо ва тўқималар кўчириб ўтказилганда, ностерил тиббий ва нотиббий асбоблардан фойдаланилганда (қон қолдиқлари мавжуд бўлган устара ва тиш шёткалари умумий ишлатилганда, татиуровка, косметика муолажаларида, бир марталик шприцлар қайта ишлатилганда, стоматологик, хирургик, гинекологик тиббий асбоблар етарлича зарарсизлантирилмаса ҳам касалликни юқтириб олиш мумкин).

Жинсий йўл – бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчи шахслар орасида кўпроқ учрайди.

Вертикал – ОИВни юқтириб олган ҳомиладорлардан ҳомилага ёки чақалоққа: ҳомиладорлик даврида (агар йўлдош жароҳатланган бўлса), туғруқ жараёнида ва чақалоқ туғилгандан сўнг кўкрак сути билан эмизганда.

ОИВ қуйидаги ҳолларда юқмайди:

Жароҳатланмаган тери ва шиллиқ қаватлар орқали касаллик юқмайди. Шунинг учун бемор билан битта идишдан овқат ейиш, у билан гаплашиш, қўл бериб кўришиш, қучоқлашиш, умумий чўмилиш ҳавзалари, ҳожатхонадан фойдаланиш хавфли эмас. Касалликни қон сўрувчи ҳашаротлар (чивин, бит, кана ва бошқа) орқали юқиши исботланмаган.

Касалликнинг қандай белгилари мавжуд?

Хусусан, ОИВ инфекциясига хос белгилар мавжуд эмас. Айрим беморларда касаллик юққанидан кейин 8-10 ҳафта ўтгач бирламчи ўткир клиник кўриниш даври ривожланиши мумкин. Бу даврда беморда гриппга хос белгилар кузатилади. Бунда камқувватлик, иштаҳанинг пасайиши, кўп терлаш, тана ҳароратининг кўтарилиши, лимфа безлари, жигар, талоқнинг катталашуви кузатилади. Касалликнинг авж олиш даврида бемор гепатит, сил, нафас йўллари ва меъда-ичак тизимини зарарловчи турли касалликларга берилувчан бўлиб қолади.

Бу даврда беморга юққан қўшимча касалликларнинг белгилари намоён бўлади. Бўғимлардаги оғриқ, бемор терисида ҳар хил тошмалар пайдо бўлиши, йўтал, узоқ муддат давомида ич кетиши каби белгилар кузатилиши мумкин. Юқорида таърифланган белгиларнинг қайси касалликка тегишли экани фақат шифокор томонидан аниқланиши мумкин.

Қуйидаги омиллар ушбу касалликни дунё бўйича кенг тарқалишини тўхтатишга имкон бермаяпти:

Қонида ОИВ инфекцияси мавжуд бемор умрининг охиригача вирусни юқтириш хавфини сақлаб қолиши;

Вирусни генетик ўзгарувчанлиги (мутация) дунё бўйича касалликни олдини олишга қодир ва самарали вакцинани (эм дорини) йўқлиги;

Яна ўқинг:  ОҚСИЛГА БОЙ МАҲСУЛОТ

Касалликни чақирувчи вирусга самарали таъсир этувчи дори воситаларининг ҳозирча топилмаганлиги;

Касаллик асосан хулқ-атвори бузуқ шахслар орасида тарқалишига жаҳонда эҳтимол кенгроқ бўлиб, улар кўпроқ хасталикни юқтиришга мойиллиги ва бу шахслар билан самарали ишлаш имкони қийинлиги.

ОИВ инфекцияси бўйича ҳозирги кунда жаҳонда эпидемиологик вазият қуйидагича:

Ҳозирги кунга қадар дунё бўйича 34.2 млн.киши ОИВ инфекцияси юққанлиги сабабли рўйхатга олинган. Бу касалликка ҳар йили 2.5 млн киши чалиниб, 1.7 млн киши вафот этмоқда. Дунё бўйича ҳар куни 7 минг нафар киши ОИВ инфекциясини ўзига юқтириб оляпти.

Охирги йилларда ОИВ инфекциясининг жинсий алоқа йўли билан юқиш салмоғи ошиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири меҳнат мигрантлари омили ҳисобланади. Кейинги йилларда чет давлатларда узоқ вақт бўлиб, Ўзбекистонга қайтган вилоятимиз фуқаролари орасида ОИВ инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Ушбу ҳолат меҳнат мигрантларининг ОИВ инфекцияси профилактикаси йўналишида хабардорлик даражалари талаб даражасида эмаслигидан далолат бериб турибди.

Афсуски, баъзи ота-оналар фарзандларининг никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишига жиддий эътибор беришмайди:

Соғлом оила-келажак пойдевори эканлиги сир эмас. Шу сабабдан никоҳланувчи шахслар яшаш жойидаги психиатр, нарколог, тери-таносил касалликлари, фтизиатр каби мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида ОИВ инфекциясига ҳам текширилади. Тиббий кўрикдан ўтиш ҳар бир ёшнинг соғлом оила қуришига асос солади.

Агар Сизда ОИВ инфекцияси юққан бўлиши мумкин деган гумон бўлса, лаборатория текширувидан ўтинг.

Агар Сизда ОИВ инфекциясини юқтириб олиш хавфини туғдирган омиллар кузатилган бўлса, ўзингизни ушбу касалликни юқтириб олган ёки олмаганингизни аниқлаш ҳамда яқинларингиз, оила аъзоларингизга касаллик юқишини олдини олиш мақсадида вилоят ОИТСга қарши кураш марказига мурожаат этишингиз мумкин. Касалликнинг юққанлигини эрта аниқлаш, ўз соғлигингизни имкон қадар узоқ муддатда яхши сақлашга ёрдам беради. ОИТСга қарши кураш марказида ОИВ инфекцияси мавжуд ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текширувидан ўтиш, ОИВ/ОИТС масалалари бўйича малакали мутахассислардан тегишли маслаҳат олиш мумкин. ОИТСга қарши кураш марказида мурожаат этган шахсларнинг исми-шарифи сир сақланган ҳолда, ихтиёрий равишда, бепул лаборатория текширувидан ўтиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Шифокорлар томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг исми-шарифлари сир сақланиши кафолатланади.

Яна ўқинг:  ПРОФИЛАКТИК КЎРИК – меъда саратонининг олдини олишда муҳим омил

ОИВ инфекцияси юқиши хавфини қандай камайтириш мумкин?

Эр-хотинлар бир-бирига вафодор бўлишлари шарт. Фақат шахсий устара, тиш шеткалари ва бошқа шахсий гигиена воситаларидан фойдаланиш зарур. Муолажалар олиш зарурияти туғилганда стерил, бир марта ишлатиладиган тиббий шприцлар ва асбоблардан фойдаланиш даркор. Никоҳланувчиларни 100 фоиз тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш ва ОИВ инфекциясига текширишни ташкил этиш шарт.

Чет давлатларга узоқ муддатга ишлагани кетувчи мигрантларнинг яқинларига улар қайтиб келгандан сўнг ОИВ ва бошқа касалликларни турмуш ўртоғига юқишини олдини олиш тадбирлари бўйича тегишли маслаҳатлар бериш, уларни ўзини текширишга ундаш, ОИВга текшириш натижалари чиққунга қадар ҳимояланган алоқада бўлиш кераклиги ҳақида шифокор – мутахассислар кенг тарғибот ишларини олиб боришлари керак.

Ашур ТЎХТАЕВ,

тиббиёт фанлар номзоди, Бухоро вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: