Фарзандингиз мактаб ёшига етдими?

Энди ота-оналик масъулияти янада ортади. Болакай атроф-муҳитга синчковлик билан қараб, кўрганларини ўзича муҳокама қилади ва уларни ўзлаштиради, айрим нарсаларни такрорлашга уринади. Бугунги саҳифамизда ҳам мактаб ёшидаги болалар саломатлиги, руҳий ва ақлий ривожланиши ҳақида сўз юритамиз.

Тасаввурлар олами


Айни шу ёшдаги ўғил-қизлар тасаввурлар оламида яшайди. Баъзида хаёл билан ҳақиқатни адаштириб, ўзи ўйлаб топган воқеаларни худди чиндек сўзлайди. Аммо шундай бўлса-да, сиз кичкина «хаёлпараст»ни ёлғончига чиқаришга шошилманг. Аввал, ёлғонни нима мақсадда ишлатганлигини аниқлаб, сўнг ростгўйлик яхши одат эканлигини тушунтиринг.
Тасаввури, дунёқараши кенг бўлиши учун оилавий сайрлар уюштириб туриш ижобий самара беради. Сўлим гўшаларда тез-тез саёҳат қилиш, она табиатга бўлган меҳрни мурғакликдан шакллантириш орқали тафаккурни бойитиш мумкин. Маданият муассасалари – музей, театр томошалари, китоб дўконлари, тарихий қадамжоларга қилинган зиёратлар болакайда олам-олам таассурот қолдиради, руҳиятида ижобий ҳусусиятлар шаклланишига туртки беради.
Бу даврда болаларда масъулият ҳисси шаклланиб бораётгани боис, катталар томонидан айтилган юмушларни бажариш «кичик ёрдамчи»га хуш ёқади. Ўйинчоқларини йиғиштириш, сизга керакли буюмларни олиб келиб бериш уларга завқ бағишлаб, ўзига бўлган ишончни оширади. Катталар эса шундай дамларда болани мақтаб, рағбатлантириб туришни унутмасликлари лозим. 7-8 ёшли ўғил-қиз руҳиятида айнан рағбатга бўлган эҳтиёж кучли бўлади.

Тишларга беэътибор бўлманг!

Мактаб ёшидаги болаларда энг кўп учрайдиган муаммо – тиш касаллик­лари. Аввало, бу даврда боланинг сут тишлари бирин-кетин тушиб, улар ўз ўрнини доимий тишларга бўшатаётган бўлади. Статистик маълумотларга кўра, 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг 85 фоизида тиш кариеси бор. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария, гигиена ва касб касалликларини ўрганиш илмий текшириш институти ўтказган изланишларга мувофиқ, болалар тиш хасталиклари келиб чиқишининг асосий сабаби – ирсият, нотўғри овқатланиш, гигиена қоидаларига риоя қилмаслик ва баъзи ҳудудлардаги экологик вазият билан боғлиқ.

Шу туфайли шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни ҳар бир ота-она фарзандига гўдаклигидан ўргатиб бориши жуда муҳим. Аммо бола билан бу амалларни мунтазам олиб бориш ҳам осон эмас. Гоҳида ўйинқароқлик қилиб, баъзан хафсаласизлик сабаб гигиена қоидалари ёдидан кўтарилиши мумкин. Қанчалик қийин бўлмасин, ҳаракатдан тўхтаманг, дилбандингиз соғлом ва бақувват бўлиб камол топсин. Бир нарсани тан олишимиз лозим, аксар ота-оналар сут тишлари саломатлигига у қадар жиддий аҳамият қаратмайди. Бу тўғри эмас, инсон саломатлигининг қанчалик мустаҳкам бўлиши, аввало, тишлар соғлигига боғлиқ. Айниқса, сут тишларининг аҳамияти жуда катта.

Бола тишларининг энг хавфли душмани – кариесдан ҳимояланишни қанча эрта бошласак, шунча яхши. Дастлаб, сут тишлар учун юмшоқ шётка ва болаларга мўлжалланган тиш пастаси танлаймиз. Ҳар куни эрталаб ва кечқурун тишларни тозалашдан ташқари, овқатлангандан кейин оғизни чайишга одатлантиришимиз керак. Бундай муҳим жараёнларни ота-она фарзанди билан биргаликда амалга оширса, самараси тезроқ билинади.
Кариесдан ҳимояланишда ширинлик­лар, қотган нон, чипс маҳсулотларини эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш керак. Сут, турли мева шарбатлари ҳам тиш эмали учун хавфли. Улар таркибидаги шакар ва кислоталар тиш эмалини «ювади». Мазкур маҳсулотларни ичимлик учун махсус таёқчалар орқали ичган маъқул. Тиш учун фойдали маҳсулотлар рўйхатини қатиқ ва хом сабзавотлар бошлаб беради. Сабзи ва карам милкларни яхши уқалаб, тиш орасини карашдан тозалайди. Кунлик таомномангиздан брокколи карами доимий жой эгалласа, кальций ва фосфор етишмовчилигининг олди олинади. Кўкатларнинг ҳамма турлари барра ҳолида истеъмол қилинганда, оғиз бўшлиғини дезинфексия қилади.

Яна ўқинг:  Соғлом турмуш тарзи ақли заифликдан сақлайди

Стол чироғи ёниқ турсин, аммо…


Бола дарс қиладиган хона доим ёруғ бўлсин. Фарзандингиз бироз қоронғу жойда расм чизиши ёки ёзишига йўл қўйманг. Бундай юмушлар вақтида, албатта, стол чироғи ёниқ турсин. Аммо чироқ нурлари кўзга тўғридан-тўғри тушмаслигига аҳамият қаратинг.
Китоб ўқиш ва ёзишда компьютерда шуғулланганда кўз ва экран орасидаги масофа 30 сантиметрдан кам бўлмаслиги лозим. Фарзандингизга болаликдан тўғри дарс қилиш қоидаларини ўргатган маъқул. Баъзи болаларга гиламча ёки диван устида ётиб шуғулланиш қулай, аммо бу усул кўзларни толиқтиради, натижада кўз тўқималари заифлашиб боради.

Ҳамма нарсанинг меъёри яхши


Тан олиш керак, бугунги ёш авлод ахборот технологияларини, мураккаб бўлишига қарамай, анча тез ўзлаштиради. Турли ақлий, мантиқий ва бошқа ранг-баранг ўйинларнинг ҳам фойдали жиҳатлари бор, албатта. Аммо унинг ҳам меъёри яхши. Компьютер, смартфон ва планшетлар бола саломатлиги учун зарарли эканлиги исботланган. Бундай воситалардан истаганча, тартибсизлик билан фойдаланиш болада хотира ва кўз нурининг пасайиши, уйқу бузилиши, паришонхотирлик, атрофдаги воқеаларни англамаслик каби жиддий оқибатларни пайдо қилиши мумкин. 7-8 ёшли болалар учун телевизор кўриш ёки бошқа ахборот воситаларидан фойдаланишда кунлик меъёр 30-40 дақиқадан ошмаслиги лозим.

Кундузги уйқунинг фойдаси кўп


Болалар саломатлигида уйқунинг аҳамияти жуда муҳим. Кечки уйқуга ҳар куни бир вақтда ётишга одатланиш (7-8 ёшли бола учун кечки ётиш вақти соат 21:00 дан ошмасин) лозим. Бу ёшдаги аксар болалар кундузли уйқуни истамайди. Ундан қутилиш учун турли баҳоналар топиши, инжиқланиши мумкин. Шундай пайтларда биз, катталар «фарзандим катта бўлиб қолди, унга кечки уйқунинг ўзи етади», деган фикрга келишга шошилмайлик. Кундузги уйқу боланинг марказий асаб тизими фаолиятининг тўғри шаклланишига ёрдам беради. Боланинг асаб тизими доимий оғирликларни бошдан кечириб эндигина ривожланаётган бўлади ва фақат уйқуда тўлиқ дам олади. Ёши улғайиши билан унинг кундузги уйқуга бўлган эҳтиёжи камая бошлайди. Мактаб ёшдаги болаларга бир соатлик уйқу ҳам етарли.


Тадқиқотларда аниқланишича, сифатли кундузги уйқу болага қуйидагича таъсир ўтказади:
• фикрлаш ва диққатни бир ерга тўп­лашга имкон яратади;
• руҳий ҳолатга ижобий таъсир қилади;
• неврологик бузилишлар ва касалликлар профилактикаси вазифасини ўтайди;
• иммунитетни мустаҳкамлайди;
• оламни максимал даражада мус­тақил тарзда англаш ва ота-она назоратига минимал даражада эҳтиёж сезишда ёрдам беради.

Агар бола кундузи ухламаётган ва бундан ҳеч қандай ноқулайлик ҳис қилмаётган бўлса, унда ота-оналар кундузи боланинг бироз бўлса ҳам хотиржам шароитда дам олиб ётиши учун шароит яратишлари керак. Бундай сокин ҳордиқ куч йиғилиши ва асаб тизимининг мус­таҳкамланишига имкон беради.

Яна ўқинг:  Руҳий тушкунлик вақтида ким ёрдамлашади?

Вақтни тўғри тақсимлаш керак


Бу даврда болалар шу қадар ҳаракатчан бўладики, тиним билмай югуради, чопади, аммо чарчамайди. Албатта, бу табиий ҳолат. Ота-оналарнинг вазифаси – туганмас ички кучни тўғри йўналтира билишдир. Ҳар бир мурғак қалбнинг ўз олами, тасаввури бўлади. Фарзандингиз билан дилдан суҳбатлашиб, истак ва қизиқишларини сўрасангиз, унинг ўзи сизга йўл кўрсатади. 7-8 ёшли бола нимага қизиқиши, қобилияти ва имкониятидан келиб чиқиб, уни йўналтириш мумкин. Бу ёшдаги болаларни расм, бош­ланғич математика, эртаклар ўқиш ва турли тил ўргатувчи тўгаракларга жалб этиш мумкин. Спортнинг шахмат-шашка, сузиш, гимнастиканинг барча турлари мос келади. Бирор тўгаракка беришдан олдин болакайнинг қизиқиши, саломатлик ҳолати, албатта, инобатга олиниши керак.

Ҳамида РАЖАБОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: