ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЧЕКИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИНМИ?
Бугунги тезкор тараққиёт даврида ёшлар ўртасида электрон сигареталарга ружу қўйиш ва чекиш ҳолларининг тез-тез кўзга ташланаётгани ачинарли ҳол.
Маълумотларга кўра, дунёда тамаки истеъмолчиларининг сони 2015 йилдаги 1,32 миллиард кишидан 2020 йилда 1,3 миллиардга камайган.
ЖССТ экспертлари 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 1,27 миллиард кишига тушишига умид қилмоқда ва мамлакатларни ёмон одатларга қарши фаол курашишга ундамоқда.
Кўпчилик мамлакатларда, жумладан, АҚШ ва Европанинг баъзи мамлакатларида ёшларнинг электрон сигареталарни кўп истеъмол қилиши кузатилмоқда.
2019 йилда АҚШда сўров ўтказилганда ҳар тўртинчи мактаб ўқувчиси ҳозирги пайтда (охирги 30 кун ичида) электрон сигарета чекиши аниқланган.
АҚШнинг Фанлар, муҳандислик ва тиббиёт миллий академияси (NASEM) маълумотларига кўра, электрон сигареталар чекишни бошлаётган ўсмирлар ва ёшлар кейинчалик одатий сигареталарни ҳам чекишни бошлаши хусусида аниқ далиллар мавжуд.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) янги ҳисоботига кўра, 60 та давлат 2025 йилга бориб тамаки истеъмолини 2010 йилга нисбатан 30 фоизга қисқартириш мақсадига эришиш учун ҳаракат қилмоқда. Икки йил аввал атиги 32 та давлат бундай муваффақият билан мақтана оларди.
Экспертлар 2030 йилга бориб яна 152 миллион киши ёмон одатдан воз кечиши мумкинлигига ишонч билдирган. Ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун ЖССТ турли компаниялар ва ташкилотларни ўз ичига олган тамаки назорати бўйича махсус гуруҳ тузган.
Ўйлаймизки, келажакда ёшлар чекишнинг салбий оқибатларини теран англаб, ундан йироқ бўлади, албатта.
Марям АҲМЕДОВА