Нега ёш болалар орасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда?

Бугун пневмония касаллиги кўпчилигимиз учун яхши таниш. Боиси, сўнгги пайтларда бу хасталикка чалиниш бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам кўп кузатилмоқда. Афсуски, ушбу касаллик болаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада? Пневмония ёш болаларда қандай кечади? Белгилари ва даволаш усуллари нималардан иборат?
ССВ Матбуот хизмати шу ва шу каби саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат ШАМСИЕВга мурожаат қилди.

– Сўнгги пайтларда болалар ўртасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бунинг асосий сабаб­лари нимада? Дастлаб шу ҳақида айтиб ўтсангиз.


– Дарҳақиқат, бу йил юртимизда ёш болалар ўртасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари сони бирмунча ортди. Буни эса бутун дунёдаги пандемия ҳолати, қолаверса, «COVID-19» инфекциясининг янги штаммларининг пайдо бўлиши ва бу штаммлар бевосита болаларда ҳам кўп учраётгани билан боғлаш мумкин.
Бундан ташқари, болаларда ўпка касалликларининг ортишига яна бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Жумладан, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган вирусли инфекциялар кўпайган вақтда боланинг шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслиги, ҳимояловчи воситаларни тўғри ишлатмаслиги уларнинг ушбу хасталиклар билан касалланишига олиб келмоқда.
Шу билан бирга, ота-оналар томонидан фарзандини уй шароитида грипп ва ўткир респиратор касалликлардан ўзбошимчалик билан даволаши, бемор бўлса-да ўғил-қизларини боғча ёки мактабга юбориши ва бу орқали бошқа соғлом болаларга инфекцияни юқтиришга шароит яратиши, болада сурункали инфекция ўчоқларининг вақтида бартараф этилмаслиги, нотўғри овқатлантириш, боланинг руҳий зўриқиши, жисмонан чиниқмаганлиги, кам ҳаракатлиги, узоқ вақт ёпиқ хоналарда ўтириши ҳамда вирусли касалликлар эпидемияси вақтида вакцинация қилинмаслиги ҳам касалланишлар сони ортишига сабаб бўляпти.

– Пневмония болаларда қандай кечади? Белгилари, ташхис ва даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумот берсангиз.


– Пневмония катталарга нисбатан болаларда бир мунча оғирроқ кечади. Сабаби, уларда иммун тизими яхши ривожланмаган, шу боис ҳам болаларда тана ҳарорати кўтарилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда ота-онадан зийраклик талаб этилади.
Шунингдек, болаларда мукоцилиар клиренс яхши ривожланмагани ҳисобига, унда дастлаб қуруқ йўтал, сўнг­ра, инфекциянинг тезда ўпкага ўтиш ҳолатлари кузатилади. Ўпка аускультациясида қуруқ ва нам хириллашлар эшитилади.
Болада ушбу касаллик аломатлари аниқланганда албатта шифокорга мурожаат этиш шарт. Чунки пневмония касаллиги ЎРВИга нисбатан узоқ давом этадиган касалликдир.
Ўпкадаги яллиғланиш жараёнини аниқлаш мақсадида турли хил текширувлар олиб борилади: қон, сийдик таҳлили, қонда С-реактив оқсил, прокальцитонинни аниқлаш, кўкрак қафасининг рентгенографияси шулар жумласидандир.
Пневмония касаллигида қўлланиладиган дори воситалари турли ва мураккаб характерга эга бўлиб, хасталикнинг сабабларини енгишга (этиотроп терапия), касаллик аломатларини йўқотишга (симптоматик терапия), шунингдек, тана аъзолари тизимини тиклашга (ёрдам берувчи терапия) қўлланилади.
Шу билан бирга, касалликни даволаш учун гипоаллерген парҳез, кислород терапия, ҳавони намлантириш ва хонани шамоллатиш, витамин Д, иммуноцинк, вирусга қарши, муколитик ва балғам ажратувчи дори воситалари, кўрсатмага биноан антибактериал даво, периферик қон айланишни яхшиловчи дорилар, оғир ҳолатларда иммуноглобулин G каби муложалар олиб борилади.
Муайян касалликни даволаш учун дори воситалари индивидуал танланади ва беморнинг ташхисига, умумий аҳволига қараб фақат шифокор томонидан белгиланади.

– Бугун юртимизда болалар ўртасида номаълум вирус тарқалиб, касаллик тезда ўпкани зарарлаётгани ҳақида турли гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Бу қанчалик тўғри?


– Очиғи, буларнинг барчаси ҳеч қандай асосга эга бўлмаган гап-сўзлардир. Маълумки, тиббиётда мавсумий касалликлар, шунингдек, тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, қуруқ ва нам хириллашлар, респиратор дистресс ва гипоксия билан кечувчи респиратор касалликлар мавжуд. Мавсумий касалликлар бутун дунёда куз ва қиш ойларига тўғри келади.
Куз ва қиш ойларида ҳар йили ЎРИ, грипп, парагрипп ва РС вирусли инфекциялар қайд этилади. Пандемия сабабли аҳоли орасида коронавирус билан касалланганлар сони ортиши ва ўтказилган касаллик сабабли иммун тизимининг сустлашганини ҳисобга оласак, бу йили мавсумий касалликлар 1-1,5 ой олдинроқ бошланди.
Бундай ҳолатларда шифокор сифатида профилактик чора-тадбирлар, шу жумладан, гриппга қарши эмланишни тавсия қилган бўлардим.

– Пневмонияга чалинган болани уй шароитида даволаш мумкинми?


Пневмония касаллигини, айниқса, болаларда стационар шароитда даволаш лозим. Чунки тиббиётда «пневмониянинг енгил кечиши» деган тушунча йўқ. Шу сабабли пневмония касаллигига жиддий эътибор бериш керак.
Болаларда нафас олиш аъзолари касалликларини енгил даражасини даволашни уй шароитида ташкил қилиш мумкин. Даволаш жараёнини белгиланган даволаш стандартлари асосида участка шифокори назоратида олиб бориш керак.
Қолаверса, ота-оналар боласига ўз вақтида дориларни бериб, касаллик кечиши ҳақида участка шифокорини хабардор қилиб туриши лозим.
Уйда хоналарни тез-тез шамоллатиб, тозаликка риоя қилиш, болани ёшига мос витамин ва минералларга бой маҳсулотлар билан тўғри овқатлантириш, кўп суюқлик ичириш мақсадга мувофиқ. Болага тўғри нафас олишни, керак бўлганда нафас олиш гимнастикасини ўргатиш зарур.
Сурункали касалликлар хуружи пайтида уй шароитида ингаляцияларни қилиш ёки небулайзердан фойдаланиш, бола тузалгандан кейин унга шахсий гигиена қоидаларини, соғлом турмуш тарзига риоя қилишни ўргатиш ҳам жуда муҳим.

– Болалар пневмонияга чалинмаслиги учун ота-оналар нималарга эътибор бериши лозим?

– Авваламбор, ота-оналар нафақат пневмония, балки бронх-ўпка касалликларининг олдини олишга эътибор каратишлари керак. Ушбу чора-тадбирлар барча бронх-ўпка касалликларидан ҳимояланишга катта ёрдам беради.

Жумладан:
– гигиеник қонун-қоидаларга риоя қилиш ва буни фарзандларга ҳам ўргатиш, қўлни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан мунтазам равишда дезинфекция қилиш;
– юзни қўл билан ушламаслик;
– хоналарни доимий равишда шамоллатиб туриш;
– болаларга йўталганда ёки акса урганда оғиз ва бурунни салфетка ёки тирсак билан ёпишни ўргатиш;
– фарзандларга касал бўлган болалар олдига яқин келмасликни уқтириш;
– ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни ўргатиш;
– фарзандлар касал бўлиб қолса, боғча ёки мактабга юбормасликлари лозим.

Шунингдек, боланинг тўғри ва рационал овқатланиши, сурункали инфекция ўчоқларини бартараф этиш ва чиниқтириш турли хил касалликларнинг олдини олишга катта ёрдам беради.
Болага қўшимча D витаминининг сувли эритмаси (Аквадетрим), аскорбин кислотаси, иммуноцинк ва селен моддалари, камқонликни даволаш мақсадида темир препаратлари тавсия этилса, нафас йўллари касалликларига қарши курашиш кучини оширишга ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Хотирани қандай мустаҳкамлаш мумкин?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: