БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
“Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури намойиш этилди. “Замин” ва “Имкон” масъулияти чекланган жамиятлари ва Ўзбекистон миллий Паралимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу концерт дастури ногиронлиги бўлган инсонлар, мехрибонлик уйлари ва махсус интернатлар ҳамда таълим масканларида таълим олаётган имконияти чекланган ёшларнинг ҳаётга интилишларида янада мотивация бағишлади.
Концерт дастурида бир қанча иқтидорли ёшлар, шунингдек, Қорақалпоғистондан ташриф буюрган имконияти чекланган ёшлар саҳнада ўз санъатларини намойиш этдилар.
Шунингдек, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари катта имкониятлар сари одимлаётган ёшларнинг гулдурос қарсакларига сазовор бўлди.
Тадбирда Юлдуз Усмонова куйлаган «Билмайман» номли қўшиқни биргаликда куйлаган қизларга хонанда мобиль телефонларини совға қилгани барчага кўтаринки кайфият инъом этди.
Концерт якунида Ватан хақида биргаликда куйланган қўшиқ барча қалбларга сурур бағишлади.
Амаль СОЛИЕВА