Глаукома қандай пайдо бўлади?

Инсон кўз касалликларига учрамаслиги учун нима қилиши лозим? Кўзни асраб-авайлаш билан боғлиқ қандай маслаҳатларга муҳтожсиз? Биз газетхонларни шу ҳақда тиббий маълумотга эга қилиш мақсадида Тошкент шаҳар Учтепа туман «Визоптикс» кўз шифохонасининг бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди, офтолмолог Равшан МИРХОЛИҚОВ билан суҳбатлашдик:

– Глаукома касаллиги ўзи нима?


– Глаукома – сурункали ривожланиб борувчи кўз касаллигидир. Глаукома асосан кўз ичи босимининг кўтарилиши билан намоён бўлади. Уни ўз вақтида даволанмаса, кўриш қобилиятининг тиклаб бўлмайдиган даражада пасайиши, ҳаттоки кўрликка олиб келиши мумкин. Бутун жаҳон миқёсида тиклаб бўлмайдиган кўрликнинг етакчи сабабларидан бири ҳам глаукома касаллиги ҳисобланади.

– Глаукома нима сабабли вужудга келади?


– Инсонларда глаукома касаллигининг келиб чиқиш сабаблари ҳанузгача аниқ топилмаган. Шу билан бирга, ҳозирги кунда хасталикнинг пайдо бўлиб, ривожланишига олиб келадиган бир қатор омиллар аниқланган. Асосий мойиллик омилларидан бири бу инсоннинг ёшидир.
Глаукома кўпроқ 35-40 ёшдан ошгандан кейин учрайди ва ёш ошган сари касалликка мойиллик кўпаяди. Омиллардан яна бири, бу яқин кариндошларда глаукома касаллигининг мавжудлигидир. Юрак-қон томир тизими касалликлари, артериал гипер ва гипотензия, вегетатив томирлар дистонияси, мигрен ва бошқалар ҳам глаукоманинг келиб чиқиши ва ривожланишига сабаб бўла олиши мумкин.

– Глаукома қандай белгилар билан намоён бўлади?


– Афсуски, касалликнинг бошланиши ва унинг давом этиши кўпчилик ҳолларда сезиларсиз бўлиб, беморни ҳеч нима безовта қилмайди. Бу босқичда фақат офталмологлар касалликнинг бошланғич аломатларини кўзни чуқур текшириш ва кўз ичи босимини ўлчаш йўли билан аниқлаш мумкин. Вақт ўтиши билан касалликнинг айрим белгилари пайдо бўлиб, улар беморни безовта қила бошлайди. Бунда энг муҳими кўриш майдонида айрим нуқсонларни пайдо бўлади.

Бу нимани англатади? Инсон атроф муҳитдаги бир объектга қараганда тасвирнинг айрим қисмлари тушиб қолишини, кўринмай қолишини кузатиш мумкин. Вақт ўтиши билан нуқсонлар кўпайиб боради, атроф муҳитни янада кўп қисми кўринмайдиган бўлади. Бу ҳолат одамга нафақат салбий таъсир кўрсатади, балки турли ҳолатларда хавф ҳам туғдиради. Натижада, глаукома касаллиги тўлиқ кўрликка олиб келиши мумкин.

– Нима учун глаукомани даволаш керак?


– Юқорида айтилганидек, глаукома – сурункали ривожланиб борувчи касалликдир. Бу дегани, касалликни даволаб борилмаса, унинг белгилари оғирлашиб бориб, у оқибатда тўлиқ кўрликка олиб келади. Эрта олиб борган даво чоралари глаукома касаллигини тўхтатишга, беморни меҳнат қобилиятини ва сифатли ҳаёт тарзини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Таъкидлаш лозимки, унга фақат шифокор-­офталмолог тавсияларининг қатъий бажарилиши ва даволанишни узвий таъминлаш асосидагина эришиш мумкин.

– Глаукомани қандай даволаш мумкин?


– Глаукомани даволаш учун асосий учта усул мавжуд: дори-дармон воситалари (кўз томчи дорилари) билан, лазер билан ва жарроҳлик амалиёти билан даволаш. Бунда шифокор ҳар бир беморни индивидуал ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ва бир қатор омилларга таяниб даволашнинг энг оптимал йўлларини ва дори воситаларни танлаб бериши мумкин. Энг яхши натижаларга эришиш учун мутахассис тавсияларини аниқ бажариш зарур.
Ўз-ўзини даволаш ҳоллари мутлақ бўлиши мумкин эмас! Унутмаслик керакки, ҳеч бир алтернатив дори-дармонсиз даволаниш, шунинг­дек, парҳез тутиш, бадантарбия машғулотлари ва озиқ-овқатга қўшимчалар киритиш, офталмолог томонидан белгиланган даволаш ўрнини боса олмайди.
Кўз ички босимини пасайтирувчи томчиларни буюриш глаукомани даволашнинг бош­ланғич усулидир. Агар офталмолог кўз томчиларини тавсия этган бўлса, уларни доимий равишда тўхтатмай узлуксиз томизиб туриш зарур. Ҳар бир ўзбошимчалик кўриш қобилиятини тикланмайдиган ёмонлашувига олиб келиши мумкин.
Агар дори воситалари ёрдамида керакли самарага эришилмаса, лазер билан даволаниш тавсия этилади. Лазер билан даволаш амбулатор шароитида олиб борилади ва амалиёт жараёни бир неча дақиқани ташкил этади. Айрим ҳолатларда лазер билан даволаш орқали керакли натижага эришиш имкони бўлмайди. Юқоридаги даволаш усуллари ёрдам бермаганда ва касалликнинг авж олишини тўхтатиш мақсадида жарроҳлик амалиёти тавсия этилади.

– Глаукомани муваффақиятли даволаш мезонлари қандай?


– Глаукома сурункали ривожланиб борувчи касаллик бўлганлиги сабабли уни тиббиёт ривожланишининг шу кунгача босқичида тўлиқ даволаш усули маълум эмас. Ҳозирги пайтда касаллик белгилари ривожланишини тўхтатиш муваффакиятли даволаш деб ҳисоб­ланади. Унинг асосий кўрсаткичлари – бу кўз ичи босимининг меъёрида бўлиши ва кўриш майдонидаги нуқсонларнинг кўпаймаслигидир. Глаукома касаллиги унинг эрта босқичларида инсоннинг одатдаги турмуш тарзини чегаралаб қўймаслиги мумкин, бироқ беморлар қуйидаги қоидаларга риоя қилиши зарур.

Яна ўқинг:  Остеохондроз қандай касаллик?

Офтолмолог-шифокор маслаҳати:
► Сизнинг умумий соғлиғингиз ҳолатидан келиб чиқиб, меҳнат фаолиятини давом эттириш мумкин, бироқ меъёрдаги уйқу ҳамда ўз вақтида ҳордиқ чиқариш муҳимдир.
► Ишлаш ёки ўқиш жараёнида чироқ чап томонда жойлашган бўлиб, ёруғлик етарли даражада бўлиши керак. Ҳар бир соат ичида 10-15 дақиқа танаффус қилиш лозим.
► Кўзлар учун тавсия этиладиган гимнастика жуда муҳим бўлиб, девор юзасида фараз этилган доирада кўзни бир томон ва тескарига ҳаракатлантириш зарур.
► Ўзингизнинг умумий ҳолатингизни диққат билан кузатинг. Юрак ва ўпка касаллигининг хуружи, қандли диабет, бош мия қон томирлари атеросклерози, жигар хасталиклари кўрув аъзоларига салбий таъсир этиши мумкин.
► Бўйин эгилган ҳолатда ёки гавда қияли эгилган шароитда узоқ муддатда бўлиш тавсия этилмайди.
► Чекишдан воз кечинг!
► Спиртли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш мумкин эмас.
►Қуёш ёруғлигида қуёшдан сақлайдиган кўзойнаксиз узоқ муддат бўлиш мақсадга мувофиқ эмас.
► Тунда тинч ухлаш жуда муҳим. Ётишдан олдин хона шамоллатилиши, кечқурун тоза ҳавода сайр қилиш тавсия этилади.
► Глаукомада алоҳида парҳез тутиш шарт эмас, аммо рационал овқатланиш керак. Таркибида бета-каротин, витамин А (сабзи, черника, петрушка ва ҳ.к.) бўлган масаллиқларни ишлатиш ҳамда В гуруҳ витаминларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
► Офталмолог кўригидан уч – олти ойда камида бир марта ўтиш лозим.
► Узоқ муддатга уйдан чиқиб кетилганда кўз томчиларини ўзингиз билан олишни унутманг!

Майрам ҚОДИРОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: