Қулупнай мавсумига тайёрмисиз?

Апрелнинг охири ва май ойи қулупнай айни пишиб етилган пайт ҳисобланади. Айниқса, рангини айтмайсизми, ёқутдек товланади. Тилни ёргудек мазали. Сизга антиқа бир маслаҳатимиз, қулупнай енг ва ухланг. Чунки у ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилинганида қон босимини тушириб, ухлатиб қўйиши ҳам мумкин.

Аммо қулупнай ўзидаги бир қатор фойдали элементлар эвазига мунтазам истеъмол қилинганда иммунитетни мустаҳкамлайди, юрак-қон томир тизими ишини яхшилайди. Микроблар ва шамоллашга қарши яхши таъсир кўрсатади, уни фаол истеъмол қилиш гриппга даво бўлади ва оғиздаги нохуш ҳиддан халос этади.


Қулупнай жуда яхши сийдик ҳайдаш хусусиятига эга бўлгани боис уни сийдик-тош тизимида муаммолари бор инсонлар ўз рационларига киритиши лозим. Шунингдек, қулупнай ревматизм ва жигар хасталикларига ҳам шифо бўлади.

Фойдали жиҳатлари


Таркиби сабабли қулупнай яллиғланиш ва микробларга қарши хусусиятларга эга. Уни ўртача миқдорда истеъмол қилиш организмга умумий соғломлаштириш таъсирини кўрсатади, моддалар алмашинувини нормаллаштириш ва ички органлар фаолиятини тартибга солишда ёрдам беради. Юрак-қон томир тизимини соғломлаштиради.

Таркибида салицил кислотаси мавжудлиги ҳисобига қонни суюлтиришга ҳисса қўшади ва қуйқалар ҳосил бўлишининг олдини олади. Шунинг учун юракка бўлган босим камая­ди. С витамини клетчатка ва полифеноллар холестериннинг ичакларда сўрилишини босади, бу эса томирларнинг нормал фаолияти учун муҳим.


Витаминлар билан тўйинтиради. Қулупнай С витаминига бой. Ўртача ўлчамдаги бешта мевада бу витамин йирик апельсиндагига қараганда кўпроқ. Қулупнайнинг яна бир фойдали хусусияти – В6 витаминининг узум ва малинадагига қараганда кўплиги.
Моддалар алмашинувини яхшилайди. Қулупнай организмни ҳужайраларни тезроқ янгилашга мажбурлаб, алмашинув жараёнини фаоллаштиради. Яъни ёшликнинг ўзига хос эликсири.
Ичаклар фаолиятини нормаллаштиради. Полисахарид ва органик кислоталар мавжудлиги сабабли қулупнай ичаклар микрофлораси таркибининг нормаллашувига ҳисса қўшади. Ундаги пектин ич қотишига қарши самарали таъсир кўрсатади.
Озишга ёрдам беради. Қулупнай ёғлар эриши ва қондаги қанд миқдорининг нормаллашувига ҳисса қўшади. Бундан ташқари, ундаги калориялар минимум даражада. Меванинг қизил рангда бўлиши учун масъул бўлган антоцианлар – флавоноидлар тери остидаги ёғни эритишда организмга ёрдам беради.
Тери учун фойдали. Қулупнай асосида тайёрланган табиий косметик ниқоблар терини оқартиради, унинг эластик ҳолатини яхшилайди, антисептик хусусияти туфайли ҳуснбузарлардан халос бўлишда ёрдам беради.
Кайфиятни яхшилайди. Қулупнай таркибидаги ароматик моддалар сератонин ишлаб чиқарилишига ҳисса қўшиб, кайфиятни кўтаради. Антиоксидант физетин эса хотира ва фикрлаш қобилиятини яхшилайди.
Жинсий фаолиятга ижобий таъсир кўрсатади. Қулупнайдаги таркибидаги рух тес­тостерон гормонига таъсир кўрсатади, ундаги антиоксидантлар ҳам жинсий фаолиятга ижобий таъсир қилади.
Ёдингизда бўлсин, қулупнайнинг фойдаси кўп. Бироқ бу уни истеъмол қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслигини анг­латмайди. Бозорда пайдо бўлган илк меваларни харид қилишга шошилманг. Айниқса, болаларга илк меваларни бериш ярамайди.

Ҳосил эртароқ пишиб етилиши учун ўсимликка зарарли кимёвий моддалар билан ишлов берилади. Унинг табиий пишиб етилишини кутинг ва қўрқмасдан истеъмол қилинг.


Дарвоқе, қулупнай гижжа тухумларини етказувчилар бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун уни дастурхонга тортишдан аввал яхшилаб ювинг. Мевани танлаганда зарар етмаган, эзилмаган тўқ қизил рангдагиларини саралашга ҳаракат қилинг.

Яна ўқинг:  Оёқларимиз нега оғрийди?

Болага қачондан ва қанча қулупнай бериш мумкин?


Май ойи айни қулупнайнинг ғарқ пишган палласи. Қанча xоҳласангиз, шунча ейишингиз мумкин. Ўсиб келаётган болага ҳам бу мазали мевадан бергимиз келади. Аммо кўпчилик оналар бу мева аллергия чақиради деб, қачон ва қанча бериш устида бош қотиради. Қуйида ушбу саволларга жавоб берамиз.

  1. Қулупнай антиоксидантларга бой, организмдан токсинларни ҳайдовчи реза мева ҳисобланади. Унинг таркибидаги шакарни бола ошқозони яxши ҳазм қилади. Шунингдек, мева таркибидаги А, С ва В1 витаминлари кўриш қобилиятини яxшилайди, иммунитетни оширади ва моддалар алмашинувини яxшилайди. Қулупнайдаги кальций ва фосфор моддалари эса боланинг ўсишига кўмаклашади. Кўриб турганингиздек, қулупнай бола учун фойдали мева.
  2. Қулупнай таркибида гистамин моддаси мавжуд бўлгани учун ёшига етмаган болаларга қулупнай мумкин эмас. Ойлик болалар учун реза мевалардан қорағат ва сморидинагина мумкин. Уларни оз-оздан бўтқага қўшиб, бола ошқозини ўргатсангиз бўлади.
  3. Бола 2 ёшга тўлгандан сўнг унга қулупнайни беришни бошлаш мумкин. Аввал 1 дона мевани нонуштадан сўнг бериб кўринг. Ёдда тутинг бир дона қулупнай билан бошлайсиз. Агар кечга бориб, ҳеч қандай аллергия кузатилмаса, эртасига 2 дона беришингиз мумкин. Мана шундай қилиб, бола организмини янги мевага ўргатасиз.
  4. Агар кичкинтойингизнинг организми қулупнайни яxши қабул қилса, 3 ёшга тўлгунича бир кунда унинг кафтларига сиғадиган миқдорда қулупнай беринг. Ундан ортиқ эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, 3 ёшдан сўнг қулупнайга бўлган аллергия ўз-ўзидан ўтиб кетади. Аммо бу ҳам нисбий кўрсаткич бўлиб, баъзи кичкинтойларда 5 ёшдан кейин ўтиб кетиши мумкин.
  5. Қулупнай аллергияга сабаб бўлганида, қуйидаги белгилар кузатилади:
    – танага тошмалар тошади;
    – қоринда оғриқ пайдо бўлади;
    – йўтал, ҳансираш ва қайсарлик, инжиқлик ҳам кузатилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам шифокорга мурожаат қилинг.
  6. Болага қулупнайни творогга, бўтқаларга, қуймоқларга қўшиб ёки ундан шарбат, мевали салатлар тайёрлаб берсангиз, аллергия қўзғатувчилар камаяди.

Кимлар истеъмол қилиши мумкин эмас?


Ҳомиладорлар. Агар фарзанд кутаётган бўлсангиз, қулупнай танлаш ва уни истеъмол қилишда эҳтиёткор бўлинг. Мева химикатларни қўллаган ҳолда етиштирилади. Агар жуда егингиз келаётган бўлса, уйда етиштирилган қулупнайни танланг.


Эмизикли оналар. Қулупнай – аллерген маҳсулот. Шунинг учун болада аллергия пайдо бўлмасин десангиз, кўкрак билан озиқлантириш вақтида мевадан бутунлай воз кечинг.


3 ёшгача бўлган болалар. Барча қизил мевалар – кучли аллерген. Шунинг учун фарзандингиз 3 ёшга тўлмаган бўлса, қулупнайнинг уйда етиштирилганини бериш ёки умуман бермаган маъқул. Бундан ташқари, егуликдан заҳарланиш ва ичаклар фаолиятининг бузилиши хавфи ҳам мавжуд. Ахир бола организми кимёвий моддаларга жуда таъсирчан.


Буйраклари касал бўлганлар. Қулупнайни тез-тез ва кўп истеъмол қилиш буйракларда тошлар ҳосил бўлиш эҳтимолини ошириши мумкин.
Гастрит ва ошқозон яраси бўлганлар. Қулупнайда шовул ва салицил кислотаси юқори миқдорда бўлгани сабабли улар ошқозон шиллиқ қаватини қўзғайди ва гастрит ҳамда ошқозон яраси кучайишининг сабабига айланиши мумкин. Кўплаб майда данакчалар ошқозонга тушганида ошқозон деворларини қўзғайди.

Яна ўқинг:  ҚИЗАМИҚДАН ЭМЛАШ АСРАЙДИ

Қон босимига қарши дори ичаётганлар. Бир вақтнинг ўзида қулупнай истеъмол қилиш ва энаприл асосидаги қон босимига қарши дори қабул қилиш мумкин эмас. Бундай бирикма буйракларнинг қўшимча зўриқишига олиб келади.
Кариесдан азият чекадиганларга қулупнай истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Қулупнайнинг организмга зарарли таъсирини камайтириш учун уни оч қоринга истеъмол қилманг. Сутли маҳсулотлар – сут, сметана, қаймоқ, музқаймоқ, творогга қўшиб истеъмол қилинг. Мевани сотиб олинганидан кейин 1-2 кун ичида ейишга ҳаракат қилинг.

Юз учун кучли тозаловчи
Қадимда маликалар бу мевадан юз терисини оқартирувчи восита сифатида фойдаланишган бўлишса, римлик хонимлар тишни оқартириш ва сочга жило бағишлашда қўллашган. Таркибидаги кислоталар сабаб қулупнай ажойиб пилинг ҳисобланади. Айниқса, турли доғларни бартараф этишда унинг олдига тушадигани кам учрайди. Оқартирувчи ниқобни тайёрлаш учун 3-4 дона қулупнайни яхшилаб эзиб, 1 чой қошиқ сметана ёки қатиқдан аралаштириб, юз терисига суртинг. 15 дақиқадан сўнг илиқ сув билан ювиб ташланг, сўнгра намлантирувчи кремдан фойдаланинг.

Қисқа сатрларда

  1. Қулупнайнинг тарихи жуда чалкаш. Айтишларича, дастлаб қулупнайни Жанубий ва Шимолий Америка боғбонлари турли полиз экинларини чатиштириши натижасида яратишган экан.
  2. Бир дона қулупнайда 200 га яқин уруғ бор.
  3. Дунёдаги энг йирик қулупнайнинг вазни 250 грамм, диаметри эса 30 сантиметрга тенг бўлган.
  4. Калифорнияда йилига 1 миллиард тонна қулупнай териб олинади.
  5. Халқ табобатида қулупнайни бош оғриганда истеъмол қилиш тавсия этилади. Унда аспирин таркибидаги барча моддалар мавжуд экан.
  6. Ширин бўлишига қарамай, қулупнай таркибида шакар миқдори жуда кам.
  7. Қулупнай тишларни тозалашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
  8. XVIII асрда ананас ва қулупнайни чатиштириш ёрдамида оқ рангли қулупнай етиштиришган. Аммо бу нав бизгача етиб келмаган.
  9. Қулупнай антидепрессант вазифасини ҳам ўтайди. Яъни, стрессдан қутулишда, хотиржам тортишда асқотади.
  10. Қулупнайнинг ранги қанча ёрқин бўлса, таркибида витамин шунча кўп бўлади.
  11. Косметологлар айтишича, қулупнай юзларни тозалаш, ажинларни йўқотишда ҳам катта фойда беради.
  12. Дунё бўйича қулупнайнинг 300 та тури бор.
  13. Қулупнай миядаги тўқималарнинг эрта қаришига қарши курашда ҳам тенгсиздир.
  14. 100 грамм қулупнайда ёши улуғ одам бир кеча-кундузда истеъмол қиладиган С витаминининг 90 фоизи мавжуд.
Яна ўқинг:  Соғлом турмуш тарзи астма касаллигидан сақлайди

Шерзод МУХТОРОВ,

аллерголог-иммунолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: