Соғлом юрак сири саккизта рақам ортида яширин

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, кардиолог олим, академик
Равшан ҚУРБОНОВ билан суҳбат

Соғлом юракнинг сири нимада? Қандай қилиб юз йил яшаш мумкин? Юрак хасталикларининг давоси борми? Унинг олдини олиш йўллари-чи? Шу ва шунга ўхшаш саволларнинг оқилона жавоби нафақат инсон саломатлигини асраш, балки жамиятда тиббий маданиятни юксалтиришнинг ҳам муҳим омилидир.

– Ўзбекистон кардиологиясининг бугунги ютуқлари, олис қишлоқларда яшаётган аҳолига замонавий кардиологик ёрдам кўрсатиш лойиҳалари ҳақида маълумот берсангиз.


– Шуни қувонч билан айтишим мумкинки, бугун мамлакатимиз кардиология хизмати дунёнинг тараққий этган давлатлари тиббиёти билан ҳамқадам ривожланиб бормоқда. Жаҳон тиббиётида ушбу йўналишда қандай ютуқлар қўлга киритилган бўлса, уларнинг барчаси Ўзбекистон тиббиётига ҳам жорий этилган. Юрак-қон томир касалликларида коронарография ва стентлаш амалиёти бунга мисолдир. Ана шундай юқори технологиялар тиббиётимизга кириб келиши туфайли кейинги 10 йил ичида миокарднинг ўткир инфарктидан содир бўлаётган госпитал ўлим ҳолатлари 9-10 фоизгача камайди.
Яна бир юқори технологик усул – юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция усуллари ҳаммарказда самарали амалга оширилмоқда. Тиббиётнинг бундай ютуқларини ҳудудлардаги шифо муассасаларига ҳам жорий этиш энг муҳим вазифамиздир. Ҳозирдаёқ бу борада муҳим қадамлар қўйила бошланди.

– Ҳомиладор аёлларнинг кўпчилиги қон босими ошишидан шикоят қилади. Бу табиий ҳолатми ёки бирор касаллик белгисими?


– Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида баъзи аёлларда қон босимининг ошиши кузатилади. Бу организмда ҳомиладорлик туфайли рўй берадиган гормонал ўзгариш­лар сабабли. Бироқ, ҳолат жуда оғир кечса ва чўзилиб кетса, шифокорга ўз вақтида мурожаат этиш керак. Ҳомиладор аёл фарзандли бўлиб, туғуруқхонадан чиққанидан кейин она-бола доимий патронаж кузатувида бўлади. Патронаж кўриги вақтида аёлнинг қон босимини ўлчаш, агар босим юқори бўлса, тегишли шифокорлар кўригини ташкил этиш зарур.

– Юрак-қон томир касалликлари йил сайин ёшариб бораётгандай?..


– Тўғри, юрак-қон томир касалликлари анча ёшармоқда. Бунга ҳаёт суръатининг жадаллашуви асосий сабаб десак, муболаға бўлмайди. Сир эмас, бугун ахборот босими таъсирида яшаяп­миз. Қолаверса, турмуш тарзимиз енгиллашгани сари жисмоний фаоллик сусайиб боряпти. Ёшлар орасида чекиш кўпроқ учрамоқда. Пала-партиш, норационал овқатланиш туфайли вазн ортиши юракка янада оғир зарба беради. Оқибатда қон таркибида биокимёвий ўзгаришлар юзага келиб, қон босими ошиб кетишига олиб келади.

– Қон босими фақат юрак-қон томир тизими касалликлари туфайли ошадими ёки бунга бошқа аъзо ва тизимлардаги ўзгаришлар ҳам сабаб бўлиши мумкинми?


– Албатта, бошқа аъзолардаги хасталиклар ҳам қон босимини ошириши мумкин. Масалан, буйрак-тош касалликлари, пиелонефрит, эндокрин касалликлар (бўқоқ, буйрак усти безининг катталашиши) туфайли қон босими ошиши кузатилади. Бироқ юрак-қон томир касаллик­ларидан фарқли равишда бундай вазиятда артериал гипертония ўзига хосликка эга, яъни диастолик босим анча ошиб кетади, 140/100, 150/110 симоб устунини ташкил этади. Бундай вазиятда беморнинг юрак- қон томир тизимидан бошқа аъзоларида касаллик бор-йўқлигини аниқлаб, тегишли шифокорга йўналтиришингиз керак.

– Юрак хуружи таҳдид солаётганини билдирувчи белгилар борми?


– Тўш соҳасидаги оғриқ, нафас қисилиши, тез-тез ҳолдан тойиш, юракнинг бетартиб, тез уруши, бош айланиш, кўнгил айниш ҳолатлари юрак хуружидан огоҳлантираётган бўлиши мумкин. Юрак-қон томир касалликларининг атипик кўринишларида ошқозон соҳасидаги, пастки жағдаги оғриқ ҳам юрак хасталиги белгиси бўлиши мумкин. Бундай беморларга ўз билганича дори-дармон ичмасликни, зудлик билан шифокор кўригига бориб, тиббий кўрикдан ўтишни уқтиринг. Ўз вақтида кўрилган ҳар бир чора юрак касалликларининг олдини олишга замин бўлади.

– Миокард инфарктини бошидан кечирган беморларга уй шароитида қандай ёрдам бера оламиз?


– Бундай беморлар стационарда даволаниб уйига қайтгач, диспансер назоратига олинади. Уларни уй шароитида реабилитация қилишда енгил машқларни бажартириш мумкин. Масалан, енгил бадан тарбия қилиш тавсия қилинади. Бемор қонидаги биокимёвий кўрсаткичларни, жумладан, липидлар миқдорини доимий текшириб туриш керак. Ўз вақтида тиббий кўрикларга жалб этиш, парҳезга амал қилиши, шифокор буюрган дориларни ўз вақтида қабул қилишини кузатиб, оиладагиларга бемор парвариши бўйича маслаҳат бериб туриш фойдадан холи бўлмайди.

– Қон босими пасайиши сабаби нимада? Бундай беморларга уй шароитида қандай ёрдам кўрсатиш керак?


– Қон босими пасайишининг бир неча сабаблари бор. Масалан, беморда ўткир миокард инфаркт ҳолати бўлса, қон босими бирдан тушиб кетиши мумкин. Юрак ритмининг кескин бузилиши ҳам қон босими пасайишига олиб келади. Шундай ҳолатларда зудлик билан тез ёрдам чақириб, у етиб келгунига қадар беморни текис ҳолатда ётқизиш, хона эшик-деразаларини очиш, сиқиб турган кийимларни ечиш лозим. Қора чой, кофе бериш мумкин. Билиб-билмай ҳар хил дори-дармон бериш беморнинг аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.

– Юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда оддий ва осон усуллар борми?


– Бу борада ҳар бир инсонга қуйидаги рақамларни эслаб қолишни тавсия этишингизни маслаҳат бераман: 0 3 5 140 70 5 3 0. Бу рақамлар изоҳи ортида соғлом юрак сири яширинган, дейиш мумкин.
0 – чекмаслик;
3 – бир кунда 3 километр пиёда юриш;
5 – бир кунда 5 маҳал мева-сабзавот истеъмол қилиш;
140 – қон босимининг 140 миллиметр симоб устунидан кам бўлиши;
70 – юрак уруши бир дақиқада 70 тадан ошмаслиги;
5 – қондаги холестерин миқдори 5 ммоль/л дан ошмаслиги;
3 – липидлар миқдори 3 ммоль/л дан юқори бўлмаслиги;
0 – ортиқча вазндан холи бўлиш.
Булар ҳар бир инсон ўз ҳаётида амал қилиши мумкин бўлган энг осон ва оддий қоидалар. Юрак касалликлари олдини олишнинг бундай самарали усуллари ҳақида аҳолини хабардор қилиш муҳимдир.

Соғлом инсон учун меъёридаги қон босими 120/80 миллиметр симоб устунини ташкил этиши керак. Бироқ, баъзи одамларда, айниқса, аёлларда қон босими бундан паст­роқ бўлиши мумкин. Қолаверса, кун давомида инсоннинг руҳий ҳолати, жисмоний ҳаракатига қараб ҳам қон босими ўзгариб туради. Шу боис,100/70 дан 140/90 гача бўлган кўрсаткич меъёрий ҳолат деб қабул қилинади.Қон босимининг ушбу оралиқдан тушиб ёки ошиб кетиши ташвишланишга асос бўлади. Шундай вазиятларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиб, тиббий кўрикдан ўтиш лозим.

Акмал ЭРГАШЕВ суҳбатлашди

Яна ўқинг:  Эзгуликдан яшнаган умрлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: