Соғлом муҳит – инсон саломатлиги асоси

Бетакрор Ватанимиз гўзаллиги, унинг табиати кўпчиликни ўзига мафтун этади. Унинг виқорли тоғлари, шириндан-шакар мевазору, яшил боғ-роғлари қай бир диёрда бор? Таъбир жоиз бўлса, меҳнаткаш халқимиз, бободеҳқонларимиз пешона тери билан етиштирган, бозорларимизни тўлдириб турган неъматларни ҳеч бир юртникига алишмаган бўлардим. Аммо, ҳозирги вақтда атроф-муҳит билан жамият ўртасидаги алоқалар мувозанатининг баъзи ҳолатларда бузилиши табиий ҳолатга путур етказаётгани кўпчиликни ташвишга солмоқда. Чунки, ана шу мувозанатнинг бузилиши аста-секинлик билан ичимлик суви, боғ-роғларнинг, полиз экинларининг сифатига ҳам салбий таъсир етказиши мумкин.

“Дарё бўйида ўтирсанг ҳам сувни исроф килма!”

Мамлакатимиз тараққиётида Ўзбекистонда мавжуд бўлган бой табиий ресурслар муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бугун жамиятдаги ҳар бир шахсдан табиат қонунларига мос турмуш кечириш, нафақат сувни, балки барча табиий бойликларни, боғу роғлар, тоғу тошларни, унинг ҳайвонот ва наботот оламини кўз қорачиғидек асраш талаб этилади. Улардан оқилона фойдаланиш ва келгуси авлод учун табиий соф атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва етказиш сиз билан бизнинг вазифамиз эканини чуқур англашимиз керак. Бу мамлакатимиз аҳолисининг маънан бой ва соғлом ҳаётини таъминлашдаги асосий шарт ва омиллардандир. Демак, бунинг учун аввало кишиларнинг атроф-муҳит муҳофазаси ҳақидаги билимларини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Сув ресурсларидан фойдаланиш чоғида ҳамда атроф-муҳитнинг трансчегаравий ифлосланиши, қурғоқчилик, юқумли (жумладан, сил) ва ўта хавфли касалликларнинг тарқалиши, чиқиндилар тўпланиши ташвишли ҳол. Бу биз нафас олиб турган ҳавонинг бузилишига олиб келади.

Бу борада мутахассислар атроф-муҳит муҳофазаси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор аҳамиятли ишлар амалга оширишмоқда. Яқинда “ЭКОСАН” халқаро жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан бирга оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказган учрашувда ҳам экологик масалалар муҳокама қилинди. Тадбирда маърузачиларнинг маълум қилишича, мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича давлат дастурларининг изчиллик билан бажарилиши натижасида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилиши камайган. Жумладан, Иқлим ўзгаришлари тўғрисидаги Киото протоколининг Мусаффо ривожланиш механизми доирасида “Навоийазот”, “Фарғонаазот” ва “Максам-Чирчиқ” ОАЖ корхоналарида атмосфера ҳавосига заҳарли моддаларнинг чиқарилишини қисқартириш бўйича янги технологиялар ўрнатилди. Экологик тоза ресурс тежайдиган технологияларни, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини амалиётга тадбиқ этиш соҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш ва фойдаланиш бўйича зарур чора-тадбирлар қабул қилиб, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “Экоэнергия” илмий тадбиқий Маркази қуёш батареялари ва биогаз ускуналарини тайёрлаш, ўрнатиш ҳамда ишга тушириш ишларини олиб бормоқда. Марказ Навоий вилояти Нурота туманидаги “Янги бино” қўрғонида шамол энергияси билан ишлайдиган насослар ёрдамида ер ости сувлари орқали аҳолини ичимлик ва суғориш суви билан таъминлади. Қашқадарё вилоятида мини ГЭСи барпо этилди. Тошкент вилояти “Қибрай Голд Хенде” фермер хўжалигида паррандачилик фермаси чиқиндиларини экологик зарарсизлантириб, қайта ишланмоқда.

Яна ўқинг:  Сангардак – она юрт мўъжизаси

Лойиҳалар амалда

“ЭКОСАН” Халқаро жамоат фонди мамлакатимизнинг электр таъминоти манбаларидан узоқда жойлашган бир қатор қишлоқлар, фермер ва чўпон хўжаликлари, овулларни қуёш энергиясидан фойланган ҳолда фотоэлектр мосламалари билан таъминлаш лойиҳасига асосан Тошкент Ботаника боғини таъмирлади. Қорақалпоғистоннинг шўрланган тупроғида манзарали, доривор озиқ-овқат, ем-хашак ва бошқа ўсимликларнинг янги навларини етиштиришнинг агротехнологиясини ишлаб чиқиш лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этишда иштирок этди. Хоразм вилоятида ичимлик суви, ҳаво ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ифлосланиши ҳамда бу нохуш ҳолатнинг қишлоқ аҳолиси саломатлигига кўрсатаётган салбий таъсирини айрим туманлар мисолида ўрганди ва уни яхшилаш бўйича тадбирлар ўтказди. Сирдарё вилоятидаги “Бунёд-Нодиржон Ҳамкор” фермер хўжалиги иссиқхонасига томчилаб суғориш тизимини монтаж қилди, “Сайхун” қўриқхонасида балиқ етиштириш учун учта ҳовуз ишга туширилди.

Экологик таълим

Ана шундай биз хаётда тўқнаш келадиган масалалар ҳозирги даврда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонимизда ҳам экологик муаммоларни хал қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бу борада аввало аҳолининг экологик билимини ошириш керак. Бу масалани ечиш жараёнида халқ таълими тизими энг муҳим бўғин ҳисобланади. Таълим орқали болалар, катталар, улар яшаётган ўлка ва бутун жаҳон учун хавф солаётган экологик хавф-хатарни камайтиришга эришиш мумкин. Экологик таълимнинг мақсади ўқувчи ёшлар ва бутун жамиятда илмий ва амалий билимлар мажмуаси асосида экологик дунёқарашни шакллантириш, ўз соғлиғига, атроф-муҳит муҳофазасига масъулиятли бўлишни сингдиришдан иборатдир.

“ЭКОСАН” томонидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, олий ўқув юртлари ва бошқа бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда “Баркамол экология – бизнинг келажагимиз”,“Баркамол авлодни шакллантиришнинг ижтимоий-экологик жиҳатлари”, “Ёшларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш орқали уларнинг экологик билимини ошириш” мавзуларида олий ўқув юртларида, коллежларда, лицейларда, мактабларда, “Меҳрибонлик уйлари”да конференция, учрашувлар ўтказилди. Айниқса, “ЭКОСАН” томонидан нашр эттирилган “Экология ва саломатлик жамоатчилик нигоҳида”, “Сувдан фойдаланиш, истеъмол қилиш ва муҳофазаси ҳуқуқи”, “Иқлим ўзгариши болалар нигоҳида”, “Иқлимтойнинг ажойиб саргузаштлари”, “Экология” каби китоблар, экология ва санитария-гигиенага оид турли буклет ва “Экологик саналар” рангли плакатлар тўпламларининг чоп этилаётгани ёшларнинг бу борадаги билимларини оширишларида муҳим аҳамият касб этади.

Ўш экологлар танловлари

“ЭКОСАН”нинг “Анъаналарни тикла – дарахт эк!” акцияси қувватланиб, шанбаликлар уюштирилди, кўчатлар экилди. Жойларда “Ёш экологлар боғи”, “Экологик бурчак”лар ташкил этилди. Мавзуга бағишланган турли танловлар уюштирилиб, ғолиблар ва фаоллар “Ёш экологлар гуруҳи”га қабул қилиниб, “ЭКОСАН” совғалари билан мукофотландилар.

Яна ўқинг:  Олтин куз ҳадяси

Фонд томонидан “Табиат: кеча, бугун, эртага” кўрик-танлови ғолибларини диплом ҳамда совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, болаларни соғломлаштириш оромгоҳларига, Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларига юқумли касалликларнинг олдини олишда фойдаланиш учун дезинфекциялаш воситаларини топширди.

Ер – ризқу рўз манбаи

“Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президентимизнинг Қарори ва “2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат Дастури” ҳақидаги Президентимизнинг 2008 йилдаги Қарори билан мелиорация объектларини қуриш, реконструкциялаш, тиклаш, таъмирлаш ҳамда мелиоратив техникаларни сотиб олишга маблағ ажратилиб, 240 минг гектар экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Юртимизда кейинги йилларда ободонлаштириш ишларининг кўлами кенгайди. Албатта, бунда экологик ҳашарларнинг, ободонлаштириш ойликларнинг ҳам аҳамияти катта бўлмоқда. Бундай тадбирлар орқали ҳаётимизнинг муҳим таянчи бўлган табиатга, яшиллик оламига ёшларда меҳр уйғонади. Ўзлари яратган боғ, гулзорларга масъуллик ҳисси ошади. Чунки, Она табиат барчамизнинг уйимиздир.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: