Ижтимоий қ(т)армоқлардаги “дўст”ларнинг салмоғи ҳақида

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, интернетнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти шиддат билан ортиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар эса интернет оламининг ажралмас бир бўлагидир. Ҳозирда улардан кўпчилик ёшлар кенг фойдаланади. Ҳисоб-китобларга қараганда, бугунги кунда дунёда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони 3 миллиард нафардан ортган.

Аслида бундай тармоқларнинг асосий вазифаси одамларга узоқдаги таниши билан алоқа қилиш, улар ўртасида ўзаро онлайн мулоқотни йўлга қўйишдан иборат. Бироқ бугун уларнинг функциялари тобора кенгайиб бормоқда.

Хўш, уларнинг бу кенг функцияларидан ким нима мақсадда фойдаланмоқда? Шу саволга бир жавоб излаб кўрсак.

Биринчи тоифа кишилар ижтимоий тармоқлардан дўстлар орттириш мақсадида фойдаланишмоқда. Дарҳақиқат, бундай тармоқларнинг инсонлар ўртасидаги мулоқотни таъминлаш, турли дунё хабарларидан бохабар этиш, ўзининг иккинчи бўлагини, “севги”сини топишда инсонларга ёрдам бериш каби функциялари бор. Аммо ўша дўст ким? Унинг насл-насаби қандай? У бошқаларга “илинаётган” ахборот ҳақиқатга қанчалик яқин? Бу саволларга жавоб топиш мушкул. Топган “дўст”и яхши бўлса-ку хўп-хўп. Мияси ёт ғоялар билан заҳарланган бўлса-чи? “Оммавий маданият” тарафдори бўлса-чи?

Мутахассисларнинг фикрича, ижтимоий тармоқларга дўст топиш илинжида аъзо бўлаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаркан. Чунки, улар ҳар доим ён-атрофидагилар ўзларига эътибор беришларини истайдилар, эътиборсизликдан эса қийналадилар. Бунинг оқибатида ёшлар ё тушкунликка тушиб қолади ё виртуал дунёга буткул шўнғиб кетади. Натижада ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотирмайди. Фақат топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.

Иккинчи тоифа кишилар аҳоли билан эркин мулоқот қилиш истагидаги ҳокимият ва бошқарув органлари вакилларидир. Сиёсий психология мутахассисларининг фикрича, замонавий жамиятда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг асосий устунлиги – мулоқот эркинлиги ҳисобланади. Шу боис сўнгги вақтларда бу каби тармоқлар аҳоли ва ҳокимият ўртасида кўприк, кенг ва очиқ мулоқот майдони вазифасини ҳам ўтамоқда. Аммо, шу билан бирга, сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди. Террорчи тўдалар, диний экстремистлар ва бошқа бузғунчи кучлар унинг имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамлар ўртасига нифоқ солишга, уруш оловини ёқишга уринишмоқда.

Яна ўқинг:  Соғлом турмуш тарзи – саломатлик гарови

Яна бир тоифа кишилар ижтимоий тармоқларга машҳурлар ҳаёти билан танишиб бориш истагида аъзо бўлишади. Тармоққа аъзо бўлган машҳур қўшиқчи, актёр, актриса, раққоса борки, ўз саҳифасига суратлар, хабарлар жойлаштириб боради, дўстлари билан ёзишмалар қилади. Унинг ҳаёти билан яқиндан танишиш истагидаги киши эса машҳурларнинг саҳифаларини кузатиб бориш, бошқаларга у ҳақдаги энг янги хабарларни етказиш билан овора бўлиб, ижтимоий тармоққа қарам бўлиб қолганини сазмай қолади. У энди ўз ҳаёти билан эмас, ўша машҳурларнинг ҳаёти билан яшай бошлайди.

Ижтимоий тармоқ – ижодкорлар ўз ижод намуналарини эълон қилиши учун ҳам қулай восита. Масалан, ижодкорлар янги ёзган шеър ва ҳикояларини омма ҳукмига ҳавола қилишлари мумкин. Ижтимоий тармоқ орқали ўз ижод намуналари ҳақида бошқаларнинг фикрини биладилар. Аммо у қандай фикр? Масалан, шеърга ижод нималигини умуман тушунмайдиган киши фикр билдириши, истаса, ўша шеърнинг қадрини йўққа чиқариши мумкин. Ёки аксинча, осмонга кўтариб мақтайди. “Лайк”лар билан тақдирлайди. Фойдаланувчи бундай “лайк”ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Мутахассисларнинг айтишича, гиёҳванд ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчисини мана шу боғланганлик ва роҳатланиш ҳислари бирлаштириб туради.

Кўраяпсизми, бундай тармоқларнинг фойдаси қанчалик кўп бўлса, зарари ундан ўн чандон зиёда. Лекин ундан фойдаланишни чеклашнинг имкони йўқ. Шу боис, айниқса ёшларимизда маънавий иммунитетни шакллантириш жуда муҳим ва бу жамият учун ҳам фойдали амалиёт.

 Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб олиб бораётган тарғибот ишларимизда ижтимоий тармоқларнинг фойдаю зиёнини аниқ кўрсатиб бера олсак, бу кутилган самарадорликка эришишда энг муҳим омил бўлади.

 

Садоқат ДОНАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: