СИЛ НАСЛ СУРМАЙДИ

Сил – асрлар давомида инсониятга маълум бўлган юқумли хасталик. Қадимда сил наслдан — наслга ўтувчи ирсий касаллик деб ҳисобланган. У одамдан-одамга ҳаво-томчи йўли орқали юқишини ҳеч ким билмаган. Шарқнинг машҳур алломаси, табобат илми султони Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” илмий асарида силнинг ташқи омиллар таъсирида юқиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган.

Сил микобактериялари мавжуд бўлган ҳаводан нафас олган кишининг иммунитети паст бўлса хасталикни юқтиради. Хасталикка чалинган одам организмида сил микобактериялари узоқ вақт мобайнида “мудроқ” ҳолда бўлиши мумкин. Бунда кишининг ўзи соғлом бўлиб, атрофидагиларни бу инфекция билан зарарламайди. Касаллик қўзғатувчиси узоқ йиллар давомида инсон организмида, “карахт” ҳолатда яшаши мумкин. Агарда организмда сил қўзғатувчиси фаол бўлиб қолса, у кўпайишни бошлайди ва касаллик ривожланади. Бу жараён сил микобактериялари зарарланган киши соғлом бўлмаса, унда организмнинг ҳимояловчи тизими суст бўлсагина рўй беради.

Сил қўзғатувчиси қон ёки лимфа суюқлиги билан барча организм тўқималари бўйлаб тарқалади. Ушбу қўзғатувчи ўрнашиб олиб, кўпайишни бошлаган жойда эса сил касаллиги ривожланади. Одатда бутун умри давомида, сил билан зарарланган кишиларнинг фақатгина ўн нафаридан зиёди касалланади. Ўпка сили билан хасталанган беморнинг оила аъзолари ва у билан яқин мулоқотда бўладиган одамларда микобактерияни юқтириб олиш хавфи юқори бўлади. Бу айниқса, касал киши даволанмаганида ва шахсий гигиенага риоя қилмаганида жуда ҳам тез юқади. Айниқса, ОИВ, қандли диабет ва бошқа оғир хасталиклар туфайли организмнинг иммунитети паст бўлса сил касаллигига мойиллиги янада кучаяди. Сил қўзғатувчисини юқтирган кишиларда хасталикнинг ривожланишига ноқулай моддий ва маиший шароитлар, оғир руҳий зўриқишлар (стресс), зарарли одатлар (спиртли ичимликларни ичиш, кашандалик, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш) натижасида организмнинг сурункали заҳарланиши сабаб бўлади.

Касаллик белгилари шикастланган аъзога ва касалликнинг тарқалганлиги, ҳамда оғирлигига боғлиқдир.

Ўпка силида хасталикнинг асосий белгиси йўтал бўлиб, у узоқ вақт давом этади (2-3 ҳафтадан ортиқроқ) ҳамда бунда балғам ажралиши, айрим ҳолларда эса қон тупуриш, кўкрак қафасидаги оғриқ, ҳарсиллаш кузатилиши мумкин.

Суяк ва мушак силида эса оғриқ, ҳаракатларнинг чекланганлиги, шишларнинг пайдо бўлиши ва мушаклар деформацияси кўзга ташланади.

Яна ўқинг:  Гўдакларда аллергия аломати

Буйрак силида оғриқ белда ва сийдик чиқаришда кузатилади.

Бош мия пардалари силида кучли бош оғриғи кузатилиб, бунда ҳеч қандай дори — дармон ёрдам бермайди. Кейинчалик эса таом истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлмаган кўнгил айниши, қусиш вужудга келади.

Юқоридаги белгилардан ташқари сил қўзғатувчисининг организмда кўпайиши билан боғлиқ бўлган белгилар касаллик жараёнининг оғирлигига ҳам боғлиқ бўлади. Яъни, тана ҳароратининг кўтарилиши, тунда, ҳаттоки совуқ ҳавода ҳам кўп терлаш, иштаҳа пасайиб, вазн йўқотиш, доимий чарчоқ ва таъсирчанлик сил хасталигига чалинган беморларда кузатиладиган касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади.

Ҳар биримизнинг соғлигимиз ўз қўлимизда экан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиб, ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб туришимиз лозим.

Райҳона ОЧИЛОВА тайёрлади.

ЎзДЖТУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: