Бола кўтарган аёл

Орзулар рўёби дунё юзин кўрганда

“Дунёда энг гўзал аёл ким?”, дея донишманддан сўрашибди. Шунда у: “Бола кўтарган аёл” деб жавоб берибди. Ҳар бир аёл она бўлишни орзу қилади.

Ота-она вояга етаётган ўғил-қизининг қадди-бастига қараб бир суюнса, унинг соғлом ўсаётганидан кўнгли янада қувончга тўлади. Чунки, тўрт мучаси соғлом инсонгина жамият тараққиёти ва Ватан равнақи учун ўзининг тўлақонли ҳиссасини қўшади.

Соғлом ота-онадангина соғлом фарзанд туғилиши ҳеч кимга сир эмас. Репродуктив саломатлик тушунчаси фуқароларимизнинг тиббий саводхонлигини оширишда соғлом турмуш тарзи каби катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) – саломатлик инсоннинг нафақат касалликлардан холи ва жисмоний бенуқсон ва руҳий ҳолатининг барқарорлиги билангина эмас, балки унинг ижтимоий жиҳатдан таъминланганлиги билан ҳам белгиланади дея таъкидлайди.

Инсон саломатлиги шунингдек,антропометрик, клиник,физиологик ва биокимёвий кўрсаткичлар,балоғатга етиш,иқлим ўзгаришлари ҳамда географик омиллар билан ҳам бевосита боғлиқдир. Репродуктив саломатлик эса инсоннинг насл қолдиришига лаёқатли давридаги соғлиғидир. Ҳар бир бўлажак оилавий жуфтлик аввало ота-она бўлишга руҳан ва жисмонан тайёр бўлиши зарур. Бунинг учун улар никоҳгача тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишлари шарт.

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ оналик ва болаликни муҳофаза этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги туб ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Она ва бола саломатлиги муҳофазасида Республика Перинатал маркази ҳам муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Бу марказ 2002 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Ушбу тиббий муассасада ҳомиладорлик, туғиш ва чилла даврида асоратларга юқори хавфи бўлган аёлларга, муддатдан олдин туғилган ёки касал чақалоқларга ҳамда туғма нуқсон билан туғилган чақалоқларга шошилинч ва режали тиббий ёрдам кўрсатилади. Республиканинг барча ҳудудларидан бу ерга фуқаролар мурожаат этишлари мумкин. Марказда 125 та ўрин мавжуд ва муассаса кечаю кундуз фаолият юритади. Республика Перинатал Марказидаги акушерлик бўлимлари, ҳомиладорлар патологияси, гинекология, чақалоқлар патологияси, чақалоқлар реанимацияси ва интенсив даволаш, неонатал жарроҳлик, лаборатория ва функционал диагностика бўлимларида фаолият юритаётган малакали ва ўз ишининг моҳир усталаридан фуқароларимиз миннатдор. Чунки, мамлакатимизда истиқлол шарофати билан ташкил этилган барча нуфузли илмий-амалий тиббиёт марказлари қаторида ташкил этилган бу маскан ҳам энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ҳамда фуқароларимизга юқори малакали мутахассислар хизмат кўрсатади. Шунингдек, 2012 йилдан Республика Перинатал Марказида консультатив – диагностика поликлиникаси ҳам иш бошлади. Поликлиникада неонатолог, акушер-гинеколог, болалар жарроҳи, болалар невропатологи, лор, офтальмолог, онкогинеколог, УТТ мутахассислари, рентгенолог, физиотерапевт каби мутахассислар фаолият юритмоқда. Барча янги туғилган ва чала туғилган чақалоқларда туғма эшитиш нуқсонлари, юрак нуқсонлари, ретинопатияни аниқлаш учун скрининг текширувлари нуфузли Европа клиникларининг стандартлари даражасида ўтказилади. Перинатал ёрдамни ҳудудларда ҳам кенгайтириш дастури амалга оширилаётгани туфайли мамлакатимизнинг турли бурчакларидан муассасларимизга мурожаат этувчи фуқаролар сони кўпаймоқда. Шу туфайли бу ерда туғруқлар сони ҳам йилдан йилга ошмоқда. Агар 2003 йилда Перинатал Марказда 2319 та туғруқ қабул қилинган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 4560 тани ташкил этган. Муддатга етмаган ҳомиладорликдаги асоратлар, оғир преэклампсия ва шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг муддатидан олдин “кўзи ёриш” ҳолатлари 2003 йилда 3 фоиз бўлган бўлса, 2010 йилда 14,7 фоизга ўсган.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон – безгакдан холи ҳудуд

Туғруққача қуйидаги касалликлар бўйича ҳомиладор аёллар ётиб даволанишлари шарт ва зарур. Яъни, олдинги ҳомиладорлик даврида қоғоноғи ёрилган бўлса (ҳомилани ўраб турган парда ёрилиб, қоғоноқ суви кетиб қолиши натижасида) гўдак сувсизланиб ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Бўлажак онани муддатидан илгари дард тутса(бундай ҳолатларда чақалоқ чала ва кам вазнли бўлиб туғилади), экстрагенитал хасталиклари мавжуд ҳомиладор аёллар (юрак қон томир, буйрак, ўпка, қон тизими касалликлари, гипертония(хафақон), қандли диабет) ва ҳомила нуқсонли ривожланаётгани аниқланганда албатта шифокор назорати зарур. Яна ҳомиладор аёл анамнези(касаллик тарихида ҳомила чала тушгани қайд этилган бўлса, шунингдек, йўлдошнинг муддатидан илгари кўчиш эҳтимоли бор деб гумон қилинса, ҳомила суст ривожланаётганини УТТ текширувида аниқланган ҳолатларда ҳам ҳомиладор аёл шифокор-мутахассис маслаҳатига таяниши шарт. Ҳомиладорлик асоратли кечаётган бўлса, (оғир преэклампсия ҳолатлари, йўлдошнинг ҳомиладан олдин жойлашиши, овуляция(тухумдонда тухум ҳужайра етилиши жараёни стимуляция (кучайтирилган ) қилингандан сўнг ҳамда инсеминация (сунъий уруғлантириш – бачадон ва унинг ҳосилаларида муаммо бўлса, яъни турли яллиғланишлар туфайли чандиқлар ҳосил бўлса сперматозоидлар табиий йўл билан ҳаракатлана олмайди. Бунда тухум ҳужайра бачадондан ташқарида уруғлантирилиб, сўнг бачадонга юборилади. Бу каби ҳолатлар ҳам бўлажак онанинг соғлиғига янада эътиборни кучайтиришни тақозо этади.

Эр-хотиннинг қонида резус-омили тўғри келмаса ҳомила нуқсонли ривожланиши ёки тушиши мумкин. Шунингдек, бачадоннинг турли нуқсонларида ва ҳомила нотўғри жойлашганда ҳам ҳомиладор аёл ва ҳомиланинг ҳаётига хавф туғилади.

Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 40-модда

Бачадон ва унинг ҳосилаларида турли шиш ва хавфсиз ўсмалар бўлса, эгизак ёки учта ва ундан кўп ҳомила ривожланаётган бўлса ҳам бундай беморлар шифокорларнинг жиддий назоратида бўлиши шарт.

Марказ қошидаги Гинекология бўлимида акушерлик анамнези (ҳомиладорлик даври тиббий варақаси)да асоратли ҳомиладорлик кузатилган бўлса, бўлажак оналар даволаниш учун ётқизилади. Шунингдек, ҳомила ривожланишдан орқада қолса, ҳомиладорлик тўхтатилади. Турли гинекологик жарроҳлик амалиётлари ҳам бу ерда амалга оширилади. Реанимация ва интенсив терапия бўлими ҳомиладор ва янги бўшанган аёлларни ҳомиладорлик даврининг турли асоратлари ва оғир экстрагенитал касалликлардан даволаш учун мўлжалланган. Яна шу бўлим мутахассис-шифокорлари томонидан операция ва туғруқ жараёнида беморга оғриқсизлантирувчи турли муолажалар қилинади. Оғир беморларда дезинтоксикацион терапия (организмни турли заҳарли моддалардан тозалаш) ҳам шу бўлим шифокорлари томонидан амалга оширилади.

Яна ўқинг:  Ҳужайралар ёшини аниқ баҳолаш усули

Республика Перинатал Маркази акушер-гинекологлар, реаниматологлар, неонатологлар, доя ва ҳамшираларни турли дастурларга қайта ўқитиш ва тайёрлаш миллий маркази ҳам ҳисобланади. Марказда туғруқни бошқаришнинг замонавий тамойиллари татбиқ этилган. Яъни, хавфсиз туғруқ(табиий, дори-дармон воситаларисиз) туғишни рағбатлантириш амалга оширилмоқда. Бундай ҳолатларда акушер-гинеколог ва доя ҳомиладор аёлга ўзига қулай вазиятда туғишга ёрдамлашади. Уни руҳан ва жисмонан қўллаб-қувватлайди. Марказимизда ҳомиладор аёл ва унинг яқинлари туғруқ жараёни хусусида барча тиббий маълумотлар билан танишишлари мумкин. Бўлажак она истаса туғруқ вақтида унга яқин инсонлар ёнида бўлиши мумкин. Ҳомиладор аёлни унинг хоҳишига қараб алоҳида хонага жойлаштириш зарур.

Барча туғруқ жараёни хусусида партограмма олиб борилади. Туғруқнинг уч даври фаол ўтказилади. Ҳар бир янги бўшанган аёл ва унинг чақалоғи уйидан келтирилган кийим-кечакдан фойдаланишига рухсат этилади. Гўдак туғилган заҳотиёқ онасининг қорнига ётқизилади. Бу ҳолат терининг тери билан контакти, дейилади. Чунки, она терисидаги микрофлора шифохона микрофлорасидан кўра чақалоққа ижобий таъсир этади. Айрим сабабларга кўра онанинг қорнига гўдакни ётқизишнинг иложи бўлмаса, бу вазифани отаси бажаради. Чақалоқ туғилгач онаси билан мулоқотдан сўнг туғруқдан кейинги бўлимга ўтказилади. Бу бўлимда она ва бола туғруқхонадан рухсат берилгунича бирга бўлишади. Бўлимда шифокор ва ҳамширалар онага гўдакни она сути билан эмизиб боқишнинг аҳамияти ва чақалоқни уй шароитида қандай парвариш қилиш зарурлиги хусусида тушунтиришади. Агарда айрим сабабларга кўра чақалоқнинг соғлиғида муаммо бўлса уни интенсив постга ўтказишади. Постда бемор ва чала туғилган болаларни парваришлаш учун барча шароитлар мавжуд. Шунингдек, чақалоқ чала ва жуда кам вазнли туғилган, ёки унинг аҳволи оғир бўлиб, гўдакка жарроҳлик амалиёти зарур бўлса, уни чақалоқлар реанимацияси ва интенсив даволаш бўлимига ўтказилади. Гўдакнинг аҳволи яхшилангач, унга дарҳол уйига жавоб берилмайди. Чунки, чақалоқ яна парваришга муҳтож бўлгани сабабли чақалоқлар патологияси бўлимида шифокор-неонатологлар назоратида бўлади.

Республика Перинатал Марказига унинг бўлимларидан ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ҳамда туғруқ мажмуаларидан чала туғилган чақалоқлар, шунингдек, туғруқ жарёнида шикастланган ва асфиксия(бўғилиш) билан дунёга келган гўдаклар даволаш ва парваришлаш учун келтирилади.

Мабодо чақалоқ она қорнидалигида ёки туғилгач унда бирор нуқсон аниқланса, бу гўдак неонатолог-жарроҳларнинг назорати остида бўлади. Марказда гўдаклар саломатлигини текшириш учун зарур бўлган барча турдаги энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар мавжуд. Неонатал жарроҳлик бўлимида ўпка, кекирдак – бронх соҳаси, меъда-ичак тизими, сийдик-таносил аъзолари тизими, қорин парданинг олди қисми, жигар ва ўт йўллари нуқсонлари, ўсмалар ва организмнинг турли соҳасида жойлашган турли ўсмага ўхшаш ҳосилалар билан туғилган гўдаклар жарроҳлик йўли билан даволанади.

Яна ўқинг:  ЮКСАЛИШ СИРЛАРИ

Чақалоқлар реанимацияси бўлими асосида реанимация – консультация бригадаси тузилган. Бу бригада мутахассислари зарур бўлса, ҳудудларга бориб, беморни кўради ва маслаҳат беришади. Вазият тақозо этса, Республика Перинатал Марказига олиб келиб беморни даволашади.

Республика Перинатал Марказида фаолият юритувчи юқори малакали 20 нафар миллий тренерлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ, UNFPA каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 12 йўналишдаги дастурлар бўйича мутахассис-шифокорларга дарс ўтишади. Ушбу ўқув машғулотлари натижасида перинатал технологияларни қўллаш самарадорлиги ошмоқда. Марказда болалар орасида ўлим кўрсаткичилари 6,6 фоиздан 3,7 фоизга камайди. Жарроҳлик амалиёти натижасидаги бу кўрсаткичлар ҳам 1,5 фоизга кам учрайди. Операциядан кейинги бу кўрсаткичлари 2003 йилда 75 фоизни ташкил этган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 23 фоизга тушди. 2007 йилда Республика Перинатал Марказида қизилўнгач атрезияси(нуқсони билан туғилган) 95 нафар чақалоққа операциядан сўнг соғ-омон уйига жавоб берилди.

Диафрагма чурраси, омфолоцеле ва гастрошизис соҳасида жарроҳлик амалиёти ўтказилган гўдакларнинг барчаси яшаб кетди. 2010 йилда лапораскопик операция қилинган гўдаклар 8,2 фоизни ташкил этди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, дунёда инсон соғлиғи ва ҳаётидан азиз неъмат йўқ. Бу бебаҳо неъматни асраб-авайлашга Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида ғамхўр ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Оила гултожи – фарзанд. Халқимиз кўксидаги тумор – она ва бола муҳофазаси азалдан олий қадрият сифатида эъзозланган. Зеро, миллатнинг келажаги соғлом авлод қўлидадир.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: