Ахборий тушкунлик: стресснинг янгича кўриниши

Ён-атрофимиздаги дўстлар, оила аъзоларимизнинг «бирор нарсага қизиқишим қолмаган», «хотирам пасайиб кетяпти», «охирги пайтларда ҳамма нарса ғашимни келтираяпти», каби шикоятларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Бир қарашда тушкун кайфиятдан пайдо бўлган бу фикрларга аҳамият қаратмаса ҳам бўладигандек туюлиши мумкин. Бироқ бора-бора тушкун кайфият барқарорлашса-чи? Бу ижтимоий муносабатлар ҳамда иш фаолиятига салбий таъсир қилмай қолмайди, албатта.

Ҳеч аҳамият берганмисиз, шундай инсонлардан сенга нима бўлди, деб сўрасангиз, аниқ бир жавоб беролмайди. Чунки бу муаммо бир кун ёки бир соатда, битта муаммо сабаб пайдо бўлиб қолмайди. Стресс, ­яъни тушкунликнинг замонавий шакли ана шундай намоён бўлади. Буни руҳшуносликда ахборий тушкунлик деб атаймиз. Бу исталган ҳамда жуда кўп маълумотни олиш имкониятига эга бўлган замонавий дунёмизнинг ўзига хос хасталигидир.

ХХI асрда вужудга келган мазкур стресс турини келтириб чиқарувчи асосий сабаб улкан миқёсдаги ахборотлар ва улар ҳосил қилган «вакум»дир. Мутахассислар инсонларнинг кун давомида қабул қилувчи маълумотлари — оддий янгиликлардан тортиб илмий тадқиқотларгача барчаси онг остида сақланиши ва қай бир маънода ўзини кўрсатиш учун «пайт пойлаши»ни аниқлашган. Айниқса, негатив, нохуш ва ўзида зўравонлик, хунрезлик, жиноят, қон тўкилиши сингари саҳналарни акс эттирган маълумотлар миямизда чуқурроқ ўрнашиб, узоқ вақт сақланиб қолади.

Ахборотни бир сўз билан онгимиз учун «маҳсулот» десак бўлади. Дунё ОАВси тарихида шундай тажрибалар ҳам бўлганки, шов-шув уюштириш орқали таҳририятлар машҳурликка эришишга уринишган. Улар бунинг учун асосан инсонга тез таъсир қилувчи, ғазабини келтирувчи ҳолатлар, сарлавҳалар ва кадрлардан фойдаланишган. Яъни ёмон нарса яхшисига қараганда тезроқ эътиборни тортади ва узоқроқ эслаб қолинади қабилида иш тутишган.

Бироз муболағали бўлса-да, онгимизга, жумладан, руҳиятимизга эшитаётган, кўраётган ва ўқиётган маълумотларнинг таъсир қилиши ва улар дунёқарашимиз, фикрларимизни ўзгартириши айни ҳақиқат. Интернетда исталган сафиҳани очинг. Экранда агар тўполон, жанг ёки қотиллик ҳақидаги ахборотни кўрсангиз-у, ҳатто буни ўқимасангиз ҳам бу маълумот онгингизда қолади. Кун давомида ана шундай нохуш ахборотлардан нечтасига тўқнаш келасиз? Бунга иш ёки оиладаги келишмовчиликлар ҳам қўшилса-чи?

Қон босимининг сабабсиз кўтарилиши, оғизнинг тез-тез қуриши, реал ҳодисаларга бефарқлик, ён-веридаги ҳодисаларга эътиборсизлик, муттасил чарчоқ, диққатни жамлай олмаслик, тўғри қарор қабул қилишга қийналиш… буларнинг бари ахборий стресс белгилари. Машҳур психоаналитик Эрих Фромм бугунги кунда инсонни қуршаб олган жуда кўп маълумотлар унинг онгини ўстириш ўрнига туман ҳосил қиляпти, деган. Чунки биз учун кун давомида оладиган маълумотларимизнинг жуда кўпи аслида кераксиз. Психологияда мазкур руҳий бузилишнинг қуйидаги босқичлари ўрганилган:

Яна ўқинг:  Олимлар бир марталик устаранинг хавфидан огоҳлантирди

Биринчи босқич – хавотир. Бунда инсоннинг бирор ҳолат ва шароитга мослашиши мураккаблашади, ноўрин хавотири ортади.
Иккинчи босқич – одамда ташқи муҳитга нисбатан қарама-қаршилик кучаяди ҳамда вақтида чора кўрилмаса, кейинги босқич ҳисобланган асаб тизимида муаммолар ва соғлиқ учун турли нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради.

Ахборий тушкунликдан ҳимояланишда қуйидаги тавсиялар бизга ёрдам беради:

Ахборот танлови: янгилик­ларни бир маҳсулот, ўзимизни эса харидор эканимизни ҳисобга олсак, бу борада худди дўконда танлов қилганимиздек, ишончли, сифатли ва кераклисини олишимиз мақсадга мувофиқ.
Нохушларини рад қилиш: ҳиссиётларингизни асранг. Ҳар бир маълумотга «бу менга қандай фойда беради», деган нуқтаи назардан қаранг.
Экран ўрнига сайр: бўш вақтингизда ҳам экран қаршисида ўтириш ўрнига кўчадаги тоза ҳаводан баҳра олинг.
Кун тартибини режалаштириш: бўш қолдик дегунча қўлимиз телефон томон боради, интернетдаги шахсий саҳифамизни очишга тутинамиз. Қимматли вақтимизни нохуш хабарни ё ёқимсиз шарҳларни ўқишга сарфламай, кун тартибимизни тўғри режалаштириш, дам олишни рисоладагидек ташкил қилишга ҳаракат қилинг.
Ижтимоий тармоқлар: мутахассислар бир овоздан имкон қадар ижтимоий тармоқлардан камроқ фойдаланишни таъкидлашади. Мантиқсиз хабар ва суратлар остидаги кераксиз шарҳларни ўқиб, миянгизга ортиқча юк ортасиз. Бу эса толиқишни келтириб чиқаради.

Дилрабо МУРОТАЛИЕВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: