Жиззахда ҳарбийлар оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди
Жиззах шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникада Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган чора-тадбирлар тинч ва осойишта ҳаётимизни таъминлашда юксак самара бермоқда.
Ҳарбий хизматчилар оилаларида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний соғлом ва маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли ёш авлодни тарбиялаш мақсадида “Sog`lom avlod uchun” фонди томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантириш мавзуларида тиббий маслаҳатлар берилди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик доирасида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари гинеколог, болалар шифокори, терапевт каби малакали мутахассислар қабулида бўлиб, тегишли маслаҳат ҳамда тавсия олди. Рентген, УТТ, ЭКГ ва бошқа замонавий тиббий ускуналар ёрдамида сифатли кўрикдан ўтказилди.
Катта лейтенант Одил Бўтаев турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандини тарбиялаб камолга етказиб келмоқда. Улар биринчилардан бўлиб тиббий кўрикдан ўтишди.
“ – Фарзандларимнинг соғлиги мен учун муҳим, – дейди у, – терапевт, жарроҳ, невропатолог, стоматолог ва бошқа мутахассислар қабулида бўлдик. Шифокорлар томонидан фарзандларим соғлигини мустаҳкамлашга доир зарур тавсиялар берилди. Оила аъзоларимнинг саломат эканлиги хотиржам хизмат ўташимга ёрдам беради”.
Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати