Офтоб уриши ҳаёт учун хавфли

унинг олдини олишда нималарга эътибор бериш зарур?

Ёз ўзининг бетакрор таровати билан инсонга хуш ёқади. Бу фаслда кўпчилик табиат қўйнида, оромбахш сув ҳавзалари бўйида ёқимли ҳордиқ чиқаришни истайди. Аммо шундай мароқли дамларда қуёш нурлари остида узоқ вақт бўлиш турли нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради. Жумладан, инсоннинг териси куйиши ёки офтоб уриши мумкин. Бу эса соғлигимиз учун жуда хавфли саналади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра қуёш нури кўринувчи – кундузги нурлар, кўринмайдиган – инфрақизил ва ультрабинафша нурлар каби бир неча қисмдан иборатдир. Олимлар ультрабинафша нурларининг бир неча қисмларга бўлинишини исботлашди. Айниқса, унинг А ва В турининг меъёридан ортиғи киши организмида салбий оқибатларга олиб келади.

Ёз мавсумида офтоб уриши – қуёш иссиқлигининг бошга таъсири натижасида бош мия фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ патологик ҳолат саналади. Бундай ҳол тананинг ортиқча миқдордаги иссиқликни бошқара олмаслиги ва ўзини етарли даражада совута олмаслиги оқибатида келиб чиқади. Натижада организмда тер ишлаб чиқариш тизимининг бузилишидан ташқари қон айланиш фаолияти издан чиқади. Томирлар кенгайиб кетади. Натижада бутун танада қон айланиши секинлашади. Бу эса бош мия фаолиятида салбий ўзгаришларга олиб келади.

Офтоб уриши натижасида беморда бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, ланжлик кузатилади. Ҳавода намлик юқори бўлса, бу белгилар янада кучайиши мумкин. Офтоб уришининг енгил, ўрта ва оғир даражалари мавжуд.

Унинг енгил даражасида ланжлик, бош оғриғи, кўнгил айниши, юрак уриши ва нафас олишнинг тезлашиши, кўз қорачиғининг кенгайиши кузатилса, ўртача даражасида ҳаракатларнинг кескин сустлашишигача борадиган ҳолсизлик, кўнгил айниши ва қусиш билан кечувчи кучли бош оғриғи, бош айланиши, қулоқнинг битиб қолиши, чайқалиб юриш, вақти-вақти билан ҳушдан кетиш, томир уриши ва нафас олишнинг тезлашиши, бурундан қон кетиши, тана ҳароратининг 39-40С гача кўтарилиши кузатилади.

Оғир даражадаги офтоб уриши эса бехосдан бошланади. Унда кишининг юзлари аввал қизариб, кейин оқ ва кўкимтир тусга киради, мушаклар тортишади. Беморда босинқирашга ўхшаш ҳолат кузатилиб, унинг кўзига ҳар хил нарсалар кўринади. Тана ҳарорати 41-420 С гача кўтарилади. Оқибатда оғир беҳушлик ҳолати ривожланиб, пешоб ва ахлатнинг беихтиёр ажралиши кузатилади. Шуниси аянчлики, оғир даражадаги офтоб уриши 20-30 фоиз ҳолатларда ўлим билан якунланади.

Яна ўқинг:  Тўйиб ухламаслик мияга қандай зарар келтириши аниқланди

Офтоб уриш хавфи қуёш нурларининг бошга бевосита таъсир этишида, атроф-муҳитдаги ортиқча намлик кузатилганда, соғлиқдаги айрим муаммолар (семизлик, қон босимининг юқорилиги, юракдаги туғма нуқсонлар сабабли ҳам юзага келади. Эндокрин тизимдаги бузилишлар, бир ёшгача бўлган (айниқса, янги туғилган чақалоқлар) ва қарилик даврида, (гўдаклар организмининг табиий иссиқликни тартибга солиши тизими ҳали етарлича ривожланмаган, қарияларда эса бу тизим фаолияти сустлашган) сурункали чекишда, алкоголдан заҳарланишда, асабий зўриқиш ва стресс(руҳий зўриқиш)да кучайиб кетиши мумкин.

Аҳоли ўртасида офтоб уришдан сақланиш учун мутахассислар бошни енгил, оқ рангдаги табиий толали бош кийим билан, кўзларни эса қуёшдан сақловчи кўзойнак ёрдамида муҳофаза қилишни тавсия этишади. Шунингдек, қуёш тиғида, чўмилиш жойларида, айниқса, қуёш фаол даври ҳисобланмиш – соат 12. 00 дан 16. 00гача бўлган даврда узоқ вақт қолишдан сақланиш лозимлигини уқтиришади. Қуёшда тобланишнинг давомийлиги 15-20 дақиқани ташкил қилиши, агар узайтириш лозим бўлса, буни аста-секинлик билан амалга оширилиши кераклигини, бироқ, унинг давомийлиги икки соатдан ошмаслиги ва орада танаффуслар бўлиши зарурлигини таъкидлашади.

Мутахассисларнинг фикрича қуёшда тобланиш муолажаси учун энг мақбул муддат эрталабки ва кечки вақтдир. Бу муолажани овқатлангандан сўнг камида бир соатдан кейин амалга ошириш лозим. Бу жараён чўмилиш билан алмаштириб турилса яна ҳам яхши бўлади. Қуёшда тобланишни ётган ҳолатда эмас, балки ҳаракатланиш жараёнида амалга ошириш лозим. Иссиқ пайтда кўп овқат истеъмол қилмасликка ҳаракат қилиш, кўпроқ сут-қатиқ маҳсулотлари ва сабзавотларни истеъмол қилиш яхши наф беради.

Ёзнинг иссиқ кунларида организмда сув миқдорини ушлаб туришга ҳаракат қилиш даркор (кунига 3 литр атрофида газсиз минерал совуқ сув, махсус тузли эритмалар ичинг). Кун тиғиз пайтида вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш уни иссиқланишдан асрайди. Иссиқ шароитда ишлаганда вақти-вақти билан имкон даражасида салқин жойда дам олиш, иш жойларида совутгичлар ўрнатиш ёзнинг жазирама кунларини бир мунча енгил ўтишини таъминлайди.

Бундан ташқари офтобдан сақланиш учун турли табиий ва синтетик крем ва косметик воситалар мавжуд бўлиб, улар А ва В ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилишига қараб фарқланади. Бу воситалар фотопротекторлар деб аталади.

Яна ўқинг:  ГЎЗАЛЛИК – САЛОМАТЛИК БИЛАН УЙҒУН

Фотопротекторлар таъсир механизмига қараб кимёвий (фильтрлар) ва минерал (экран) турларига бўлинади. Нурлардан ҳимояланиш даражаси – офтобдан сақланиш омили, яъни SPF билан ўлчанади. Бизнинг иқлим шароитимизда албатта SPF 50 дан паст бўлмаган офтобдан сақланувчи воситаларни ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай воситаларни харид қилишда албатта ана шу жиҳатларга эътибор беринг.

Ҳаддан зиёд қуёшда юриш тери саратонига учраш эҳтимолини оширади. Бундай пайтда ультрабинафша нурлардан ҳимояланиш керак бўлади. Бироқ, бу нурларнинг зарари терига нисбатан кўзларимизга тезроқ таъсир ўтказиши мумкин.

Ультрабинафша нурларининг давомий таъсири катарактанинг келиб чиқишига, у эса ўз навбатида кўз нурларини бутунлай йўқолишига сабаб бўлади. Тери саратони юзага келиши учун анча вақт талаб этилса, кўзларга зарар етказишда ультрабинафша нурларининг оз миқдори ҳам етарли ҳисобланади. Шунинг учун кўзларимизни қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак билан асраб-авайлаш лозим. Қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак харид қилишдан аввал, унинг ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилиш қилмаслигини аниқланг. UV-фильтр (ультрабинафша нурларига қарши) бўлмаган кўзойнак ёҳуд линзалар кўзларимизга зарар етказиши мумкин. Бу айниқса, тўқ рангдаги линзаларга тегишли. Чунки, улар ёруғлик нурини тўхтатади, қорачиқни кенгайтиради ва бу билан ультрабинафша нурининг зарарли таъсирига кенг имконият яратади.

Ушбу хасталикнинг биринчи белгилари намоён бўлган заҳоти жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Шу билан бирга кўрсатилаётган ёрдам бирламчи ёрдамнигина ўз ичига олишини ҳисобга олиб, зудлик билан “Тез ёрдам” хизматига мурожаат қилиш керак.

Офтоб урган кишини соя-салқин, баҳаво, одамлар кўп тўпланмаган, намлик даражаси юқори бўлмаган жойга олиш лозим. Беморни горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини бир оз кўтариб қўйиш, тоза ҳаво билан таъминлаш учун уни елпиш керак. Бўйин ва кўкрак қафасини сиқиб турган кийимлардан халос қилиш даркор. Беморга кўп миқдорда яхна ичимлик – бир оз миқдорда туз ва шакар қўшилган минерал сув ёки қатиқ ичириш тавсия этилади. Офтоб урган кишига қатиқни бир неча кун давомида ичириш мақсадга мувофиқ. Чунки, қатиқ организмни тикловчи ва совутувчи табиий ичимликлардан бири ҳисобланади. Иссиқлаб қолган беморнинг юзини совуқ сув билан ювиш, бирор матони ҳўллаб, унинг кўкрак қафасига босиш зарур, яна ҳўлланган мато билан беморнинг бутун танасини ўраш ёки 18-20С сувда чўмилтириш ҳам яхши самара беради.

Яна ўқинг:  Митти юракда Ватан туйғуси

Шифокорлар офтоб урган кишиларга бир неча кун шифохона шароитида ётишни тавсия қилишади. Чунки, хаста одамнинг асаб, қон айланиш ва организмдаги бошқа бир қатор биокимёвий реакцияларнинг тикланиши учун бир неча кун керак бўлади.

 

Муҳиддин ТИНИБЕКОВ,

Заҳро ИЛЬЯСОВА,

Фуқаро муҳофазаси институти ўқитувчилари

Маърифат ТОЛИПОВА,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: