НОС ЧЕКИШ САРАТОНГА ОЛИБ КЕЛАДИМИ?

Дунёда турли тутунсиз тамаки маҳсулотлари мавжуд. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда энг кенг тарқалган шакли носвойдир. Унинг инсон саломатлигига салбий таъсири қандай? Ўзбекистонда неча фоиз одам бу иллатга ружу қўйган? Жаҳон мамлакатларидаги ҳолат қандай? ССВ матбуот хизматининг шу йўналишдаги саволларига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров жавоб берди.

– Нос тўқ яшил ёки сарғиш яшил мураккаб таркибли моддалар аралашмасидан иборат, – дейди Ш.Шукуров. – Асосан бу маҳсулот уй шароитида санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда турли усулларда тайёрланади. Уни тайёрлаш усулини кўрган, таркибида қандай моддалар борлигини билган киши нос чекишдан воз кечиши турган гап. Унинг таркибида тамаки япроғи, кул (ғўзапоя ёки бошқа ўтинлар кули), ўсимлик мойи (пахта ёки кунжут мойи), сўндирилган оҳак ҳамда ширин таъм берувчи қўшимчалар бўлади. Агар инсонга ушбу маҳсулотлар: қурилиш оҳаги, кул, тамаки япроғини берсангиз истеъмол қилишни хоҳлармиди? Аммо мамлакатимизда нос чекувчи инсонлар сони жуда кўп, айниқса, ёшлар орасида.

– Носнинг инсон организмига салбий таъсирлари қандай?

– Нос психоактив моддалар қаторига киради ва марказий асаб тизимига таъсир кўрсатиб, руҳан ва жисмонан кучли қарамликни юзага келтиради. Нос оғиз бўшлиғи, халқум, қизилўнгач ва ошқозонга тўғридан тўғри таъсир этиб, шиллиқ қаватларни доимий шикастлайди ва шу таъсир натижасида шиллиқ қаватларда саратон касаллиги ривожланишига олиб келади. Бу касалликка учраганларнинг 95 фоизи носга ружу қўйгани илмий жиҳатдан исботланган.
Нос қонга сўрилиб, бош мия, жигар, буйрак, ошқозоности бези ва бошқа органларни фаолиятига салбий таъсир этиб, шу аъзоларнинг касалланишига сабаб бўлади. Шунингдек, оғиз бўшлиғида сўлак безлари фаолиятининг бузилишини юзага келтиради.
Бундан ташқари, носвой истеъмол қиладиган эркакларда бепуштлик, оғиз ва милкларнинг яллиғланиши, милклар атрофияси, кариес каби касалликлар кузатилади.
Нос ўсмирларнинг руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, хотира ёмонлашишига, жиззаки бўлишига ҳамда дарсларни ўзлаштириши кескин пасайишига олиб келади.

– Ўзбекистонда нос чекувчилар сони қанча? У қай даражада ­оммалашиб бормоқда?

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда катта ёшдаги кашандаларнинг сони 1,1 миллиард бўлиб, уларда камида 367 миллион киши тутунсиз тамаки истеъмол қилади. Мамлакатимизда эркакларнинг, қарийб, ҳар тўрттадан биттаси носвой истеъмол қилиши кузатилади.
Ўзбекистонда носвой бозорларда, кўчаларда ва таълим муассасалари олдида очиқ сотилади. Уни ишлаб чиқариш ва сотишни чеклаш бўйича ҳеч қандай қонун ҳужжати ва кўрсатма мавжуд эмас. Энг ачинарлиси, мунтазам тутунсиз тамаки истеъмол қилувчи минглаб инсонлар бевақт ўлим хавфига дучор бўлмоқда.

– Тутунсиз тамаки маҳсулотларини оммалашишини чеклаш бўйича дунё тажрибаси қандай?

– Австралия, Сингапур, Бахрайн, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларда тутунсиз тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган. Бир қатор МДҲ мамлакатлари (Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Туркманистон)да ҳам носвой ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўйилмайди.
Носвойнинг инсон саломатлигига катта зарар келтираётгани учун тегишли идоралар томонидан мамлакатимизда тутунсиз тамаки маҳсулотларини, жумладан, нос айланмасини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг инсон организмига зарарли эканлиги борасида аҳоли орасида мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.
Хулоса қилиб айтганда, аввало, бундай маҳсулотларнинг инсон саломатлиги учун хавфли эканини аҳолининг ўзи теран англаб етиши зарур. Шундагина бу борада ижобий натижаларга эришишимиз мумкин.

Яна ўқинг:  Антибиотикларни сут, чой, қаҳва ва шарбатлар билан ичса бўладими?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: