Она сути – чақалоқ учун бебаҳо озуқа

Барча оналар фарзандининг соғлом ва бақувват бўлиб, дард чекмай камолга етишини орзу қилади, бутун борлиғини бериб, шунга интилади… Аслида, она ва бола ўртасидаги меҳр-муҳаббат риштаси ҳомиладорликнинг дастлабки кунлариданоқ бошланади. Бу ҳолат фанда «она — йўлдош — ҳомила тизими» дея аталишидан хабардорсиз. Фарзанд дунёга келгач эса, мулоқот жараёни навбатдаги босқичга ўтиб, эндиликда у «она — кўкрак сути — бола» тушунчасига айланади. Зеро, гўдакни кўкрак сути билан озиқлантириш нечоғлик муҳим аҳамиятга эга экани ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, ушбу мавзуда ҳар қанча сўз юритсак, арзийди.

Кучли иммунитет


Гўдак учун она сутидан фойдалироқ ва яхшироқ озуқа йўқ. Кўкрак сути сифат жиҳатидан бош­қа турдаги егуликлардан устундир. Унинг таркибида барча зарур озуқавий моддалар ҳамда турли инфекцияларга қарши омиллар мавжуд.
Психологлар кўп бор эътироф этишганки, она ва бола ўртасида ҳиссий муносабатнинг юзага келиши кўкрак сути билан эмизиш даврига чамбарчас боғлиқ. Аёл сути орқали зурриёдига меҳр-муҳаббатини, энг гўзал туйғуларни улашади. Шу боис мутахассислар эмизаётган маҳалда чақалоқ билан суҳбатлашиш, чиройли ибораларни тез-тез айтиб туриш лозим, дейишади.
Она сутининг афзалликлари ҳақида сўз борганда унинг таркибига тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Туғуруқдан кейинги илк кунларда кўкракдан сарғиш суюқлик келади. Бу оғиз сутидир. Оғиз сути бола учун ўта фойдалидир. Фарзанд кутаётган аёлга ҳали кўзи ёримасиданоқ унинг аҳамияти ҳақида кўпроқ тушунча бериш зарур. Боланинг туғуруқдан кейинги илк насибаси унинг ичакларини тозалайди, инфекциялар таъсиридан ҳимоялайди ва иммуноглобулинга бой бўлгани боис, иммун тизимини мустаҳкамлайди. Тиббиётда оғиз сути бирламчи эмлаш, деб юритилиши ҳам бежиз эмас.
Кейинроқ кўкрак шишиб, оғирлашади, сут миқдори ортади. Бу етилган сутдир.
Эмизиш аввалида ажраладиган суюқлик – олдинги сут, дейилади. У кечки сутга нисбатан кўкимтир бўлиб, кўп миқдорда ажралиб чиқади ва гўдакни етарли миқдорда оқсил, лактоза каби минерал компонентлар билан таъминлайди. Бола олдинги сутни кўп истеъмол қилиши сабаб организмига керакли миқдорда сув қабул қилади.

Айрим оналар болани охиригача тўлиқ эмизмайди. Шунинг учун ҳам, ёш онани эмизиш қоидалари билан таништираётганда орқа сут ҳақида, албатта, маълумот бериш лозим. Кечки сутлар рангги жиҳатидан эртанги сутга нисбатан оқишроқ бўлади: унинг таркибида ёғ миқдори кўпдир. Маълумки, ёғлар организм учун асосий қувват манбаи ҳисобланади. Шу боис бола эмаётганда уни кўкракдан тез ажратмаслик керак.

Олимларнинг илмий тадқиқот хулосалари она сутида организм учун зарур 100 дан зиёд озуқа моддалари борлигини кўрсатди. Улар нафақат миқдор, балки сифатига кўра ҳам гўдакнинг ёши, соғлиғига тўла мос келади. Яъни бола улғайгани сайин она сути таркибидаги витамин ва минерал моддалар ўсаётган организм эҳтиёжига мослашиб бораверади.

Яна ўқинг:  Одам ДНКсида мия қаришининг генетик дастури мавжуд

Энг муҳим олти ойлик


Гўдак ҳаётининг биринчи олти ойлигида она сути боланинг озуқа ва сувга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлайди. Ҳатто иссиқ кунларда ҳам болага сув беришнинг зарурати йўқ — тез-тез эмизиш кифоя. Эмизиш маҳали қуйидагилар муҳим:

– болани тез-тез, кундузи ва кечаси эмизиш лозим. Бир кўкрак бўшамай туриб, иккинчисини тутиш ёхуд фақат бир кўкракдан эмизиш тўғри эмас;
– она кўкракни нотўғри берса, бола ноқулай жойлашиб қолса, юпатиш учун сўрғич ё бирор суюқлик берилса, чақалоқнинг эмиш қобилияти бузилади ва у тез-тез безовталана бошлайди. Бу кейинчалик эмишдан умуман юз ўгиришга олиб келиши мумкин;
– эмизилаётган пайтда бола кўкрак қорачиғининг кўпроқ қисмини тутиб олишига ­эътибор бериш лозим. Чунки кўкрак қорачиғининг юзасигина тутилса, бола тўймай қолиши мумкин;
– сут миқдори қисман онанинг ўй-хаёллари, сезги ва ҳиссиётларига боғлиқ. Агар у бот-бот асабийлашса, безовталанса, сут камаяди. Шунингдек, кичкинтой соатга қараб эмизилса, эмизиш охирига етказилмаса, сут ажралиши камаяди, кўкрак безлари шишиб, оғриқ юзага келади.

Чақалоқни кўкрак сути билан озиқлантириш унинг ақлий, руҳий ва жисмоний ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Она сути билан парваришланган болаларда ҳаракатчанлик, сезиш қобилияти барвақт шаклланади. Илмий тадқиқотларга кўра, диарея (ич кетиши) касаллигига чалиниш хавфи кўкрак сути билан боқилган гўдакларда сунъий озуқа билан парваришланган болаларга нисбатан 8 баробар камроқ экан. Бундан ташқари, кўкрак сути билан озиқланган ўғил-қизларда аллергия, қандли диабет, кариес хавфи кам фоизни ташкил қилади.

Аёл учун катта фойдаси…


Авваламбор, она сутидаги гормонлар фақат сутни кўпайтирибгина қолмай, аёл организмидаги физиологик жараёнларга, онанинг жисмоний ва руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.

• Туғруқдан сўнг бачадон қисқариши кўп жиҳатдан тўғри эмизишга боғлиқ.
• Аёлнинг репродуктив саломатлиги, кўк­рак саратони, остеопороз (суяклар мўртлашуви) хавфи камайиши ҳам кўкрак сути билан озиқлантириш натижасидир.

Эмизикли аёлларда моддалар алмашинуви жадал кечади, бу эса иштаҳа яхшиланиши, кайфият кўтарилишини таъминлайди.
Гўдакни кун давомида 10-12 мартагача, тунда эса 2-3 бор эмизиш лозим. Умумий ҳисобда бола икки ёшгача кўкрак сути билан озиқлантирилади. Олти ойликдан бошлаб, она сутидан чиқармаган ҳолда болага қўшимча овқат бериш мумкин.

Яна ўқинг:  Безгакка мойиллик моддалар алмашинуви ҳолатига боғлиқ

Масъулиятли палла


Болани қўшимча овқатга ўтказиш ҳам ўзига яраша масъулият ва эътибор талаб этадиган давр. Шуниси ҳам аҳамиятлики, қўшимча овқатни вақтидан аввал ёки кечиктириб бериб бўлмайди.

Эрта (масалан, 4 ва 5-ойларда) қўшимча овқатга ўтиш, боланинг кўкрак сутидан бош тортиши, она сути камайишига олиб келади. Инфекцияларнинг бола саломатлигига таъсири ортади, диспепсия ҳолати юзага келиши мумкин.
Қўшимча овқат кеч берилганда эса зарур витамин ва микроэлементлар танқислиги юз беради. Қолаверса, болада чайнаш ва янги таъмга ўрганиш қобилияти суст ривожланади.

Қўшимча овқатга ўтиш нега айнан олти ойликда бошланади, деган савол туғилиши мумкин. Чунки бу пайтда боланинг асаб ва мушак­лар координацияси шаклланган бўлиб, гўдакнинг илк тишлари чиққан ва у тана мувозанатини ушлай оладиган ҳолатда бўлади. Кичкинтой кунига 1-2 маҳал, ярим чой қошиқдан сабзавот, мева пюреси ҳамда ёшига мос бўтқалар билан овқатлантириб борилади.

Ҳамида РАЖАБОВА,

педиатр-шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: