Офис ходими синдроми: хонада ўтириб ишлаш қандай касалликларни келтириб чиқариши мумкин?

Одатда, саккиз соатлик иш вақтига амал қилмайдиган кишилар сурункали чарчоқ ҳис этишади. Шунингдек, аксарият офис ходимлари бош оғриғи, кўз ичи қизариши (ачишиш, қичишиш), бел санчиқлари, қорин дам бўлиши ва оёқ увишиши каби муаммолардан шикоят қилади. Ушбу ҳолат замонавий тиббиётда «офис ходими синдроми» дейилади. Сиз бу ҳақда эшитганмидингиз?

Кимлар хавфда?


Офис ходими синдроми ўз-ўзидан юзага келмайди. Шуниси маълумки, иш стажи ҳали у қадар катта бўлмаган ходим ҳам ушбу синдром билан касалланиши мумкин. Қуйида кимлар хавфли гуруҳга киритилиши ва огоҳлантирувчи симптомлар ҳақида маълумот берамиз:

– ортиқча вазн. Хизмат тақозоси билан бир жойда ўтириб ишлайдиган кишилар камҳаракат бўлишади. Биласиз, жисмоний фаоллик суст бўлса, танада қон айланиши меъёрда кечмайди;
– ошқозон-ичак тракти касалликлари. Асосий сабаб – нотўғри овқатланиш, шунингдек, йўл-йўлакай тамадди қилиш одатининг мавжудлиги;
– юрак-қон томир хасталиклари. Тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, кўп миқдорда кофеин моддаси қўшилган ичимлик (қаҳва, аччиқ чой) ичиш, стресс, уйқусизлик – муаммонинг бош омиллари ҳисобланади;
– кичик тос аъзоси безовталиклари, бавосил. Яна ўша гап, бир жойда узоқ вақт ўтириб ишлаш, танада қон айланишини издан чиқаради. Киши аввал ҳам бавосил билан оғриган бўлса, хасталикнинг қайталаниш эҳтимоли юқори;
– қуруқ кўзлар синдроми. Комьютердан мунтазам фойдаланувчиларда кўз ичи қизариши (ачишиш, ёшланиш) ҳолати кўп кузатилади. Сабаби эса монитордан тарқалувчи ёрқин нурдир. Шунингдек, кондиционер ҳавоси ҳам кўзларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин;
– нафас йўллари касалликлари. Хонада 5-6 нафар ходим ишласа ва улардан бири гриппга чалинган бўлса, касаллик қўзғатувчи инфекция ҳаво-томчи йўли орқали бошқаларни ҳам зарарлаши мумкин;
– мушак ва бўғим оғриқлари. Ҳаракатсиз ҳолатда (кўпинча энгашиб ўтириш) узоқ вақт ўтирилса, бўғимлар «қотиб» қолади. Қон етиб келиши тўлиқ бажарилмагани боис оёқ увишади.

Муаммонинг ечими бор!


Даставвал, офис ходими синдромида етакчилик қилувчи – умуртқа касалликлари ҳақида тўхталиб ўтсак. Статистика маълумотларига кўра, ҳар йили 25 ёшдан ошган ишчиларнинг 80 фоизида умуртқа поғонаси хасталиклари, хусусан, умуртқа қийшиқлиги аниқланади. Буни қарангки, 80 фоизни келтириб чиқарган омил — иш столида гавдани нотўғри тутиш экан. Сизнинг-ча, муаммонинг олдини олиш мумкинми? Албатта. Бунинг шарти осон: ходим иш вақти давомида (имкон қадар ҳар бир-икки соатда) 5-10 дақиқалик танаффус қилиш лозим. Бу пайтда бир неча маротаба ўтириб, туриш, гавдани ён томонга ҳаракатлантириш, бошни соат мили бўйлаб айлантириш керак. Сўнг ўпкани тўлдириб нафас олинади ва яна ишни давом эттиришга киришилади.

Яна ўқинг:  Спорт – соғлиқ гарови

Бел оғриқларидан ҳимояланишда курси суянчиғига махсус ортопедик ёстиқ ўрнатиш мумкин. Шунингдек, бундай ёстиқлар бавосил билан оғриган кишилар учун ҳам тавсия этилади.

Ҳар икки соатда бўйин мушаклари учун машқ бажарилиши, бўйин остеохондрози профилактикаси ҳисобланади. Айниқса, энса ва курак соҳасида оғриқ, увишиш кузатилганида машқлар ғоят фойдалидир.

Қон айланишини яхшилайди


Камҳаракатлик танада қон айланишини бузади. Биринчи навбатда, оёқ ва кичик тос аъзосида меърий жараён издан чиқади. Бунинг асоратида эса оёқ вена қон томирларида варикоз кенгайиш, бавосил тугунларининг ҳосил бўлиши юз беради. Қон айланишини яхшилаш учун жисмоний фаолликни ошириш лозим. Ишни эрталабки бадантарбиядан бошлаган маъқул. 10-15 дақиқа қўл-оёқ чигилини ёзиш, қон айланишни яхшилайди. Кун давомида эса зинадан пиёда кўтарилиш, вақти-вақти билан хона бўйлаб юриш керак.

Қон айланишининг меъёрда бўлиши кўп жиҳатдан истеъмол маҳсулотларига ҳам боғлиқ. Мунтазам қаҳва ёки аччиқ қора чой ичиш қонни қуюлтиради. Шунингдек, ширинликлар қонда «ёмон» холестерин миқдорининг ортишини юзага келтиради. Аксарият кишиларда кузатиладиган ҳолат: комьютер қаршисида таом ейишнинг эса зиёни катта. Нега деганда, монитордан тарқалаётган нур нафақат инсон танаси, балки у истеъмол қилаётган маҳсулотга ҳам етиб боради ва уни маълум маънода зарарлайди.

Кўзларга ҳам ором керак


Энг осон машғулот: киши нигоҳини деразадан ташқарига, бирор объектга қаратади. Сўнг яна яқиндаги нарсага қараш мумкин. Кўзларни ўнг, чап, тепага ва пастга ҳаракатлантириш ҳам фойдалидир. Бу кўз мушакларини ҳаракатга келтиради. Шунингдек, кўзни тез-тез юмиб, очиш ҳам асқатади. Муҳими, комьютер қаршисида узоқ вақт ўтирмаслик керак. Кичик танаффуслар кўзга дам беради.

Офис ходими синдромидан асаби бўшлар кўпроқ азият чекади. Демакки, соғлом ҳаёт кечириш ва севимли машғулот билан шуғулланишда давом этиш учун стрессли вазиятлардан ҳимояланиш даркор. Ҳар бир касаллик асабдан, дейилиши бежиз эмас, ахир.

Нодира ҲАМРОЕВА,

олий тоифали терапевт шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: