Болада иммунитет пасайса…

Организмда турли яллиғланиш жараёнлари кузатилади

Маълумотларга кўра, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари йил давомида бир неча марта грипп ва ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекция)лар билан оғрир экан. Болалар мактаб ёшига етгач эса бу кўрсаткич бирмунча қисқаради. Бу ёшдаги болалар орасида томоқ оғриғи, бурун битиши ва гайморит каби касалликлар тез-тез учраб туради. Айниқса, куз ва қиш фаслида мавсумий касалликлар авж олади. Касалликларнинг узоқ давом этиши ва тез-тез қайталаниши жиддий асоратларга сабаб бўлаётгани кўпчилик ота-оналарни ташвишлантиряпти. Шифокорларнинг айтишича боланинг тез-тез шамоллаши унинг иммунитети билан боғлиқ экан. Бу борада малакали педиатр – шифокор Маҳфуза Муҳаммеджанова билан суҳбатлашдик.

Хўш, иммунитет ўзи нима? У бизга нима учун керак? Аввало, иммунитет ҳақида бироз маълумот бериб ўтсак. Инфекция ва бактерияларга қарши танамиздаги иммун тизими курашади. Иммунитет ҳар бир организмда индивидуал шакл­ланган бўлади. Бир ёшгача бўлган чақалоқларда эса иммунитет она организмидан гўдакка она сути орқали ўтади ва шунинг натижасида болада табиий иммунитет ҳосил бўлади. Бу эса болани турли касалликлардан ҳимоя қилади. Туғилгандан сўнг болада сунъий иммунитет ҳосил бўлиши учун бола профилактик тарзда эмланади. Натижада бола организмида турли хил инфекцион касалликларга қарши иммунитет пайдо бўлади.

Сўнгги пайтларда бир ёшгача бўлган болалар орасида шамоллаш кўп учраб турибди. Сабаби онанинг ҳомиладорлик даврида кўп шамоллаши, ота-онанинг TORCH инфекциясини юқтириб олганлиги ва уларда анемия (камқонлик) каби касалликлар аниқлангани асосий сабаблардан биридир. Шунингдек, бўлажак онанинг ҳомиладорликда тўғри овқатланмаслиги ҳам бунинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Болада иммунитет танқислигига юқоридагилар етарли сабаб бўла олади.

Иммунитет билан боғлиқ муаммоларга яна бир қанча омиллар сабаб бўлиб, аввало болани педиатр-шифокор тиббий текширувдан ўтказиб, сўнг аниқ хулосага келиш мумкин.

Наслдан-наслга ўтувчи юқумли, инфекцион ва сурункали касалликлар ҳам болага ота-онадан ўтиши тиббиётда исботланган. Шу сабабли ота-она саломатлиги бола ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга. Биринчи навбатда ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал она ўз саломатлигини тиклаши ва соғлом фарзанд дунёга келтириши учун қайғурмоғи керак. Онанинг саломатлиги, ҳомиладорлик даврини яхши кайфиятда ўтказиши боланинг соғлиғи учун муҳимдир.

 

Иммунитет пастлиги қандай аниқланади?

Яна ўқинг:  Асал томир йўлларини тозалайди ва атеросклероздан сақлайди

Агарда бола йил давомида ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекция), грипп, бронхит каби касалликларга 5 маротаба, баъзан ундан ҳам кўп чалинса, унда иммунитет пасайганини билиш мумкин. Яна гўдакда камқонлик аниқланган бўлса (қонда гемоглобин миқдорининг камайиб кетиши) иммунитет тизими иш фаолия­тини сусайтиради.

Касалликнинг тез-тез қайталаниши ҳамда бемор гўдакнинг касал бўлган кунларининг чўзилиши ҳам унинг саломатлигига жиддий таъсир этади.

Шунингдек, боланинг умумий аҳволидан ҳам унинг иммунитети пастлигини билиш мумкин. Масалан, беморнинг кўз атрофи кўкариши мумкин. Унда ҳолсизланиш ва камқувватлилик каби белгилар кузатилади.

Кўпчилик болаларда жигарнинг катталашиши билан иммунитет тизими фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин.

Тез-тез аллергик касалликларга чалинадиган ҳамда дисбактериоз хасталигига мойил болаларда иммунитет пастлиги кузатилади.

Юқоридаги ҳолатлардан бири болада мавжуд бўлса дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ўз вақтида болани даволаш унинг саломатлигини тезда тиклашда ёрдам беради.

 

Организмни чиниқтириш учун нима қилиш керак?

Биринчи навбатда болани шифокор-педиатр кўригидан ўтказиш керак. Унинг умумий аҳволига қараб, махсус тиббий анализларни топшириш талаб этилади. Мисол учун қон таҳлили, пешоб ва ахлат анализини топшириш шарт.

Бундан мақсад боланинг ички аъзоларида юз бераётган ўзгаришларни ўз вақтида аниқлашдан иборатдир. Болалар орасида кўп учраб турадиган гижжа ва унинг бошқа турлари иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари қон таркибидаги турли инфекция қўзғатувчи бактериялар ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Иммунитет тизимини ишдан чиқарувчи зарарли вирусларни қон таҳлили орқали аниқлаш мумкин. Буни аниқламай туриб, болага тўғри даволаш усулини қўллаш қийин.

Шунингдек, бола саломатлигини мустаҳкамлаш учун унинг кундалик таомномасига тўйимли ва калорияга бой маҳсулотлардан қўшиш мақсадга мувофиқдир.

Шу жумладан гўштли ва сабзавотли овқатлар, мевалар, денгиз маҳсулотлари, тухум, витаминларга бой табиий шарбатлар ва сут маҳсулотлари боланинг кундалик таомномасида бўлиши зарур.

Сув, ҳаво ва қуёш ванналари организмни чиниқтиришда муҳим омил ҳисобланади.

(Давоми бор)

Наргиза УГЛАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: