Бундай пайтда шошиб қолманг: болага дарҳол биринчи ёрдам кўрсатинг

Болада талваса хуружи содир бўлганда, табиийки, аксарият ота-оналар шошиб қолади. «Бундай пайтда нима қилиш керак?», «Қандай йўл тутса унинг аҳволи енгиллашади, тезроқ ўзига келади?» Хуружни қандай қилиб асоратсиз ўтказиш мумкин?..»
Шу ва бошқа саволлар пайдо бўлганда ҳар қандай киши, аввало, ўзини қўлга олиб, биринчи ёрдамни тўғри кўрсатиши жуда муҳим. Чунки талваса хуруж қилганда, бола саломатлиги унга кўрсатиладиган илк ёрдамга ҳар томонлама боғлиқ. Биринчи ёрдам кўрсатиш тартибига тўхталишдан олдин, талваса хуружи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш ўринли. Зеро, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, кечиши ва олдини олишни билиш кўмак вақтида асқотади.
Ҳомиладор аёл камқон бўлмасин!
Талваса туғма ва орттирилган бўлиб, туғма талваса наслдан ўтиши ёки онанинг ҳомиладорлик даврига бориб тақалиши мумкин. Агар ҳомиладор аёл камқон бўлса, она ва болада кислород танқислиги юзага келади. Бу моддалар алмашинуви издан чиқишига ва оқибатда гўдак талваса хуружи билан дунёга келишига сабаб бўлади. Шунингдек:
• туғруқ йўлидан ўтаётганда чақалоқнинг жароҳатланиши;
• кальций моддаси етишмаслиги;
• чақалоқлик даврида В6 витамини танқислиги;
• бола организмида микроэлементлар номутаносиблиги;
• бирор турдаги аминокислота камлиги;
• гижжалар ҳам кейинчалик унда талваса хуружлари юзага келишига асос бўлиши мумкин.
Кўпинча хуруж бемор шамоллаганда, диарея бўлганда, тана ҳарорати кўтарилгандан юз беради. Бу организмда микроэлементлар баланси бузилиши билан боғлиқ.
Кўмак беришнинг ўз тартиби бор
Болада талваса хуружи бошланиши биланоқ, дарҳол тез тиббий ёрдам чақирилади. Тиббий хизмат етиб келгунига қадар эса уй шароитида қуйидаги тартибда биринчи ёрдам кўрсатиш лозим:
- Бола, аввало, чалқанча ҳолатда ётқизилади.
- Бемор хонада бўлса, дарҳол эшик ва деразалар очилиб, тоза ҳаво кириши таъминланади.
- Сиқиб турувчи кийимлари, тугмачалари бўшатилади.
- Боланинг оғзида бирор нарса бўлса, оғиз бўшлиғи овқатдан тозаланди.
- Тили тортилади. Яъни боланинг тил илдизи қошиқ сопи ёки шунга ўхшаш қаттиқроқ нарса билан босиб турилади. Бунда беморнинг оғзига қўлни солиш мумкин эмас! Чунки қўл қусиш рефлексини юзага келтириши ва бемор қайт қилса, нафас йўлига қусуқ массалари ўтиб қолиши мумкин.
- Шундан сўнг пахтага бироз нашатир спирти томизилиб, боланинг бурни атрофидан секин ўтказилади.
Даволашни нимадан бошлаш керак?
Албатта, хуруж сабабини аниқлашдан. Бола педиатр, невропатолог, иммунолог, гельминтолог текширувидан ўтказилади. Сўнгра қондаги калъций миқдори аниқланиб, бош мия электроэнцефалографияси қилинади. Беморнинг умумий аҳволига қараб шифокор магнит-резонанс томография, компьютер томографияси текширувларини ҳам буюриши мумкин. Бу таҳлилларда мияда ростдан ҳам хуруж ўчоқлари бор ёки йўқлиги аниқланади. Муолажа текширув натижаларига кўра белгиланади. Айрим ҳолларда танқислиги кузатилаётган моддага организмнинг эҳтиёжи қондирилиши билан хуружлар ҳам бартараф бўлади.
Даволаш самараси унинг узвийлигига боғлиқ. Талваса хуружига қарши даволанаётган бола барча дори-дармонларни ўз вақтида ичиши ва муолажа тўлиқ якунланиши лозим.
Бу ҳам муҳим
Бундай болалар доимо маҳаллий невропатолог назоратида бўлиши, агар таълим ёшига етган ўғил-қиз бўлса, соғлигидаги муаммо ҳақида ўқув муассасаси ҳашираси ҳам огоҳлантирилиши лозим. Таомномаси тўғри ва режали бўлмоғи: микроэлементларга, айниқса, кальцийга бой маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиши, ўз вақтида овқатланиши муҳим. Талваса хуружидан азият чекадиган болалар учун кун тартибига амал қилиш, очиқ ҳаводаги сайрлар алоҳида аҳамиятга эга.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларБолага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?
Совуқ ва ёғингарчилик – ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиши учун қулай муҳит. Ана шу даврда шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалад
Тиббий сабоқларБолага пойабзал сотиб олишда...
Инсон оёқлари мураккаб анатомик тузилишга эга. Унинг бир панжаси 26 та суяк ва кўплаб бўғимлардан таркиб топган. Нотўғри танланган пойабзал ана шу суяк ва бўғимларнинг деформацияла
Тиббий сабоқларАломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?
Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало
Тиббий сабоқларБолалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар
Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса
