Ҳаётнинг митти қаҳрамонлари

Дунёда бола кулгусидан ёқимлироқ туйғу бўлмаса керак. Бироқ, минг афсуски, барча болалар ҳам бундай имкониятга эга эмас. Негаки, бунга улар жисмидаги дард монелик қилади…

Турли касалликларга чалинган болаларнинг тўлиқ шифо топиши учун баъзан ота-оналарнинг моддий имконияти етмаслиги мумкин. «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди шундай ҳолларда беминнат ёрдам қўлини чўзмоқда. Жумладан, фонднинг Наманган филиали ҳам ногирон болаларни соғломлаштириш дастурлари доирасида эътиборга молик ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2003-2020 йиллар давомида Германия­нинг «Фридинсдорф Интернейшнл» халқаро ташкилоти грант маблағлари ҳисобидан 34 нафар наманганлик ўғил-қиз Германиядаги нуфузли клиникаларда дарддан фориғ бўлиб қайтди. Айни пайтда 2 нафар ногирон бола Германияда даволанишни давом эттирмоқда.

2018 йилда Германия давлатида хизмат сафарида бўлиб, у ерда даволанаётган ўзбек болалари яшаш тарзи билан яқиндан танишдим. Уларнинг яшаши, таълим олиши, даволаниши учун барча шароитлар яратиб берилгани, ҳар бир бемор бола учун алоҳида шифокор, ҳамшира, ўқитувчи-мураббий, энагаларнинг тайинлангани кўнглимизни кўтарди. Олиб борилаётган энг замонавий усуллардаги даволаш, ўқитиш, спорт-соғломлаштириш, овқатланиш тартиб-тамойиллари ўғил-қизларнинг тезроқ соғайиб она юрти ва оиласи бағрига қайтишига ёрдам бермоқда, десак асло янглишмаган бўламиз.
Сафар чоғида 15 нафар ўзбекистонлик бемор болани Германия давлатига олиб бориб, 13 нафар маълум муддатларда даволаниш босқичларини ўтаган ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, шифо топган болани ота-онаси, яқинлари бағрига олиб қайтдик.

Норин тумани Норинкапа маҳалласида истиқомат қилувчи, 2004 йилда туғилган Абдуллоҳ Тожибоевга чап оёқ болдир суягининг туғма нуқсони, ёлғон бўғим ташхиси қўйилган. У Германияда иккинчи бор даволаниш босқичларини ўтади.

– Чап оёғим ўнгидан 5 сантиметр калта бўлиб, боз устига бўғимларимдаги муаммолар эркин ҳаракат қилишимга ҳалақит берарди, – дейди Абдуллоҳ. – Менинг ҳам соғлом тенгдошларим каби кўча чангитиб ўйнагим, тўп тепгим келарди. Афсуски, бунга саломатлигим йўл қўймасди. Ота-онам ҳам мендан кам хафа бўлишмасди. Энди ҳаммаси ортда қолди. Илк бор 2013 йилда мени фонд томонидан Германия давлатига юборишди. У ерда бир йил давомида даволандим, ҳам ўқидим. 2017 йилда эса даволашнинг иккинчи босқичи учун юборишди. Олти ой давомидаги муолажалар бесамар кетмади. 2018 йилнинг февралида ота-онам бағрига қайтдим. Бизга шундай имкониятларни яратиб берган «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондидан чексиз миннатдормиз.

Туғма хасталик ёки бахтсиз тасодиф туфайли ногирон, кўнгли ярим жонга айланган, умидини буткул йўқотган 34 нафар ўғил-қизнинг бугун кўзлари қувончдан порлаяпти. Бу айтишгагина осон. Бардош билан ҳам дардни, ҳам ота-она, яқинлари, қадрдон хонадони соғинчини енгаётган болаларнинг ҳар бири, назаримизда, ҳаётнинг митти қаҳрамонларидир.

Яна ўқинг:  Аллергия қандай юзага келади?

Хайрулло АРТИҚОВ,

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди

Наманган филиали директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: