Сиҳатгоҳлар саломатликни мустаҳкамлайди

Сиҳатгоҳ ҳудудига кирар эканмиз, йўлакларда улуғ алломаларимизнинг саломатлик борасидаги фикрлари ёзилган стендларга кўзимиз тушди. Сўлим ва баҳаво, саранжом-саришта маскан бўйлаб сайр қилиб, ҳордиқ чиқардик. Бу ерда муолажа олиб, саломатлигини тиклаётган ҳамюртларимизга ҳавасимиз келди.

Доно халқимиз “Яхши дам, меҳнатга ҳамдам”, деб бежиз айтмаган. Бироқ, кўпчилик инсонлар меҳнатини қиладию, дам олишга келганда турли баҳоналарни рўкач қилади. Ростдан ҳам инсон ўз ҳаёти давомида оила ташвишларию фаровонлиги, фарзандлар камоли, юрт ободлиги учун тиним билмайди. Бир кун бўлсин, оёқ узатиб, ҳордиқ чиқаришга вақт тополмайди. Ҳаёт ташвишлари билан тиним билмай, елиб-югуради.

Таъкидлаш жоиз, инсон танаси темирдан эмас. Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади. Шунинг учун биз ўз саломатлигимизни муҳофаза қилиш, тиклаш, дам олиш ёки даволанишга баъзан эҳтиёж сезамиз. Бу биздан соғлиғимизга бўлган катта эътибор ва масъулиятни талаб этади. Ана шундай пайтда инсон албатта, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, баҳаво масканларга саёҳат қилишни истаб қолади. Бу уларга янги куч-ғайрат, шижоат, янгича руҳ бағишлайди. Кишилар шу тариқа ҳам маънан, ҳам жисмонан қўшимча куч-қувват олиб, ўз ҳаёти зарварақларини янгилаб туради.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари ва курортлар Бошқармаси тасарруфидаги Қибрай туманида жойлашган “Умид гулшани” сиҳатгоҳини айлана туриб, беихтиёр хаёлимиздан шу ўй-фикрлар кечди. Бу ердаги шарт-шароитлар билан танишишга чоғландик.

Дам олиш масканига янги раҳбар ишга келгач, қисқа муддат ичида муассаса фаолиятида катта ўзгаришлар бошланди. Барча ётоқ бўлимлари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар, тиббий муолажа хоналари эса энг сўнгги русумдаги зарур асбоб-ускуналар билан таъминланди. Янги кутубхонага 5 мингдан зиёд турли адабиётлар келтирилди. Ҳудуд янада ободонлаштирилиб, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

– Сиҳатгоҳимизга дам олиш мақсадида йўлланма ёки ихтиёрий тарзда келган одам, аввало, қабул бўлимида шифокор томонидан бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади. Сўнгра биокимёвий лабораториямизда қон таҳлилларини топширади. Уларни УТТ, ЭКГ аппаратларидан ўтказиб, юрак, жигар, буйрак, ўт қопи каби аъзоларида касаллик бор-йўқлиги аниқланади. Уч кун ичида биокимёвий таҳлилларга асосланиб, фуқаро шифокор томонидан ёзилган муолажаларни олишгани бошлайди, – дейди дам олиш масканининг раҳбари, олий тоифали шифокор Дилором Мамадалиева. – Жамоамизнинг асосий вазифаси ўз ишига интизом ва масъулият билан ёндашишдан, шифокор кўрсатмасига биноан уларнинг муолажаларини ўз вақтида амалга оширишдан иборат. Айниқса, дам олувчиларнинг талаб ва истакларини бажаришда муомала маданияти, кутиб олиш ва кузатиш, уларнинг хизматимиздан мамнун ҳолда уйга қайтишлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Яна ўқинг:  Қирқ йилдан зиёд меҳнатга муносиб рағбат

Ҳа, дам олиш масканида 12 кунлик реабилитация ва профилактика муолажаларидан сўнг дам олувчилар ҳам тиббий, ҳам маънавий ҳордиқ чиқарадилар. Улар муолажалардан бўшагач ҳафтада 2 марта табиат қўйнига сайрга, шунингдек, пойтахтимиздаги музей, театр, цирк ва зиёратгоҳларга томошага олиб борилади.

Эътиборлиси, дам олувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун ўтган йили 2 қаватли замонавий қишги-ёзги маданият саройи, кутубхона, даволаш – жисмоний машғулотлар хонаси (ДЖХ), шунингдек, 120 ўринли замонавий ошхона қуриб битказилиб, улар қаттиқ ва юмшоқ ҳамда спорт жиҳозлари билан таъминланди. Ётоқхоналар тўлик таъмирдан чиқарилиб дам олувчиларга замонавий шароитлар яратилди.

Бугунги кунда аёллар ва эркаклар бепуштлиги, асаб тизими, эндокрин ва юрак қон-томирлари тизими касалликларини реабилитация қилиш (тиклаш) ва профилактика ишларини олиб бориш мақсадида жамоа самарали фаолият кўрсатмоқда. Муолажаларнинг асосий негизини ташкил этувчи танадаги моддалар алмашинуви, қон айланиши, касалликнинг сўрилиши ва нобуд бўлган тўқималарнинг тикланишини таъминловчи физиотерапевтик муолажалар – сувда уқалаш, шифобахш балчиқ, парафин, паст частотали ток, игна терапияси, уқалаш, сув муолажалари, ичакларни ювиш, банка қўйиш, гириудо терапия, фитобар, кислородли кўпик, сауна ва бассейнда сузиш дам олувчиларга саломатлик бағишламоқда.

Бундай жараёнларни тезкор ва сифатли таъминланишида урологлар Шокир Ашуров, Азиз Носиров, гинекологлар – Дилбар Саидова, Нилуфар Раҳматова, Гулираъно Қосимова, биокимёвий лабораторияси бўлими раҳбари Барно Сатторова, невропатолог Идрис Мардонқуловнинг меҳнати таҳсинга сазовор.

Қолаверса, дам олувчилар учун ҳар оқшом таниқли хонанда ва актёрлар иштирокида кўнгилочар концерт дастурлари, театр ва кўчма цирк намойишлари, таниқли шоир-ёзувчилар билан ижодий учрашувлар ташкил этилади. Кунда уч маҳал парҳез таомлар, серқуёш тупроғимизда етиштирилган сархил меваю ширин-шакар қовун-тарвузлар тўғри овқатланишни йўлга қўйишда муҳим ўрин тутади.

Сиҳатгоҳда дам олувчиларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланган. Давлат дастури асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва собиқ фронт орти хизматчиларига, меҳнат фахрийлари ва ногиронларга имтиёзли йўлланмалар асосида хизмат кўрсатилади. Яъни, муолажалар уларнинг жойларига бориб бажарилади. Зарур ҳолатларда бу тоифа дам олувчиларга дори-дармонлар билан қўшимча муолажалар амалга оширилади.

Яна бир эътиборли томони сиҳатгоҳда она-болалар ҳам қабул қилинади. 7 ёшгача бўлган болаларга бепул хизмат кўрсатилади. Бунинг учун муассасада ҳамма шароитлар яратилган. Ҳатто болалар хоналари ҳам ташкил этилган.

Амалий-тиббий жараёнларнинг сифатли бажарилишида ҳамширалардан Дилором Абдураҳмонова, Вилоят Юсупова, Саломат Саидохунова, Шаҳло Мусахоновадан барча миннатдор.

Яна ўқинг:  Оқчилнинг олдини олиш мумкинми?

Ҳар ҳафта ўтказиладиган шанбалик ва тозалик кунлари эса ҳудуддаги ободончилик ва озодаликни таъминламоқда. Чор-атрофга экилган гулу райҳонлар сиҳатгоҳ ҳовлисига ўзгача кўрк ва файз бағишлабгина қолмай, мусаффоликни таъминлаб, кишининг баҳри-дилини очади.

М. ҚОДИРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: