Шарафли йўл эҳтиёжи
…Болалигимдан уйимиздаги барча нарсалар дадамнинг иродасига боғлиқ ёки ундан келиб чиққан ҳолда бўлишини кўриб ўсганман. Биз, фарзандлар бирор эҳтиёжимиз бўлса, буни тўғридан-тўғри дадамга айтмас, онам орқали билдирар ва жавобни ҳам онамдан эшитардик. Тенгдошларимнинг ҳам кўпчилиги шундай улғайишган. Оталар бизга қўл етмас, сирли ва ҳайбатли қўрғон туюларди. Оиладаги масалалар имкон қадар билвосита ҳал қилинарди. Отага юзма-юз бўлишдан ҳайиқар, уялар ва бунга йўл қўймасликка уринар эдик. Ҳозир эса…
Ўғилларнинг тап тортмай отага сапчиётгани, қизларнинг турмуш қуриш ё шу каби ички масалада сўз очаётгани, оталардан рухсат сўраш шарт бўлмай бораётганига гувоҳмиз. Оилада отанинг мавқеи шу даражада пасайдики, унга фақат пул топиб келиш, орзу-ҳавасларни амалга ошириш воситаси, деб қаралмоқда. Отанинг оиладаги тарбиячилик ўрни деярли йўқолиб бўлди. Фарзанд тарбиясида иштирок этмаган одам эса унинг ҳаётида ҳам иштирок этмайди!
Хўш, нима ўзгарди? Нима оталар ва фарзандлар, хусусан, оталар ва қизлар орасидаги пардани кўтариб ташлади? Қандай сабаб отани қўл етмас тахтдан тушириб, обрўсизлантиряпти? Ҳатто бачканалаштиряпти? Қанчалар сийқаси чиққан бўлмасин, жавоб яна ўша: оммавий ахборот воситаларининг барча турлари (улар орасида телевидение олий ўринда) шунга олиб келди. Аслида телевидение жуда яхши ва фойдали ихтиро. У туфайли инсон ДУНЁ ва унга тегишли барча нарсадан бохабар бўлади. Дунёқараши кенгаяди ва ўзини ташқаридагилар билан таққослаб, ривожланишга уринади (тараққиётнинг ричаги таққос зотан). Ва телевидениенинг хароб қилувчи кучи, тенгсиз қудрати ҳам шу таққосда ҳисобланади. Бунда тасвирлар, улардаги манзара, танланган ранглар, тасвирларнинг мунтазам ҳаракатланиши каби омиллар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Инсон мияси исталган турдаги ахборотни 8 сония давомида таҳлил қилиб, керак-нокерак, муҳим-аҳамиятсизга ажратади. Тасвирларнинг ҳаракатланиб туриши эвазига теленамойишлар кўпинча керак ва муҳим ахборотлар категориясидан жой олади. Яъни инсон мияси уни қабул қилиш (идрок этиш эмас!) учун очилади. Шу тарзда таҳлилга эмас, қабулга созланган тафаккур намойишни (ҳатто ёқмаётган, танқид ёғдираётган бўлсангиз ҳам) яхлит ахборот сифатида захирага ёзиб олади. Аста-секин вазиятга кўра бу ахборотдан (қаҳрамонларнинг либоси, гап-сўзи, овқатланиши, фикрлаш тарзидан) фойдалана бошлайди. Қарабсизки, ўзимиз ёқтирмаган киноқаҳрамоннинг овқати ёки либоси рангига майл билдира бошлаймиз. Айниқса, даврийлик хусусиятига эга телесериаллар бу жиҳатдан соат механизмли бомбага ўхшайди. Энди ўзбек фильмларининг барчасидаги аёл образларга эътибор беринг – асабий, бировга гал бермай шанғиллайдиган, эрни бир тийинга олмайдиган, болаларига бачкана ҳазил қиладиган, келин ё қайнонасини таваккалига турткилайдиган ва ҳакозо. Ундаги эр образлари ҳам мижғов, аёлсиз ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган, қизи билан (!) совчилар ё йигит ҳақида сўзлашадиган, хуллас, ўзбек бўлмаган одамлар. Неча ўн йиллар мобайнида жамиятга тақдим этиб келинган бундай фильмлар мевасини аҳли аёлига тор-танқис, қоматни бўрттирадиган либос олиб бераётган эркаклар, онасини муҳокама қилишга йўл қўяётган ўғиллар (қизлар ҳеч қачон эрига онасини ёмонлатмайди), ота-она билан ўрнидан турмай гаплашаётган фарзандлар, майдагап бўлиб бораётган нозик йигитлару эркаклашиб кетаётган қўпол қизлар шаклида татий бошладик.
Албатта, оилада берилган тарбия муҳим, аслида йўқ тарбияни ҳеч нарса бузолмайди, дейишингиз мумкин. Аммо юқорида соат механизми ҳақида бежиз сўз юритмадик. Бундай фильм (сериал, кўрсатув)лар марказида инсон эрки, шахсияти биринчи ўринда туради. Ахлоқий, диний, ижтимоий, миллий мезонлар эмас, шахсий хоҳиш асосида яшаш ғоясини илгари сургани учун бу томошалар ёқимлидир. Кўпинча уларнинг моҳияти «ҳаёт сеники, уни хоҳлаганингдай тасарруф эт» шиори ташкил этади. Бу эса ҳали шаклланиб улгурмаган, моддий, маънавий, эстетик, ахлоқий қадриятларни эгалламаган, ёмондан яхшини, бемаъни, хунук нарсалардан гўзалликни ажрата билмайдиганларга ҳалокатли таъсир қилади. Бундайлар инсон эрки, шахсий ҳудудни том маънода тушуниб, маданиятсизлашади. Дейлик, ўзбек ҳамиша бошқаларга қулай бўлишига интилиб яшаган. Айтаётган гапи, қилаётган иши, киядиган либоси атрофдагиларга қандай таъсир қилишини, улар кўнглини оғритмаслиги, ҳамиятига тегмаслигини ўйлаган. Ёши улуғларнинг барчасига салом бериш, жой бўшатиш, юкини кўтариш, насиҳатини эшитиб, танбеҳини қабул қилиш каби амаллар билан эҳтиром кўрсатган. Замонавий жамият эса буларни тан олмайди. Дастлаб бегоналар, кейинчалик ўз яқинлари билан ҳисоблашмай, демакки, бутун жамият амал қилиб келаётган кўзга кўринмас ижтимоий-ахлоқий мезонларга риоя этмай бошлайди. Транспорт воситаларидаги ўриндиққа елимланган ёшлару жамоат жойларидаги муҳаббат шинавандаларининг илдизи мана шунда. Ҳуқуқий жиҳатдан улар ҳақ. Аммо ўзбекда ёзилмаган, юракка ўйилган қонунлар бўлади. Уларнинг номи оқибат, аяш, шафқат, инсоф, ростлик, орият… Уларга амал қилингани учун халқимиз 1930 йиллардаги даҳшатли қаҳатчиликни, 1940 йиллардаги умидсизликни, 1950 йиллардаги иложсизликни номус билан енга олди. Бири иккинчисининг қўлтиғига кирди, еб ўтирган яримта нонини бева қўшниси билан бўлишди, кўчада қолган гўдакларни ўзининг чалақурсоқ болаларига қўшиб боқди. Шундай кунларда ҳам ота-оналар қариялар уйига ташлаб кетилмади, аёллар тирикчилик дардида уйдан кўчага чиқиб кетмади, жигарлар уй талашмади, ойлаб пул олиб келмаган оилабошига аёл қўлини пахса қилиб «эркакмисиз, боқинг» демади. Биз шундай халқ эдик. Биз шундай баланд эдик. Чунки оилабошилар қўл етмас масофада турарди. Оталар болалар тарбиясида «отангга айтиб бераман» ёки «отанг билиб қолса…» деган шаклда иштирок этарди. Шу боис болалар ва ота орасида парда бор эди. Болалар ўзларини отасига лойиқ тутишга интилар, нотўғри иш қилмасликка уринарди. Қизлар-ку оила номуси – отаси шаъни ҳимоячиси ҳисобланарди. Қизлар билан оталарнинг орасидаги парда, сирлилик қизларга турмушга чиққанда ҳам асқотар, алоҳида панд-насиҳатлару ўгитларсиз умр йўлдоши ҳурматини онаси каби жойига қўярди. Аслида тарбияда жонли ибратдан самарали восита йўқ. Ҳар бир фарзанд ота-онаси айтганини эмас, уларнинг қилганини қилади. Муаммолар илдизи ҳам шу жиҳатда кўринади. Яъни тарбия билан ота-она шуғулланмай қўйди, бу муҳим юмуш телевизорга қолиб кетди. ТВ тарбиялаган ва тарбиялашда давом этаётган бутун бошли авлод пайдо бўлди. Телевидение жамиятни қамрай бошлагани, кўрсатувлари ранг-баранглашгани, телеканаллар сони ортгани сари бу тарбия ҳалокатли тус ола бошлади.
Вазиятни ўнглаш мумкинми? Албатта мумкин ва шарт! Фақат оналар фарзандининг моддий аҳволи учун пахса қилган қўлини фарзанд инсонийлиги учун кўксига қўйиши керак. Ота обрўсини фарзанд олдида туширавермай, «отанг билиб қолса» усулидан фойдаланиши, ахлоқ пардасини тиклаши керак. Оталар аёли билан тенглашиб, даҳанаки жанг қилмасдан, оила масъулияти фақат пул топишгина эмаслигини англаши керак. Бу қийин. Бақиришга ўрганган овоз дарров мулойим тортмайди, фарзанд муаммосини ечиб ўрганмаган одам қочиб кетгиси ё пул бериб қутулгиси келади. Ўзликка қайтиш қийин зотан. Аммо шарафли ва тўғридир.
Муҳайё ЙЎЛДОШ