Миннатдорлик мактуби
Кўп йиллардан буён юрак хасталигидан азият чекаман. Шу кунга қадар юртимиздаги кўплаб шифохона ва клиникаларда даволандим, лекин ҳеч аҳволим яхшиланмади. Кўп танишларим Ҳиндистонга бориб, юрагимни операция қилдириб келишимни маслаҳат берди, лекин бунинг учун пул қаёқда, дейсиз.
Шукурки, сўнгги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Хорижлик шифокорлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.
Бир куни яқинларим ушбу марказнинг кардиохирургия бўлимида хорижлик Мустафо Абдураҳмон исмли малакали шифокор фаолият олиб бораётгани, юрак ишемик касаллиги – стенокардияни муваффақиятли операция қилаётганлиги, натижаси жуда яхши эканлигини айтиб қолди. Тезда шифокор қабулига келдим ва зарур текширувлардан ўтдим. Мустафо Абдураҳмон билан суҳбатлашганимда унинг ўз ишининг устаси эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Шифокорнинг самимийлиги, камтарлиги, юксак билимидан ҳайратландим.
Мустафо Абдураҳмон операцияни муваффақиятли ўтказди. У носоғлом юрак томирларимни соғлом томирлар билан алмаштирди. Жарроҳлик амалиёти вақтида наркозни профессор Висола Ҳамзаева шогирдлари билан амалга оширди. Даволаниш жараёнида кардиохирургия бўлимидаги тартиб интизом, устоз-шогирдларнинг ўзаро муносабати мени лол қолдирди.
Фурсатдан фойдаланиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ана шундай малакали хорижлик мутахассислар билан биргаликда аҳоли саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилаётган фидойи шифокорларга, жумладан, А. Ҳайитовга ҳамда кардиохирургия бўлимининг барча ходимларига чуқур миннатдорлигимни билдираман.
Рашид ЭЛБОЕВ