Ошқозон яраси ўз вақтида даволанмаса, саратонга айланиши мумкин

Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 14 фоиздан ортиғи ошқозон яраси хасталиги билан оғрийди. Ташвишланарлиси, асосан 20-40 ёш атрофидаги эркакларда учрайдиган ушбу хасталик тобора ёшариб бормоқда, яъни кўпроқ мактаб ўқувчилари, талабалар орасида аниқланяпти. Хўш, ушбу касалликдан қандай сақланиш мумкин? Уни аниқлаш ва даволаш усуллари ҳақидаги саволларимизга тиббиёт фанлари доктори, профессор Феруза Ҳамрабаева жавоб берди.

– Ошқозон яраси пайдо бўлганини қандай аниқлаш мумкин?


– Ошқозон яраси пайдо бўлганда, кўпинча, қориннинг юқори қисмида оғриқ кузатилади. Алкоголли ичимликлар ва аччиқ озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ёки жисмоний оғир ишларни бажарганда бу оғриқ янада кучаяди. Оғриқ кузатилган заҳотиёқ, шифокорга мурожат қилиш зарур. Шифокорлар эса беморнинг бошқа аломатларига таянган ҳолда ошқозон яраси борлиги ташхисини қўйиб, уни аниқлаш бўйича зарур текширувларни ўтказади.
Бундан ташқари, жиғилдон қайнаши – беморлар энг кўп шикоят қиладиган белгилардан бири. У одатда овқатлангандан бир-бир ярим соатдан кейин содир бўлади. Шунингдек, оғиз бўшлиғида аччиқ ёки нордон таъмнинг сезилиши, қайт қилиш, қорин дам бўлиши кабилар ҳам касалликнинг асосий белгиларидан ҳисобланади.


– Ошқозон ярасини қандай даволаш усуллари бор?

– Ушбу касалликни фақат битта муайян дори ёрдамида даволаб бўлмайди. Ёндашув комплексли бўлиши, шунингдек, меъда ширасининг кислоталилигини камайтириш талаб этилади, бу жуда кўп ёқимсиз аломатлар (айниқса, жиғилдон қайнаши, кекириш ва кўнгил айниши)ни бартараф этиб, асоратларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади.
Айни кунда мазкур касалликни даволашнинг яна бир усули жароҳлик амалиёти бўлиб, бу – яраларнинг жойлашишига, келиб чиқиш сабабига ва ҳолатига кўра, ушбу аъзонинг маълум бир қисмини оператив йўл билан резекция қилиш (кесиб олиб ташлаш)дан иборат.
Операция қилишнинг икки хил йўли бор. Улардан бири Паллиатив вақтинчалик жарроҳлик амалиёти бўлиб, кекса, нимжон ва аҳволи оғир беморларда ўтказилади. Радикал операция амалиёти эса, яра жойлашган соҳа соғлом тўқимага қадар кесиб олиниб, беморнинг бу дарддан буткул қутулишига имкон яратади. Ҳозирги пайтда бундай жарроҳлик услуби яхши ишлаб чиқилган.

– Касалликдан сақланиш учун нима қилиш керак?


– Ошқозон яраси пайдо бўлишига тўғри овқатланмаслик, узоқ вақт оч юриш, инсон саломатлигига зарар етказувчи маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳамда кучли стрест ҳолатини бошдан ўтказиш ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис соғлиқ учун зарарли маҳсулотлар, ҳазм бўлиши оғир бўлган ўта ёғли, хом пиширилган таомлардан сақланиш керак.
Ошқозон яраси бор инсонлар эса парҳез қилишга қатъий киришиши талаб этилади. Агар тавсия этилмаган таомларни истеъмол қилса, уларнинг аҳволи янада оғирлашади. Аксинча, даволаниш билан парҳезни бирдек олиб борса, тезроқ соғайиши мумкин. Аввало, бундай беморларга таомларни ўта иссиқ ёки совуқ ҳолда истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

– Қандай оғир оқибатларга олиб келади?

– Касаллик вақтида даволанмаса беморнинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб бораверади. Масалан, яра қонаб кетиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳушдан кетиш, баъзан ичакдан қон кетиши ёки қон қусиш ҳолатлари юз беради. Шунингдек, керакли тиббий муолажалар ўтказилмаса, ошқозон ярасининг ўсмага айланиши, саратонни юзага келтириши ҳамда ўт пуфаги касалликлари, холецистит, панкреатит каби хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун бундай ҳолатлар бемор ўз соғлиғига жиддий эътибор қаратиши лозим.

Яна ўқинг:  Мавсумий хавфли касалликлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: