Нафас йўллари касалликлари ва коронавирус

Аломатлар қандай фарқланади?

Куз-қиш фасли томоқ, бурун ва қулоқда шикоятлар кўпаядиган мавсум ҳисобланади. Коронавирус хавфи боис кўпчилик томоқ оғриғини ҳам коронавирус аломати, деб шубҳа қилишмоқда. Одатдаги томоқ оғриғи билан коронавирус ўртасида қандай фарқли белгилар бор? Қуйида шу ва шунга ўхшаш бир қатор саволларга жавоб излаймиз.

Таъкидлаш жоизки, куз ва қиш фасллари ЛОР хасталикларининг ўткир ривожланиши ёки сурункали шаклларининг хуруж қилиш даври ҳисобланади. Маълумки, коронавирус инфекциясининг асосий кириш дарвозаси сифатида юқори нафас йўллари қаралмоқда. Шу боис буруннинг ачишиши, томоқдаги нохушлик ҳисси, ҳид билишнинг пасайиши кузатилганда одамлар коронавирусга шубҳа қилишмоқда. Маълум бир жиҳатдан бунда асос бор. Чунки эпидемиологик вазият шуни тақозо қилмоқда.


Беморларда учрайдиган ўткир респиратор шамоллаш, фарингит, ангина ва ринитлар ҳам шунга ўхшаш намоён бўлади. Бироқ қиёсий ажратувчи белгиларни синчиклаб фарқлаш мумкин. Ўткир вирусли инфекциялар, ангиналар ва фарингитлар, одатда, юқори тана ҳарорати билан бошланади. Ангина ва фарингитларда томоқда оғриқ, кўрилганда эса кучли қизариш аломатлари бўлади, коронавирусда эса бироз нохушлик ва енгил қирилиш бўлади, яллиғланишнинг аломатлари кам намоён бўлади.

Вирусли ўткир тумовларда бурундан нафас олиш қийинлашади, ажралма келади ва бироз ҳид билиш пасаяди (гипосмия), короновирусда эса бурун йўлларида ажралма бўлмасдан туриб ҳид билиш йўқолади (аносмия). Бироқ, ҳурматли шифокорларимиз ЛОР аъзолари касалликлари билан коронавируснинг биргаликда келиш эҳтимоли мавжудлигини унутмасликлари керак бўлади.

Гайморитга келсак, аввало, унинг қандай сабаблар оқибатида юзага келиши, дастлабки белгилари, даволаш усуллари ва олдини олишга тўхталсак…
Гайморит – бурун ёндош бўшлиқлари касалликлари орасида энг кўп учрайди. Гайморитнинг ривожланишига бир неч­та омиллар сабаб бўлади. Инсоннинг маҳаллий ёки умумий совқотиши, иммунитетнинг пасайиши, буруннинг ички ўзгаришлари, гаймор бўшлиғининг тиш­лар билан боғлиқлиги ва унинг табиий тешигининг яхши фаолият кўрсатмаслиги каби ҳолатлар шулар жумласидан. Гайморит ўткир ёки сурункали, бир ёки икки томонлама бўлиши мумкин. Гайморитнинг ўткир ва сурункали турларини, айниқса, болаларда фарқлаш қийин ҳисобланади. Чунки бола, кўпинча, ўз хасталигини яширади ва шикоят қилмайди. Нурли текширишларда гаймор бўшлиғида киста, полип ёки одонтоген ҳосилалар кўринса, бу ҳолат сурункали ҳисобланади.

Одатда, яллиғланган бўшлиқ соҳасида маҳаллий оғриқ, бурундан нафас олиш қийинлиги, бош оғриши, ҳарорат кўтарилиши кузатилади. Асоратланмаган ўткир ва сурункали гайморитлар дори воситалари ва муолажалар (антибиотиклар, яллиғланишга карши дорилар, бурунни ювиш, бўшлиқни пункция қилиш, физиотерапевтик муолажалар) билан даволанади.
Гайморитларнинг профилактикаси иммун ҳолатни кўтариш, организмни чиниқтириш, тишлар кариесини ўз вақтида даволаш, бурун ичи патологиясини ўз вақтида бартараф этишни ўз ичига олади.
Гайморитларнинг асоратланган, полипли, кистали, холестеатомали, одонтоген турларида жарроҳлик амалиёти ўтказилади.
Жарроҳлик амалиёти гаймор ёки юқори жағ бўшлиғини тозалаш ва унинг табиий тешиги фаолиятини яхшилашга қаратилади. Операциядан кейинги давр­да бемор ўзини эҳтиёт қилмаса, шифокорнинг тавсияларини тўлиқ бажармаса, мазкур касаллик қайта ривожланиши мумкин.

Яна ўқинг:  Магнит тўфони: унинг инсон саломатлигига таъсири

Шу ўринда қулоқдаги шовқин, яллиғланиш, эшитиш сифати пасайишининг сабаблари нимада, қулоқни уй шароитида тозаласа бўладими, умуман, қулоқдаги шовқин қандай касалликдан дарак беради, шамоллаш оқибатида ҳам бу ҳолат юзага келиши мумкинми, деган саволлар туғилади.
Қулоқдаги шовқин қулоқ касалликлари оқибатида, қулоқдан ташқи аъзолар хасталиклари сабабли бўлади. Агарда ташқи, ўрта ва ички қулоқнинг хасталик­лари мавжуд бўлса, улар шовқиннинг сабаби деб қаралади. Бироқ бу ҳолатда шовқин билан бир қаторда, инсонда эшитишнинг турлича пасайиши кузатилади.
Қулоқдан ташқарида – бу миядаги патологик жараёнлар (яллиғланиш, хатарсиз ва хатарли ўсмалар), бўйин томирларидаги ва умуртқа поғонасида ўзгаришлар, қоннинг таркибий ўзгаришлари (қандли диабет ва бошқалар), ички ­аъзолар хасталиклари ҳам шовқинларнинг сабаби ҳисобланади. Айрим беморларда қулоқ касалликлари ва ундан ташқари омиллар биргаликда шовқинни келтириб чиқаради. Қулоқда шовқин пайдо бўлса, беморлар мукаммал текширувлардан ўтишлари лозим бўлади.

Болаларда отит – қулоқ яллиғланиши кўп кузатилиши, ота-оналар фарзанд тарбиясида қулоқ касалликларига дуч келмаслик учун нималарга аҳамият қаратишини айтиб ўтсак.
Отит – бу қулоқнинг яллиғланиши ҳисобланади ва айниқса, эрта ёшдаги болаларда ўрта қулоқнинг яллиғланиши кўп учрайди. Ўткир отитларда қулоқда кучли оғриқ бўлади. Мазкур ҳолатда ноғора парданинг тагида суюқлик йиғилади ва кучли босим оқибатида оғриқ бўлади. Қулоқ мажмуаси мияга тааллуқли ҳисобланган чакка суяги ичида жойлашган бўлиб, оғриқ нафақат қулоқда, балки бош соҳасида ҳам бўлади. Шу боис қулоқ касалликларининг мияга асорат бериш эҳтимоли хавфли ҳисобланади.

Қулоқ касалликларининг олдини олишга, биринчи навбатда, бурун ва унинг ёндош бўшлиқлари, димоғ ва томоқ хасталикларини даволаш киради. Шу билан бирга, ота-она фарзандининг иммунитетини кўтариши, қулоғига сув киришининг олдини олиш ва жароҳатлардан асраши лозим бўлади.
Эшитиш сифати пасайиши, эрталаб бурун битиши ва қулоқдаги кучли оғриққа асосан, нималар сабаб бўлади, уй ша­роитида қулоқни тозалаш саломатликка путур етказмайдими, деган саволларга жавоб берсак.
Эшитишнинг турлича пасайиши дунё аҳолисининг 6 фоизида учрайди. Эшитиш пасайишлари наслий, туғма ва орттирилган ҳамда ўткир ва сурункали турларга ажратилади. Эшитишнинг заифлиги сабаблари турлича: туғма нуқсонлар, ўрта қулоқнинг ўткир ва сурункали яллиғланишлари, сек­ретор отит, вирусли касалликлар, отосклероз, Меньер хасталиги, сенсоневраль эшитиш хасталиги, бошқа аъзолардаги ўзгаришлар, токсик дориларни қабул қилиш (гентамицин, канамицин, неомицин, мономицин ва бошқалар), шовқин ва вибрацияларнинг узоқ муддатли таъсири, қон таркибидаги ўзгаришлар каби ҳолатларни қамраб олади.
Инсон эрталаб турганида бурун битишининг асосий сабаби бурун бушлиғидаги вена ва лимфа томирларининг уйқу мобайнида димланиши ва қисман ажралма йиғилиши ҳисобланади. Қулоқдаги кучли оғриқ эса яллиғланиш ва жароҳатларнинг белгиси ҳисобланади.

Қулоғи қуруқ (симпатотоник) ва нам (ваготоник) инсонлар бўлади. Ташқи эшитув йулидаги махсус безлар кулоқ чиркини ажратади ва бу чирк ҳимоя вазифасини бажаради. Ташқи эшитув йўлида чирк йиғилса, уни кунора уй шароитида бироз тозалаш мумкин. Бироқ чирк тиқин (пробка) шаклида бўлса, уни ЛОР шифокори ювиши лозим бўлади. Кун давомида қулоқни тез-тез тозалаш оқибатида ташқи эшитув йўлини жароҳатлаш мумкин.

Шавкат ОМОНОВ,

Яна ўқинг:  Ҳиндистонлик шифокорлар томонидан юртимизда бепул тиббий текширувлар ўтказилди

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: