Икки ёшгача бола парваришидаги муҳим қоидалар

Боланинг ақлий ва жисмоний ривожланишида атрофдаги муҳит, оила аъзоларининг меҳр-эътибори жуда катта аҳамиятга эга. Энди тили чиқаётган гўдак аввалига ўзлаштираётган сўзларини такрорлашни ўрганади, сўнг улар ёрдамида жумла тузиб, ўзини қизиқтираётган саволларни бера бошлайди. 1-1,5 ёшли болалар асосан ҳаракатли ўйинлар ўйнашни яхши кўради. Бу ёшда улар кийимларини мустақил равишда кийишга ҳаракат қилади. Кичик ҳикоя ва эртакларни қизиқиш билан тинглайди. Икки ёшгача бўлган болани, аввало, шахс сифатида қабул қилиш керак, дейди руҳшунослар. Зеро, ота-она шунга мувофиқ муомала қилса, бола ақлан ва жисмонан соғлом улғаяди.

Кичкинтой тинч ором олиши учун…


Биласиз, болалар хонаси ота-она ётоғидан алоҳида, ёруғ ва кенг бўлиши лозим. Икки ёшгача бўлган бола хонасида ортиқча нарсалар, масалан, телевизор, стол-стул бўлиши шарт эмас. Ёшига мос каравот, кичикроқ кийим жавони, ўйинчоқлари бўлса кифоя. Болакай ўз хонасида ёлғиз қолишдан қўрқмаслиги учун тунги ёритгич лозим. У бола каравотига яқин жойлаштирилади. Ёритгич ўйинчоқ шаклини эслатувчи, рангли, мусиқали бўлса, бола у билан овунади. Хона деразасининг кичик туйнуги бўлиши ва у об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, очиқ туриши керак. Зеро, хонада кислород айланиши яхши бўлса, кичкинтой тинч ором олади.

Қандай кийинтирган маъқул?


Ҳар бир ота-она фарзандининг мавсумий кийинишини назорат қилиши керак. Боланинг уст-боши об-ҳавога мос эмас, қалинроқ бўлиши керак, деган қараш мутлақо нотўғри. Болани сайрга олиб чиқаётганда, тепа қисми юпқа, белдан пасткиси нисбатан қалин кийим танланиши лозим. Шунда болакай кўп терламайди. Бемалол ҳаракат қила олади.
Маълум бўлишича, бола 18-20 ойлигидан бошлаб, тувакка ўтириш даражасига етади. Айнан шу пайтда у ўзининг хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик ҳиссини сеза бошлайди. Аммо бу бола бир ёшга тўлгач, бир марталик тагликлардан бутунлай фойдаланмаслик керак, дегани эмас. Мисол учун, тунда болакай тагини ҳўллаб қўяди ва у уйқусида безовталанмаслиги учун таг­ликдан фойдаланиш мумкин.
Бола қачонки эрталаб таги қуруқ уйғонса, шундагина тагликлардан воз кечса бўлади. Айрим кичкинтойлар тагликда ўзини ноқулай сезади ва кўп безов­таланади. Бундай вазиятда иложи борича тагликдан фойдаланмаган маъқул. Руҳшунослар ўта фаол болаларни тагликдан эрта ажратиш мақсадга мувофиқ, дейишади.

Тиббий кўриклар жуда муҳим


Педиатр, ортопед, ЛОР (томоқ, бурун кўп безовта қилса), бўқоқ касалликларининг олдини олиш ва даволаш мақсадида эндокринолог, шунингдек, инфекционист (бу ёшдаги болаларда гижжалар пайдо бўлиши кузатилади) ва невролог шифокорлар кўриги муҳим.

Эртак терапия – тасаввурни ривожлантиради


Боланинг ақлий ва жисмоний ривож­ланишида тўғри тузилган кун тартиби муҳим ўрин тутади. Кичкинтой ҳар куни бир вақтда, мисол учун, кечки соат 21:00 да ухлашга одатланиши лозим. Уйқуга ётишдан олдин қўл-оёқларини ювиш, кейинчалик тишларни тозалаш қоидаси ўргатилади. Сўнг эртак терапия ўтказилади.

Эътибор беринг, эртакдаги ижобий қаҳрамонлардан бирининг номи боланинг исми билан айтилиши керак. Болалар тасаввури ниҳоятда ранг-баранг. Агар ўз исмини мард, жасур баҳодир тимсолида эшитса, ўзида ана шу жиҳатларни шакллантиришга интилади. Босқинчилик, такаббурлик, маккорлик ҳақидаги эртаклар кейинчалик болада салбий одатларни пайдо қилиши мумкин.

Неча маротаба чўмилтириш керак?

Яна ўқинг:  Волейбол


Қиш мавсумида ҳафтада икки маротаба, баҳор ва куз ойларида ҳар икки кунда бир марта, ёзда эса ҳар куни бола чўмилиши керак. Бу шунинг учун керакки, кичик ёшдаги болалар, асосан тери орқали нафас олади. Тери бутунлиги сақланган бўлса, бола яхши ўсиб, ривожланади. Аксинча бўлганида, кунлар исиши билан қуёш нурининг танага тушиши секинлашади. D витаминининг парчаланиши сусайиб, рахит касаллиги авж олиши мумкин.

Чиниқтириш усуллари


Болаларни ҳаётининг илк кунлариданоқ чиниқтириш зарур, яъни очиқ ҳавога ўргатиш керак. Тоза ҳаво организмни мустаҳкамлайди, турли касалликлардан асрайди. Ҳаво ванналари билан чиниқтириш муолажалари эҳтиёткорлик ва аста-секинлик билан олиб борилади. Бола кийинтирилаётганида хона ҳарорати 20-22 даража бўлиши керак. Кичкинтой кунига 2-3 маҳал аввал 1-2 дақиқа, кейин 3-5 дақиқага яланғоч ҳолда ётқизиб қўйилади. Бунда хонанинг эшик ва деразаларини ёпиб қўйиш лозим. Ҳаво ваннасининг муддати аста-секин узайтирилиб, кунига 20-25 дақиқага етказилади. Аввал қўл-оёқ, кейин белигача, охирида эса бутунлай ечинтирилади.

Чиниқтириш усулларидан яна бири — сув муолажалари ҳам жуда фойдали. Совуқ кунларда эса баданни ҳўллаб артиш усулини қўлласа ҳам бўлади. Сув ҳарорати 35-36 даражадан бош­лаб, кунора 1 даражадан тушириб борилади. Чиниқтириш муолажалари вақтида гўдак безовталанса, тана вазни ошишдан тўхтаса, муолажаларни тўхтатиб, шифокорга мурожаат қилиш керак.

«Сени яхши кўраман, болажоним»


«Ухламасанг, сени айиққа бериб юбораман», «Даданг келсин, ҳаммасини айтиб бераман» каби сўзлар болада қўрқув ҳиссининг кучайишига олиб келади. У беихтиёр ён-атрофидаги воқеа-­ҳодисалардан ҳадиксирай бошлайди. Кейинчалик эса боладаги ўз «мени» секин-аста сўниши мумкин.
Бола неча ёшда бўлишидан қатъи назар, ота-она фарзандини бир кунда ўн мартгача бағрига босиши, уни яхши кўришини айтиши лозим. «Болажоним, мен сени яхши кўраман». Шунингдек, бола билан кўп суҳбатлашиш керак (у ҳали кичик, ҳеч нарсани тушунмайди, дейиш нотўғри). Кичкинтой ота-онасининг меҳр-муҳаббатини ҳис этиб улғайса, у, албатта, комил шахс бўлиб етишади.

Миттивойлар алифбоси


Кичкинтойнинг хатти-ҳаракатлари, юз-кўзига эътибор берилса, у нима истаётганини тушуниш мумкин.
– Бола атрофидаги бирор ўйинчоқ ёки буюмни диққат билан кузатиб, унинг ҳаракатини кўз қараши билан ифодалайди. Бу вақтда боланинг оғзи хиёл очиқ бўлиб, лаблари қимирлаб туради. Боладаги бу ҳолат ўйинқароқликка бўлган қизиқишни билдиради. Болага ўйинчоқ беришдан олдин унинг нималиги ва номини айтиб таништириш лозим.
– Лаблар бурчаги хиёл эгилган, қош­ларининг чимирилишидан бирор нимадан хафа бўлган одамни эслатади. Ҳар замон қисқа йиғи овозларини чиқариб, ўзига хос тарзда норозилик билдиради. Бу вақтда унга эътибор бериб, ором олиши учун ҳозирланмаса, инжиқлиги тутиб, йиғлаши аниқ.
– Кичкинтой ота-онасининг эътиборини жалб қилишни истайди: йиғлайди, бақиради, инжиқлик қилиб ўйинчоқларини улоқтиради. Эътибор берилса, бундай вақтларда унга қарашингиз билан лабига табассум югуради. Бу эса «мен зерикдим, бирга ўйнайлик», дегани.
– Бола юзи қизариб, кўзлари одатдагидан бироз катталашган, нафас олиши тезлашиб, лаблари билинар-билинмас титраб турибдими? Демак, кичкинтойнинг жаҳли чиққан! Бу ҳолатда унга ­эътибор берилмаса, бор овозда йиғлашга тушади.
– Яхшигина ўйнаб турган болакай бирдан безовталаниб, йиғлашга тушади. Юзларида бироз қизариш бўлиб, оёқларини қорнига яқинлаштириб зўриқиш билан ҳаракатлантиради. Бу ҳолат болакайнинг қорнидаги безовталикни билдиради.

Яна ўқинг:  Кардиологлар ҳаддан ташқари кўп меҳнат қилмасликни маслаҳат беради

Ҳамида РАЖАБОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: