Мутолаа шифо(ми?)

Китоб мутолааси нафақат инсон маънавияти, балки саломатлиги учун ҳам кони фойда эканини теран идрок этган ота-боболаримиз болалик чоғларимизданоқ бизни китоб ўқишга ўргатиб боришган. Қарангки, яқинда шифокорлар ҳам мутолаа жуда самарали муолажа эканини исботлашди. Ҳатто айрим шифохоналарда библиотерапия билан даволаш усули жорий этилган.

Олимларнинг хулосаларига кўра, бир кунда ярим соат вақтини мутолаага ажратиш орқали инсон ўзини руҳий безовталикдан ҳимоялаши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, кишини кўплаб оғир касалликлардан асрайди. Чунки руҳан нотинчликнинг ҳаддан зиёд кучайиши 40 фоиздан ортиқ ҳолатларда инфаркт ва инсульт хасталикларининг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Китоб ўқиш билан машғул бўлган кекса кишиларда хотира пасайиши, Альцгаймер хасталиги нисбатан кам учрар экан. Бу фикрни мутахассислар қуйидагича изоҳлашади: мутолаа мияни доимий тарзда машқ қилишга ундайди. Ҳаракатда бўлган мия эса чиниқиб бораверади.

Уйқу олдидан мутолаа қилиш тиниқиб ухлаш ва яхши тушлар кўришга тайёр ҳолатга келтирар экан. Айни пайтда жаҳондаги барча мутахассислар қоғозда чоп этилган китобларни ўқиш телефон экрани ёки компьютер орқали ўқишга нисбатан инсон соғлиги учун фойдалироқ, деб ҳисоб­лайдилар.

Аммо ҳар қандай асар ҳам шифобахш бўлмайди. Муолажага арзирли китобларни ҳар ким ўз диди, савиясидан келиб чиқиб танлаши мумкин. Муҳими, мутолаатерапиядаги асосий талабга риоя этиш лозим. Яъни асар қизиқарли бўлиши, ўқиш жараёни фақат ҳузур-ҳаловат бахш этиб қолмай, фикрлашга ҳам ундамоғи, ўйлашга мажбур этмоғи керак. Масалан, мумтоз асарлардаги бир маромда ечувчи ҳикоя услуби кишида турғун ва барқарор ҳис-туйғуларни уйғотади, ўқувчини хотиржамликка элтади. Детектив ва саргузашт асарлар эса диққат-эътибор, қунт-сабот ва кузатувчанликни чиниқтиради. Назмий асарлардаги аниқ ритм организмда кечаётган жараёнларни меъёрига келтиради, кайфиятни кўтариб, кишида ўз кучига ишонч уйғотади. Депрессия ҳолатларида, шунингдек, инсультдан кейинги дудуқланишни даволашда ҳам бу усул қўл келади.

Зуҳра ЭРГАШЕВА

Яна ўқинг:  ҚУЁШ ВАННАЛАРИ ҚОН БОСИМИНИ ТУШИРАДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: