Руҳиятни кўтармай туриб дардни даволаб бўлмайди

Шифокор. Бу сўз замирида бир олам маъно мужассам. Чунки угина инсониятнинг энг бебеҳо бойлиги – саломатлигига масъул ҳисобланади. Касални даволашда эса аввало хасталанган инсонни тушкунликдан чиқармай, руҳиятини кўтармай туриб, танадаги дардни бартараф этиб бўлмайди. Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланган айни кунларда соҳа вакиллари бу жиҳатни қайта-қайта таъкидлашгани ҳам бежизга эмас. 27 йиллик малакали шифокор ва ўз ишининг ҳақиқий устаси – Республика ихтисослашган фитизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази фитизиохирурги, тиббиёт фанлари номзоди Акром Эргашев ҳам фаолияти давомида бунга амал қилиб келаётган фидойилардан.

Акром Эргашев ширинсўз табиб энг кучли дори-дармондан ҳам муҳим, деган ота-боболаримизнинг иборасини юрагига жо қилиб иш олиб боради. Шу боис беморлари уни доим чеҳрасида балқиб турувчи самимий табассуми билан кўришади. Кўнглига умид ва далда берувчи кўрсатмаю маслаҳатларидан руҳи тетик тортади. Кайфияти кўтарилиб, қалбидаги умид учқунлари алангалана бошлайди.

– Аввало келган беморга касаллик ҳақида яхшилаб маълумот беришга интиламан, – дейди Акром Эргашев. – Бемор ўзида кечаётган жараёнларни яхши тушунса, аввало дориларини вақтида қабул қилиши, ҳар бир хатти-ҳаракати-ю муҳим кўрсатмаларга риоя қилишнинг аҳамиятини ҳам англаб етади. Шунингдек, танасида кечаётган ўзгаришларни илғай олади.

Бундан ташқари, беморлар билан уларнинг яқин инсонидек муомала қилишга ҳаракат қиламан. Чунки ҳушфеъл шифокорнинг беморлари тезроқ тузалади. Бу тиббиётда доим ўз исботини топган. Унинг кайфияти ва муомала маданияти беморга кўчади. Яхши кайфиятдаги инсоннинг касаллик билан курашувчанлиги ва иммунитети эса умидсиз ҳамда тушкун одамникидан катта фарқ қилади.
Қаҳрамонимизнинг айтишича, бугун мамлакатимизда сил касаллиги билан даволаниш кўрсаткичи яхши томонга ўзгарган. Яқин – 2000 йилларда ушбу касалликка чалинувчи беморлар сони тахминан 100 минг кишига 70 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам икки баробарга қисқарди. Аввало, бунга давлат миқёсида эътибор қаратилиб, соҳага янги технологиялар олиб кирилгани, шифокорлар малакаси оширилиб, янги тажрибалар ўзлаштирилгани туфайли эришилди. Масалан, силга чалинган беморни аниқлаш учун илгари 3-4 ойлаб вақт кетган бўлса, ҳозирда махсус лаборатория асбоблари ёрдамида беморнинг балғами текширилиб, 2 соат ичида, узоғи билан бир кунда жавобни олиш мумкин. Иккинчи сабаби эса касалликни келтириб чиқарувчи микробларнинг дориларга таъсирини аниқловчи таҳлиллар ўтказиш имкониятининг мавжудлигидир.

Силнинг дунёда ва мамлакатимизда ҳам жуда кўплаб турлари мавжуд бўлиб, олдинлари фитизиатр, пульмонологлар бир турдаги дориларни қўллар, маълум муддат ўтгач у фойда бермаса бошқа турдагиларни қўллашга ўтарди. Эндиликда эса бактерияларнинг экма таҳлил усуллари орқали дориларга таъсирчанлиги ўрганилади ва уларни нобуд қилган дори тури қўлланилиши туфайли беморлар тезроқ соғайиб кетмоқда.

Бундан ташқари, хирургик усулда даволаш йўналишида ҳам ўзига яраша такомиллашув бор. Масалан, илгари даволаш йўли билан тузалмаган беморларнинг ўпкасидаги яллиғланиш ўчоқлари операция йўли билан кесиб олинар, бунда ўпка қисми 15-20 см. узунликда кесиларди. Натижада ўпканинг ички қисми дарддан фориғ бўлишга бўлардию, аммо баъзида унинг ташқарисидаги катта кесилган жойда яллиғланиш пайдо бўлиб, тери битиши секин кечаётган беморларнинг тикилган соҳасига микроб тушиб қолар, айниқса, ёши катта беморлар бундай жараёнда қийналиб қолишарди. Ҳозирда эса торокоскопия, видеоторокоскопия каби махсус усуллар ёрдамида яра айнан ўпканинг қайси қисмида, қандай ўлчамда эканлиги юқори аниқликда кўринади ва катта кесмага ҳожат бўлмайди. Энг узоғи билан 5, аксарият ҳолларда 2.5-3 см. кесилади.

– Аммо бу кўрсаткичлар бизни қониқтирмайди, – дейди Акром Эргашев. – Баъзи мамлакатларда кўрсаткичлар биздагидан-да яхшиланмоқда. Масалан, Германия силни даволаш бўйича жуда яхши тажрибаларга эга ва кўрсаткичлар ҳам ҳавас қилгулик. Аҳолининг силга чалиниш статис­тикаси соғлом аҳолига нисбатан атиги 5-6 фоиз. Бундан ташқари, сўнгги йилларда бутун дунёда сил микробларининг ҳам антибиотикларга чидамли турлари пайдо бўлмоқда ва уларнинг учраши ҳам тезлашмоқда. Бу эса олимларимизни ва бизни мунтазам ўз устимизда ишлашга, ўрганишга чорлайди.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, касалликка чалинган беморларнинг ихтисослашган диспансерларга бормасдан, гап-сўз бўлишдан уялиб, одамлар эшитмасин деб, уйда пала-партиш дорилар ичиши, ўзбилармонлик қилиб назоратсиз даволаниши туфайли дориларга чидамли турнинг келиб чиқиши юзага келмоқда. Силнинг ушбу яширин даврида эса мунтазам дорилар ичилмагани оқибатида бактерия­ларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошиб кетади ва бундай беморларни тузатиш қийинроқ кечади.
– Ўзим ҳам кўп йиллик шифокорман, – дейди Тошкент вилоятидан келиб даволанаётган Абдунеъмат Эгамбердиев. – Шундан биламанки, тиббиёт соҳаси шифокордан нафақат билим ва тажрибани, балки ички сезгиларнинг кучли бўлишини ҳам талаб этади. Малакали мутахассис Акром Эргашевда эса айнан мана шу фазилатларни кўрдим. Бир ойдан буён шу ерда даволанаётган бўлсам, бу инсоннинг ўз касбига садоқат ва масъулият билан ёндашиши ва юксак профессионализмини алоҳида эътироф этган бўлардим. Нафақат ўз ишига бўлган муносабати, балки инсоний жиҳатлари, ҳар бир беморга бўлган ширин муомаласи ва гигиеник маданияти ҳам ибрат бўларли даражада эканига гувоҳман. Келганимда аҳволим унчалик яхши эмасди, шифокорнинг мотивацияси ва соғайишимга бўлган кучли ишонч уйғота олгани натижасида ҳозирда ўзимни анча яхши ҳис қиляпман.

Албатта, ҳар қандай касб эгаси ҳам бундай эътирофни эшитиш даражасига ўз-ўзидан эришиб қолмайди. Унинг замирида узоқ йиллик ҳалол меҳнат, кибрдан йироқ бўлиш, доим ўзини билимга ошно тутиб, малакасини ошириш ва касбининг моҳир устаси бўлиш ётади. Зеро, ана шу машаққатларга муносиб туриб бера олган инсонларгагина қаҳрамонимиз эришганидек муносиб бахт ва ҳурмат насиб этади. Юзлаб, минг­лаб беморлар дардига малҳам бўлиб келаётган, оилада эса рафиқаси билан икки ўғил, бир қизни олий маълумотли, муносиб инсонлар қилиб жамиятга қўшган Акром Эргашевга эса бу борада ҳар қандай инсоннинг ҳаваси келса арзийди. Улардек очиқ юзли ва моҳир тиббиёт ходимлари бор экан, юртдошларимиз албатта дардига даво топади.

Руҳшона ИЛАШОВА

Яна ўқинг:  Мутахассислар ишга велосипедда боришни маслаҳат беради

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: