БАЙРОҚ

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун

Юртим байроғини васф этар чоғи,
Кўнгиллар сув ичар, сўзларим — қайроқ.
Тоғлару боғларнинг дингдир қулоғи,
Қўл силкир қуёш ҳам — энг кўҳна байроқ…

Кўпириб-тошади томирларда қон,
Уйғониб Алпомиш отига минар.
Нафасим бўғзимга тиқилар шу он,
Энг қаттол душманим — мудроқлик синар…

Байроқ бўлгим келар байроққа боқиб,
Байроқ бўлишган-ку Тўмарис, Широқ.
Озодлик дарсига қўнғироқ қоқиб,
Жалолиддин келар қўлида чироқ…

Қанча-қанча юрт бор бу олам аро,
Байроғи бўлмаса барчаси бекор.
Ғафлатда ётмагай озод фуқаро,
Чин байроқ ухламас — ҳилпирар бедор…

Юртим байроғини васф этар чоғи,
Сўнгги сўзим будир: байроқ — муаллим.
Пахта чаноғию буғдой бошоғи,
Шундай бўлсин дея боқиб турар жим…

… Бирдан потраб кетар теграмда қушлар,
Хонишлари тутар мовий осмонни.
Дунё қўлларимдан маҳкамроқ ушлар,
Унга байроқ қилгум Ўзбекистонни!

Муҳаммад ВАЛИ

Яна ўқинг:  Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари Болгарияда ўтган халқаро мусобақада 2-ўринни эгаллади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: