12 ёш психологияси ёхуд ёш ота-оналарга маслаҳатлар

Нима учун айнан 12 ёш психологияси ҳақида ёзаяпман. Ҳадисда 12 ёшгача бўлган даврдаги тарбияга алоҳида урғу берилган. 12 ёшдан кейинги тарбия – бу кечиккан тарбия. Тарбия ҳомиладан бошланиши кераклиги, яъни она қорнидаги бола ҳамма нарсани тинглаб ётиши ва маълумотларни миясига ёзиб бориши ҳақида ҳам ёзилган. Бу кимгадир ғалати туюлмасин, бироқ бу бор гап. Яқин келажакда она қорнида энди ривожланаётган боланинг миясига ёзиб олинган хотира излари махсус аппаратуралар орқали биз ота-оналарга кўрсатиб берилса ёки эшиттирилса, ажаб эмас.

Ҳозир ҳомила даврини қўя туриб, 12 ёш психологиясига қайтсак. Муаммо шундаки, ота-она 18 ёки 20 ёшга тўлган фарзандига салом-аликни ўргата олмай, сўзини ўтказа олмай, иш буюра олмай сарсон. У энди аллақачон издан чиқиб бўлган фарзандини муллага ўқитиб кўради, психологга юбориб кўради, дўқ-пўписа қилади, “қачон сенга ақл киради” деб йиғлаб-ёлвориб кўради. Бироқ энди барчаси бефойда. Чунки бола тарбия рельсидан чиқиб бўлди. Бу уринишлардан фақат ота-она асаби бузилгани ва руҳияти эзилгани қолади, холос.

Нима учун айнан 12 ёш танланган деган савол туғилади? Гап шундаки, бош миянинг пешона қисмида префронтал соҳа бор. Фақат инсонларда бўладиган ушбу соҳа 12 ёшда анатомик жиҳатдан шаклланиб бўлади ва сўнгра у такомиллашиб боради, холос. Бу жойни “Олий аналитик марказ” деб атаса бўлади. Ушбу аналитик марказ шаклланиб бўлгач, бош мия атроф-муҳитдан келиб тушаётган маълумотларни кўр-кўрона тўплаш билан эмас, балки уларни мустақил равишда таҳлил қилиб, қарор чиқариш билан шуғуллана бошлайди. Бош мия 12 ёшгача нимаики тўплаган бўлса, кейинги ҳаёт шулар асосида шаклланиб боради. Агар шу давргача ота-она болага яхши тарбияни бера олмаган бўлса, яъни салом-алик, меҳр-муҳаббат, қадр-қиммат, меҳнат, эътиқод ва диёнатга ўргата олмаган бўлса, бундан сўнг ҳам ўргата олмайди. Ҳа, афсуски шундай!

Энди 12 ёшгача ва ундан кейинги даврнинг 12 хил сир-синоати, яъни сабаб ва оқибат орасида нималар ётганини кўрсатиб ўтамиз:

  1. Кап-катта бола нега ҳаром-хариш йўлларга кириб кетди, чунки 12 ёшгача бўлган даврда унинг луқмасига ҳаром-хариш аралашган;
  2. Кап-катта бола нега салом-аликни билмайди, чунки у 12 ёшгача салом-аликка ўргатилмаган;
  3. Кап-катта бола нега меҳнатдан қочади, чунки у 12 ёшгача меҳнатга ўргатилмаган, меҳнат – бу буюк тарбия эканлигини ота-онанинг ўзи ҳам англаб етмаган.
  4. Кап-катта бола нега ота-онасидан йироқ юришга интилади, ундан қочаверади, чунки 12 ёшгача бўлган даврда ота-она ҳам ундан йироқ юрган ва ёнида бўлишга вақт топмаган;
  5. Кап-катта бола нега китоб ўқимайди, илмга интилмайди, чунки 12 ёшгача бўлган бола ота-онасининг китоб ўқиганини кўрмай ўсган.
  6. Кап-катта бола нега каттани ҳурмат, кичикни иззат қилмайди, чунки 12 ёшгача унинг ўзига ҳам иззат кўрсатилмаган ва ҳурмат қилинмаган;
  7. Кап-катта бола нега ота-онаси, устозлари, қолаверса, жамиятга тажовузкор, чунки 12 ёшгача унга тажовузкор бўлишган ва жамият бола ҳақида қайғурмаган;
  8. Кап-катта бола нега ўғриликка қўл уриб жиноят йўлига кириб қолади, чунки у 12 ёшгача бола тўғрилик ва ўғрилик нималигини билмай ўсган ёки унинг кўз ўнгида ўғирликлар содир этилган;
  9. Кап-катта бола нима учун ҳеч ким билан мулоқотга кириша олмайди, нега унинг сўз бойлиги кам, оғзига мум солгандек жим туради, чунки у билан 12 ёшгача дилдан суҳбат қурилмаган, мулоқотда бўлинмаган;
  10.  Кап-катта бола нима учун ўзини-ўзи ҳимоя қила олмай, ёмон одамларга қўшилиб қолади, чунки 12 ёшгача у ҳимояга олинмаган ва “Сен ёмон боласан” деб миясига қуйиб келинган;
  11.  Кап-катта бола нима учун қўрқоқ ва ўз фикрини дадил айта олмайди, чунки 12 ёшгача ота-онаси – уйда, тарбиячи – боғчада, ўқитувчи – мактабда уни фақат қўрқитиб тарбиялаган;
  12.  Кап-катта бола нега дин нималигини билмайди, Оллоҳни танимайди, чунки 12 ёшгача болага бундай маълумотлар берилмаган ёки бу соҳада ота-онанинг ўзи илмсиз.

Зарифбой  ИБОДУЛЛАЕВ,

Яна ўқинг:  Протеин моддалар хатари

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: